Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:33

Четда ўқиган талабалар экстремизмда айбланмоқда


Тожикистон президенти даъватига кўра шу кунгача хорижда ўқиётган 1800 нафар тожикистонлик талаба ўз юртига қайтарилган.
Тожикистон президенти даъватига кўра шу кунгача хорижда ўқиётган 1800 нафар тожикистонлик талаба ўз юртига қайтарилган.

Хорижий мамлакатлар мадрасаларидан ватанига қайтарилган 22 нафар тожикистонлик жиноий жавобгарликка тортилди.

Диний экстремизмда айбланиб жиноий жавобгарликка тортилган 22 нафар тожикистонликнинг ҳаммаси Хатлон вилоятидан.

Улар ўтган йили маҳаллий ҳукуматлар олиб борган тадбирлар доирасида Афғонистон ва араб мамлакатларидан ортга қайтарилган эди.

Ортда қолаётган ҳафта бошида Хатлон вилоят прокуратураси бу фуқароларни экстремистик ташкилотларга аъзо бўлиб кирганлик ва бошқа ёшларни ҳам шунга даъват этганликда гумонлаб жиноий иш қўзғади.

- Ҳуқуқ-тартибот идоралари хориждан қайтган ёшларимизнинг диний экстремизм ва террор гуруҳларга қўшилиб кетмаслиги, улар ғояларини жамиятда тарғиб этмасликлари учун қатор чора-тадбирларни йўлга қўйганига қарамай, улар орасида ана шундай жиноий гуруҳларга аъзо бўлаётган ва улар адабиётларини ёшлар орасида тарқатиш билан машғул бўлаётган шахслар қўлга олинди, - дер экан Хатлон вилоят прокурори ёрдамчиси Толибжон Азимов айни пайтда ана шундай ёшлардан 22 нафарига нисбатан 13 та жиноий иш очилганини билдирди.

Вилоят прокуратураси расмийсига кўра, бу ёшлар фаолияти республика ҳудудида таъқиқланган ташкилотлар аудиоёзувлари ва варақаларини тарқатган ҳамда ўз тенгқурларини ана шундай ташкилотларга аъзо бўлишга даъват этган.

Азимов жаноблари уларнинг шундай оғир жиноятларга қўл уришида биринчи галда маҳаллий ҳукуматларни айблайди. Прокуратура маъсули фикрича, маҳаллий ҳукумат вакиллари бу ёшларни зарур машғулотлар ва иш жойлари билан таъминлай олмагани уларнинг ана шу йўлга кириб қолишига туртки бўлган.

Ўтган йили президент Имомали Раҳмон чет элларда таҳсил олаётган тожик ёшларидан экстремист ва террорчи тайёрланаётгани сабабли уларни ортга қайтариш зарурлигини таъкидлаганидан кейин бу мамлакатда ёшларни оммавий хориждан қайтариш кампанияси бошланиб кетганди.

Расмий маълумотларга кўра, шу кунгача тахминан 1800 нафар тожикистонлик ватанига қайтарилган. Ўшандан 900 нафари Хатлон вилоят фуқароларидир. Бироқ расмий маълумотларга кўра, юртидаги ишсизлик боис ана шу ёшларнинг 225 нафари меҳнат муҳожирлиги баҳонасида яна Тожикистондан чиқиб кетган.

Аснода бир гуруҳ мустақил таҳлилчилар ёшларнинг фаолияти таъқиқланган Салафия, Таблиғ жамоати, Ўзбекистон исломий ҳаракати ва Ҳизбут-Таҳрир каби гуруҳлар домига тушиб қолаётганининг асосий сабаби мамлакатдаги қашшоқликда, деб билади.

- Кўпинча кам таъминланган оилалар фарзандлари ана шундай гуруҳлар даъватига ошиқади. Ундан ташқари, ёшларни диний таълимдан мажбурий четлатиш ҳам уларнинг ўзлари сезмаган ҳолда жиноят оламига кириб қолишларига туртки бўлмоқда, - дейди мустақил таҳлилчи Муҳаммадиқбол Имомиддинов.

Таҳлилчи фикрича, хориждаги таълимдан мосуво бўлган ва ўз дини, мазҳаби бўйича таълим олишга муштоқ ёшларнинг диний таълим олишларига шароит яратиб берилмаса, келажакда уларнинг жиноий гуруҳларга қўшилиб кетиши жамиятда тенденцияга айланиши мумкин.

Покистон мадрасаларининг собиқ талабаси, хатлонлик Аҳмад эса ҳукуматнинг хорижда диний таълим олаётган ёшлардан террорчи ва экстремист тайёрланаётганига оид иддаоларида ҳеч бир асос йўқлигини айтади.

- Мен Покистон мадрасасида фақат Ҳанафия мазҳабига доир таълим олганман. Дарсларимиз Ислом дини, тарихи билан боғлиқ мавзуларда бўлган, - дейди хатлонлик 22 ёшли Аҳмад.

Айни пайтда ўз юртида диний таълимдан йироқ ва бекорчиликдан зериккан Аҳмад маҳаллий ҳукумат масъуллари хориждан қайтган ёшларга тазйиқни тўхтатмаса, ортга қайтарилган ёшлар ўз хавфсизлиги нуқтаи назаридан мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишлари мумкинлигини айтади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошида Хатлон вилоятининг турли туманларидан бўлган олти оила бошлиғи ҳам фарзандини хорижда таҳсил олишига имконият яратиб бергани учун жиноий жавобгарликка тортилган эди.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, айни пайтда уларнинг ҳаммаси республикада эълон қилинган амнистияга тушган.
XS
SM
MD
LG