Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2023, Тошкент вақти: 21:29

Тожик суди рус учувчиларига белгиланган жазони енгиллатиши мумкин


Тожикистонда рус учувчилари Владимир Садовничий ва Алексей РУденко қамоқдан озод қилиниши мумкин.
Тожикистонда рус учувчилари Владимир Садовничий ва Алексей РУденко қамоқдан озод қилиниши мумкин.

Тожикистонда қамалган рус учувчилари Владимир Садовничий ва Алексей Руденко иши қайта кўриб чиқилади.

23 ноябр куни Хатлон вилоят маҳкамаси Россия фуқароси Владимир Садовничий ва Эстония фуқароси Алексей Руденко ишини қайта кўриб чиқади.

Шу ўринда айтиб ўтсак, 15 ноябр куни вилоят прокуратураси ