Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:41

Ашхобод “ликопча”лардан тозаланади


Туркманистон президенти Қурбонғули Бердимуҳаммедов Ашхободдаги турар-жойлар томлари ва олд томонларига ўрнатилган сунъий йўлдош антенналарини йўқ қилишни буюрди.

Бу ҳақда хабар қилган Регнум ахборот агентлигига кўра, куни кеча ўтказилган ҳукумат мажлисида Бердимуҳаммедов пойтахт уйларининг томларидаги кўплаган бу антенна-ликопчалар Ашхободнинг меъморий кўринишида салбий акс этаётганини айтган.

Айни пайтда Туркманистон президенти ашхободликларни “ахборот очлиги”дан сақлаш мақсадида кўп қаватли уйларни кабел телевидениеси тармоғига улашни таклиф қилди.

Бу вазифани мамлакат бош вазирининг ўринбосари Назарғули Шағулиевга топширган президент кабел телевидениеси тармоғи ўтказилганидан кейин зарурат қолмайдиган сунъий йўлдош антенналарини йўқ қилишни ҳам буюрди.

Кузатувчилар президентнинг бу топшириғига эстетик мулоҳазаларгина эмас, сиёсий ва ижтимоий мулоҳазалар ҳам сабаб бўлган, деган фикрдалар. Хусусан, Бердимуҳаммедовнинг бу қарорини ашхободликларни “номақбул ахборот майдони таъсиридан ҳимоя қилиш” истаги билан изоҳлаш мумкин. Кабел телевидениесида эса, кузатувчиларга кўра, хоҳлаган пайтда хорижий телеканаллардаги “кераксиз ва зарарли” кўрсатувларни эфирга бермай қўйиш ва уларни заҳирадаги бошқа кўрсатувлар билан алмаштириш имконияти мавжуд бўлиб, бу ишни дўндириб амалга оширадиган хайрихоҳ кимсалар бошқа мамлакатларда бўлгани каби Туркманистонда ҳам истаганча топилади.

Аснода Туркманистонда мамлакат ичига “одамлар онгини заҳарлайдиган ахборот” киришига тўсиқ қўйиш билан бирга юрт ичидаги “хорижга чиқмаслиги керак бўлган маълумотлар”нинг ташқарига чиқиб кетишининг олдини олиш бўйича ҳам чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Telegraph.co.uk нашрининг ёзишича, туркманистонлик тартиб посбонлари Ободонда содир бўлган портлаш ҳақида фотосурат ва видеороликларни Интернетга жойлаштирган маҳаллий блоггерларни қўлга олиш ва сўроқ қилиш билан шуғулланмоқдалар.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, мустақил матбуот бўлмаган Туркманистонда нафақат журналистлар ва фуқаролик жамияти фаоллари, балки эркин фикр айтишга журъат қилган ҳар қандай одамни қўлга олиш ва сўроққа тутиш одатий ҳол бўлиб ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG