Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:03

Ўшлик ўзбеклар болаларини рус синфларига бермоқда


Ўшдаги Калинин номли мактаб директорига кўра¸ ҳар тўрт ўзбек оиласидан учтаси ўз фарзандини рус синфига бермоқда.

Лайлак туманидаги қирғиз мактабларида ўзбек болаларни, ўзбек мактабларида қирғиз болаларни учратиш мумкин.

Ўш ва Лайлакдаги ўзбек мактаблар директорлари айтган бу гаплар қирғизистонлик сиёсатчиларнинг ҳам, маҳаллий ўзбеклар номидан баёнотлар бераётган баъзи арбобларнинг ҳам асл вазиятни билмасликларига далолат бўлиши мумкин.

********************************

Шу йилнинг 18 июн куни Бишкекда ўтган Қирғизистон Халқлари ассамблеяси қурултойида президент Ўтунбаева Қирғизистондаги бошланғич мактабларнинг барчасида таълимни қирғиз тилига кўчириш лозимлиги тўғрисида гапирган эди.

Кўп ўтмай баъзи бир ўшликлар, хусусан, Ўш шаҳар кенгашининг миллати ўзбек депутати Омонулло Иминов Қирғизистондаги ўзбек мактабларида ўқитишни қирғиз тилига кўчириш ташаббуси билан чиқди.

Жаноб Иминов Озодлик мухбири саволларига жавоб берар экан, “ўзбек мактабларида битта синф ўзбекча, битта синф қирғизча, битта синф аралаш бўлсин, деяпман”, деб, таклифини деталлаштирганига қарамай, ўтган йилги яраларидан ҳануз “қон силқиб” турган қирғизистонлик ўзбеклар депутатнинг ташаббусини оғир олди.

Бу Озодлик тингловчилари сайтимизда қолдирган шарҳлардан ҳам кўриниб турибди.

Масалан, Шуҳрат исмли ўшлик мана бу шарҳни қолдирди: “Омонилло капатангиз узгариб колибди акахон! Агар бошингдан утганда билардинг! охири вой бу ташаббусингни!”

Лекин Ўш шаҳридаги Калинин номидаги ўрта мактаб директори Аъзам Раҳимовдан эшитганларимиздан таълим тилини танлаш масаласидаги вазиятдан депутат ҳам, унинг танқидчилари ҳам хабарсиз, деган фикрга келиш мумкин.

Мамлакат ҳудудида иш топиш мушкуллиги, тирикчилик ўтказиш перспективалари тобора Россияга боғлиқ бўлиб қолаётгани учун тилга олинган мактаб микрорайонидаги ўзбеклар ўз фарзандларини рус синфларига беришга мажбур бўлмоқда.

Мактаб директори Аъзам Раҳимовнинг айтишича, ҳар тўрт ўзбек оиласидан учтаси ўз фарзандини рус синфига бермоқда.



Ўш шаҳридаги Калинин номидаги ўрта мактаб директори Аъзам Раҳимов Озодлик саволларига жавоб берди.

Жаноб Раҳимов бошқариб турган мактаб микрорайонида яшайдиган ўзбеклар ўз болаларини рус синфларига бераётганини бу мактабда азалдан рус синфлари борлиги билан изоҳлаш мумкиндир.

Бироқ маълумотларга қараганда, фақат ўзбеклар яшайдиган маҳаллалардаги ўзбек мактабларида ҳам кейинги йилларда рус синфлари очилмоқда. Бу ҳақда Аъзам Раҳимовдан ҳам ҳозиргина эшитдик.

Аҳвол шу тарзда кетаверадиган, республикадаги иқтисодий вазият яхшиланмайдиган бўлса, президент Ўтунбаева бўладими, бу йил сайланадигани – янги президент бўладими, қирғиз мактабларининг ҳам рус тилига ўтиб кетишидан сақлаб қолиши қийин бўлиб қолади.
Сиёсат Бишкекда, сиёсат Ўшда, чекка туманларда эса, оддий халқ – ўзбек билан қирғиз бир-бири билан муроса қилиб, “бу сенинг тилинг, буниси – меники” демай яшаб юрибди.

Ҳар ҳолда бу фикр Боткен вилояти, Лайлак туманидаги Заҳириддин Бобур номидаги ўрта мактаб директори Садриддин Камолов билан ўтказганимиз суҳбатдан сўнг пайдо бўлди.

Бишкек ва Ўшда миллатчилик авж олганига қарамай, директорнинг айтишича, баъзи қирғиз оилалари фарзандларини ўзбек мактабида, баъзи ўзбек оилалари фарзандларини қирғиз мактабида ўқитмоқда – осмон узилиб ерга тушгани йўқ.



Лайлак туманидаги Заҳириддин Бобур номидаги ўрта мактаб директори Садриддин Камолов билан суҳбатни тингладингиз.
XS
SM
MD
LG