Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:51

Нозим Мажид ад-Дейрави: Ислом нафақат дин, у ҳаёт тарзи!


Нозим Мажид ад-Дейравининг янги китоби.
Нозим Мажид ад-Дейравининг янги китоби.

Санкт-Петербургда “Рус мумтоз шеъриятида Қуръон ва Муҳаммад пайғамбар”, деб номланган асар нашрдан чиқди. Асар муаллифи Мустақил рус-араб маданий маркази директори доктор Нозим Мажид ад-Дейрави Озодлик саволларига жавоб берди.


Россия маданий пойтахти Санкт-Петербургда рус шеърияти тадқиқотчиси доктор Нозим Мажид ад-Дейравининг “Рус мумтоз шеъриятида Қуръон ва Муҳаммад пайғамбар”, деб номланган тўплами араб ва рус тилларида чоп этила бошлади.

Тўпламга XIX– XX аср бошларида ижод қилган рус шоирларининг араб-мусулмон маданиятидан илҳомланиб яратган асарлари киритилган, дейди Озодлик билан суҳбатда асар муаллифи, тарих фанлари номзоди, асли ироқлик доктор Нозим Мажид ад-Дейрави.

- Бу тўпламга 12 та рус шоири, жумладан, Г. Державин, А. Пушкин, А. Шишков, П. Ободовский, Ю. Лермонтов, Я. Полонский, И. А. Бунин, К. Д. Бальмонт ва бошқалар асарлари киритилган. Бу китобни яратишдан мақсад – араб-ислом тематикасининг буюк рус шеъриятига таъсирини ўрганишдан иборат эди. Изланиш асосан икки йўналиш бўйича олиб борилди. Биринчидан, ўша даврда Қуръоннинг таъсири остида ёзилган юзлаб асарларни аниқладим. Бу асосан XIX аср бошларидан бошланган, чунки айнан шу даврда Муқаддас китобнинг рус тилига таржималари кенг тарқала борди,- дейди рус адабиёти тадқиқотчиси.

Доктор ад-Дейрави сўзларига кўра, Ислом ва араб маданиятига қизиқиш чор империясида Шарқ маданияти ўрганила бошлаши ва Қуръони Каримнинг таржималари пайдо бўлиши билан бошланди.

“Рус тилига Қуръони Карим 1716 йилда Пётр 1 буйруғига биноан Постников томонидан ўгирилгани тахмин қилинади”, - дея давом этади Нозим ад-Дейрави.

- Лекин бу таржима кенг жамоатчилик орасида чоп этилмади, чунки буни Пётр шахсан ўзи ва бошқа амалдорлар учун таржима қилдирган. Ўша даврда Пётр жуда жанубий қўшнилари, айниқса Туркия, Кавказ, Марказий Осиё, Эрон ва бошқа мусулмон давлатлари билан жуда қизиқаётган эди. Кейинчалик пайдо бўлган кўплаб таржималар сўзсиз бу асарга рус адабиёт намояндаларининг қизиқишини жалб қилди. Мен уларнинг шеърларида нафақат арабча ритм ва қофия, ўхшатиш ёки ибораларнинг мавжудлигини қидирдим, биринчи навбатда бу асарларда Қуръон ва Исломнинг руҳий-маданий элементларини изладим,- дейди доктор ад-Дейрави.

Асар муаллифининг сўзларига кўра, бу даврда буюк немис шоири Иоганн Гёте каби қатор Европа адиблари ҳам Қуръон ва Ислом тематикасига қизиқиши катта бўлган.

Нозим ад-Дейравининг фикрича, Ислом маданиятининг Европага таъсири Ғарбда бошланган мустамлакачилик давридан авж олди.

“Иккинчидан, мен рус шеъриятида Муҳаммад Пайғамбаримиз (с.а.в.) қолдирган маданий меърос кўринишларини, умуман исломий маданиятнинг таъсирини изладим”, дейди у.

