Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:04

Назарбоевнинг касаллиги кимни қизиқтириши мумкин?


Каримов билан Назарбоев баъзан бир кўрпани баҳам кўришиларига тўғри келса-да, икки етакчи ўртасида ўзаро муттасил ва муросасиз рақобат борлиги айтилади.
Каримов билан Назарбоев баъзан бир кўрпани баҳам кўришиларига тўғри келса-да, икки етакчи ўртасида ўзаро муттасил ва муросасиз рақобат борлиги айтилади.

Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари ўртасидаги кўп йиллик рақобатдан келиб чиқиб, Ҳамбургда Нурсултон Назарбоевнинг простата бези операция қилингани ҳақидаги хабарни Ислом Каримов яқиндан кузатётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилса бўлади.


Ҳамбург-Эппендорф тиббиëт марказида ҳолландиялик мутахассис Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг простата безини операция қилгани айтилмоқда.

Бу ҳақда Reuters агентлиги Германияда чиқадиган Bild таблоидига таянган ҳолда хабар тарқатди.

“Жарроҳлик амалиётидан сўнг Қозоғистон президенти ўзини яхши ҳис қилаётган”ини ёзган Bild нашри операция тафсилотлари ва бунинг нима учун зарур бўлиб қолганига аниқлик киритмаган.

Айни пайтда Ҳамбург-Эппендорф тиббиëт маркази матбуот котиби мижозлар тўғрисидаги ҳар қандай маълумот сир тутилишини айтиб, мухбирларнинг бу ҳақдаги саволларига жавоб беришдан бош тортди.

71 ёшли Нурсултон Назарбоев 73 ёшли қўшниси Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов каби ўз мамлакатини 22 йилдан бери бошқариб келади. Нафақт Марказий Осиё, балки жаҳондаги энг авторитар ҳукмдорлар ҳисобланган Каримов ва Назарбоев ўртасида минтақа етакчиси, деган мақом учун кўп йиллик рақобат борлиги айтилади.

Бу рақобат кўп ҳолларда икки етакчининг шахсий ҳаётига кўчиши, хусусан, улар бир-бирининг соғлиғи ҳақида мунтазам маълумотлар тўплаши ҳақида Озодликка Қозоғистон Давлат хавфсизлик қўмитаси собиқ мулозими, Назарбоевнинг қувилган куёви Роҳат Алиев гапириб берган эди.

- Қозоғистон разведкаси Ўзбекистон ҳукумат мулозимларининг телефон сўзлашувларини мутлақо назорат қилиб туради. Ҳукумат амалдорларининг ички ëзишмалари ҳам диққат билан кузатилади. Сунъий йўлдош воситасида Ўзбекистон коммуникация тизимида мавжуд маълумотлар мунтазам олиниб турилади. Аммо бу қимматга тушаëтган кузатув миллий ва хавфсизлик манфаатлари учун эмас¸ балки Назарбоевнинг хархашаси учун ва унинг раъйига кўра қилинади. Бу кузатувлардан бирор-бир самара ëки фойда йўқ. Бу фақат Назарбоевнинг иззат-нафси, шуни истагани боис қилинади, деган эди Роҳат Алиев бундан икки йил аввалги интервью пайтида.

2009 йилда бўлиб ўтган суҳбатда иштирок этган Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ зобити Икром Ёқубов ҳам бу гапларни тасдиқлаб, ўзи ишлаган махфий идора таркибида бу мақсадлар учун ҳатто махсус бўлинма тузилганини ҳам айтган эди.

- 2002 йилда МХХ ичида бир бўлинма тузилди. Бўлинма Ўзбекистон президентининг шахсий ҳаëти билан қизиққанларни чалғитиш мақсадида дезинформация тарқатишга ихтисослашган. Бу кичкина идора 2002 йилда Каримовнинг оғир хаста экани ва яқин орада ўлиши ҳақида ëлғон хабар тарқатди. Бу ëлғон хабар Қозоғистон тарафга ҳам сиздирилди. Аммо ўша пайтда президент соғлиги яхши эди. У теннис ўйнар ва ҳовузда чўмилар эди, деган эди 2009 йилдаги суҳбат чоғида МХХ собиқ зобити Икром Ёқубов.

Агар икки собиқ жосуснинг айтганлари рост бўлса, президент Каримов ҳамкасби соғлиғи ҳақидаги хабарларни яқиндан кузатаётган бўлиши мумкин. Ва шу пайтгача Ислом Каримовнинг соғлиғи ёмонлашганига оид миш-мишлардан ташқари, жиддий гаплар бўлмагани инобатга олинса, Нурсултон Назарбоев Германияда даволанмоқда деган хабар Ўзбекистон раҳбари фойдасига битта катта очко ёзилишини англатади.

Bild Hamburg нашрининг хабар қилишича, Назарбоевга Ҳамбург-Эппендорф касалхонасида муолажа олишига Германия Ташқи ишлар вазирлиги кўмаклашган.

Расмий Берлин Назарбоевнинг Ҳамбургда эканидан бехабарлигини айтиб, бу гапларни инкор қилган бўлса-да, айнан Германия Ташқи ишлар вазирлиги 2005 йилда Андижон қирғинидан кейин виза чеклови рўйхатига тушган Ўзбекистон собиқ ички ишлар вазири Зокир Алматовнинг Ҳанновердаги касалхонада саратон касаллигидан даволанишига кўмаклашганини эслаш лозим.
XS
SM
MD
LG