Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:21

Тожикистонда Ваҳдат - Миллий ярашув куни нишонланди


Имомали Раҳмон келишувга мухолифлари ҳам имзо қўйганини ёддан чиқаришни маъқул кўрганга ўхшайди.
Имомали Раҳмон келишувга мухолифлари ҳам имзо қўйганини ёддан чиқаришни маъқул кўрганга ўхшайди.

27 июн куни Тожикистонда Миллий ярашув куни нишонланди. Бундан 14 йил аввал Москвада президент Имомали Раҳмон ҳукумати ва Бирлашган Тожик мухолифати ўртасида имзоланган келишув мамлакатдаги фуқаролар урушига нуқта қўйган эди. Сулҳ келишувининг асосий шартларидан бири ўлароқ мухолифат аъзоларига Тожикистон ҳукуматида ўрин берилиши керак эди. Келишув имзоланагач, Тожикистонда ҳақиқатан қуролли можаро тўхтади, бироқ сулҳни имзолашда қатнашган сиёсатчилар унинг миллат ичида муроса ўрнатилишига хизмат қилмагани ва тинчликнинг ўрнатилиши бугун фақатгина президент Раҳмоннинг ютуғи сифатида ташвиқот мақсадларида ишлатилаётганини айтмоқда.


1997 йил 27 июн куни Москвада Кремл воситачилигида Имомали Раҳмон, у пайтда ҳали Раҳмонов, ва Бирлашган тожик мухолифати ўртасида имзоланган сулҳ келишуви Тожикистонда беш йил давом этган фуқаролар урушига якун ясади.

Тожикистонда Ваҳдат (муроса) куни, деб нишонланадиган сана бу сафар ҳам ҳар йилгидек, катта тантана билан ўтказилди.

Якшанба куни сана муносабати билан Душанбедаги “Наврўзгоҳ” комплексида ўтказилган кўп минг кишилик маросимда нутқ сўзлаган Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон 14 йил аввал эришилган миллий ярашув “мамлакат ривожланишидаги муҳим босқич бўлди” дея таъкидлади.

Тожикистонда Ваҳдат - миллий муросага эришилгани президент Имомали Раҳмоннинг ютуғи сифатида тақдим қилинмоқда.
“Бу тарихий сана мустақил давлатимиз ривожланиши ва камол топишининг бошланиши бўлди ҳамда давлатимизда бунёдкорлик жараёнлари учун мустаҳкам ва қулай шароит яратди. Бугун Ватанимиз – Тожикистоннинг равнақи ва тинчлиги мустақиллик ва миллий бирликнинг мевалари эканини тўлиқ ишонч билан айта оламиз. Шунинг учун мамалактимизнинг ҳар бир фқуароси тинчлик, барқарорлик ва ҳотиржамлик учун миннтадорчилик ила миллий бирдамлик, давлатчилик асослари ва бунёдкорлик жараёнини мустаҳкамлаш йўлида қаттиқ ҳаракат қилиши лозим”, деди президент Раҳмон.

Бироқ 14 йил ярашув ҳужжатининг имзоланишидан аввал икки томон ўртасидаги музокараларда ва унинг бевосита имзоланишида иштирок этган сиёсатчилар келишувнинг шартлари бажарилмагани ва, айниқса бу воқеанинг бир шахс – президент Имомали Раҳмон номи билан боғланаётгани миллат ичида муросага эришилишига ғов бўлаётганини айтмоқда.

Хусусан, президент Ваҳдат куни тантанасида ярашиш тўғрисдаги келишувни Бирлашган Тожик мухолифати номидан имзолаган марҳум Саид Абдулло Нурийнинг номини тилга олмагани, мухолифат вакилларини тадбирга таклиф қилмагани бунга мисол, дейишмоқда сиёсатчилар.

Шу кунларда Тожикистон телевидениеси намойиш қилаётган келишувнинг имзоланиши тасвирланган лавҳалардан мухолифатчилар қирқиб ташланган ва ҳужжатни гўё президентнинг ўзи имзолаб, фуқаролар урушига якун ясагандек тақдим этилмоқда.

Мухолифатдаги Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий ҳукуматнинг бундай ҳаракати инсофдан эмас, дейди.

Саид Абдулло Нурий ҳам Миллий муроса келишуви остига имзо қўйган эди.
- Миллий муросанинг ўрнатилиши исталганда эди, тожикларга хос одамгарчилик юзасидан, тинчлик ўрнатиш йўлида ўз жонини берган инсонларни хотирлаб қўйиш лозим эди. Хусусан устоз Саид Абдулло Нурий ва ярашув комиссяисининг бошқа аъзолари Жумабой Ниёзов, устоз Латифий, Ҳабиб Сангинов каби оразимиздан кетганларни ёдга олиш керак эди менимча, дейди Кабирий.

1997 йилда Тожикистон ҳукумати номидан ярашув музокаралрида қатнашган, Тожикистон Халқ фронти ғояси ташаббускорларидан бири Иброҳим Усмонов келишув бугун маҳаллийчилик каби муаммони ҳал этган бўлса-да, уни ҳали ҳам ҳақиқий сулҳ келишув бўлган, деб атаб бўлмайди, дейди.

- Сулҳ келишуви 27 июн куни имзоландию лекин у тўлақонли тинчликка олиб келган сулҳ бўлмади. Тарих кўрстиб турибдики, миллий ярашувдан норози бўлган гуруҳлар ўртасидаги қарама-қаршиликлар яқингача ҳам давом этиб келди. Сулҳга эришлганига қарамасдан, миллий яравшудан кўзланган мақсадларнинг ҳаммаси ҳам амалга ошди, дея олмаймиз. Лекин жамиятдаги маҳаллийчилик кайфияти орадан кўтарилгани рост, дейди миллий ярашув комиссиясининг собиқ аъзоси Иброҳим Усмонов.


Бирлашган Тожик мухолифатининг собиқ етакчиларидан бири Хожи Акбар Тўражонзода миллий ярашув музокараларида ҳам, 14 йил аввал Москвада келишув имзолаш маросимида ҳам иштирок этган. У 1999 йилда бирлашган мухолифат сафидан чиқиши ва президентиликка Имомали Раҳмонов номзодини қўллаб қувватлашини эълон қилганиганидан кейин Тожикистон Ислом уйғониш партиясидан ҳам четлштирилган эди.

Хожи Акабар Тўражонзода Ваҳдат кунининг 14 йиллигини кўрган ягона мухолифат аъзоси, деса бўлади.
Тожикистоннинг собиқ муфтийси ва собиқ бош вазир ўринбосари Тўражонзода Озодлик билан суҳбатда фуқаролар урушига якун ясаган келишув бугун фақат президент Раҳмоннинг ютуғи сифатида тақдим этилаётгани борасида изоҳ беришдан бош тортди. Лекин у киши ҳам Ваҳдатдан кўзланган орзулар тўла амалга ошмади, деган фикрни илгари суради.

- Сулҳнинг маъноси жангларнинг тўхташи бўлса, яъни қуролли жангларнинг тўхтатиши бўлса, бу тўхтади. Лекин ваҳдат, яъни миллий муроса вужудга келмади. Ўзаро ярашув вуждга келмади. Томонларнинг бир-бирига ҳурмат-эҳтироми вужудга келмади. Аксинча, аввалги замонлардан кўра, халқнинг сиёсий ва диний эркинликлари кўпроқ чекланди. Урушдан аввалги йиллардан кўра, масалан, сайловларга чекловлар кўпайди. Яъни биз курашган халқ ҳокимияти ва демократия ҳукм сурадиган мамлакат шаклланди, деб бўлмайди, дейди Хожи Акбар Тўражонзода.

1997 йилнинг 27 июнида миллий ярашув келишуви имзоланганидан кейин ўтган 14 йил ичида Бирлашган Тожик мухолифатининг йирик намояндалари сиёсий саҳнадан четлаштирилди. Уларнинг баъзилари қамоққа ташланган бўлса бошқлари ўлдирилди ёки ўзлари вафот этди. Аслида Тўражонзодани Ваҳдат кунининг 14 йиллигини кўрган ягона мухолифат вакили, деб айтса бўлади.
XS
SM
MD
LG