- Ғарб элитаси Ислом билан қизиқа бошлади, мусулмон дунёси билан тил топишга интилди. Моддий тараққиётга эришаётган Ғарб мамлакатлари жиддий маънавий муаммоларга дуч келди. Бу муаммоларнинг ечими эса Ислом маданияти ва унинг Муқаддас китобида излай бошлади. Эътибор беринг, бу муаммолар бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган, яна Ғарб ва Шарқ ўртасида айрим тушунмовчиликлар пайдо бўла бошлади, яна Ислом маданиятига қизиқиш ошиб боряпти. Дунёнинг тўртдан бир қисмини эгаллаб келаётган Ислом оламисиз Ер юзини тасаввур қилиб бўлмайди!- дейди Нозим ад-Дейрави.

Русшунос олимнинг айтишича, Германияда сўнгги йилларда асосан эркаклар Исломни қабул қилган бўлса, Россияда аёллар қабул қилган. “Бунга сабаб, Иттифоқ тарқалганидан кейин пайдо бўлган маънавий вакуумни турли сохта ғоялар эгаллай бошлади. Эркакларга нисбатан интизомлироқ бўлган рус аёллари Исломда нажот топа бошладилар. Ислом нафақат дин, у ҳаёт тарзи”, дейди у.

Доктор Нозим Мажид ад-Дейрави ўзбек маданияти, ўзбекларнинг Ислом тараққиётига қўшган ҳиссасига юқори баҳо берди. Шунга қарамасдан, Озодлик билан суҳбатда у Ўзбекистон билан биринчи учрашуви кўнгилсиз воқеа билан якунланганини ҳозиргача афсус билан эслашини гапирди.

- Мен Ўзбекистонда 90 йиллар ўрталарида бўлган эдим. Биласизми, у ерда нохуш бир воқеа рўй берди. У ерга мен сайёҳ сифатида борган эдим. Мен иорданиялик дўстим билан Андижон шаҳрида маҳаллий масжидга бориб келганимиздан кейин меҳмонхонада бизни кутиб турган милиция, махсус хизмат ходимлари олиб кетди. Бўлимда бизга нега бу ерга келганимиз, Андижонда нима қилиб юрганимиз, нима учун намоз ўқиётганимиз ҳақида ажойиб саволларни бера бошлашди. Мен уларга Россия Фанлар академияси илмий ходими эканимни айтдим. Биз Самарқанд, Бухоро, Хива каби машхур диёрларни кўргани келган эдик, холос. Энг қизиғи, милиция ходимлари менга нафақат менинг рус тилини билишим ва фан номзоди эканимни, балки “Арабистондан” келганимни айб сифатида кўрсатишди! Мен уларга “Арабистон” деган давлат йўқ-ку”, дейишимга қарамасдан, у мендан “нега Арабистон йўқ экан?!” дея хафа ҳам бўлди,- дейди ироқлик олим.

Ниҳоят, 20 доллардан жарима солиниб, Самарқанду Бухорони кўрмасдан Ўзбекистондан чиқариб юборилган “арабистонлик” сайёҳ Нозим ад-Дейрави замон ўзгарса, албатта Ўзбекистонни яна зиёрат қилишини айтди.

Суҳбатимиз сўнггида у Ўзбекистондан бундай ҳолатда чиқариб юборилганига қарамасдан ўзбек шарқшунос ва исломшунос олимлари ҳақида жуда яхши фикрда эканини айтди.

Доктор Нозим Мажид ад-Дейрави Мустақил 1957 йилда Ироқнинг Басра шаҳрида туғилган, рус-араб маданий маркази директори, тарих фанлари номзоди, Россия Фанлар академиясининг Осиё ва Африка мамлакатлари адабиёти бўлимининг илмий ходими, Санкт-Петербург университетининг тарих-филология факултетини битирган, Ливан, Тунис, Жазоирда журналист сифатида фаолият юритган.
XS
SM
MD
LG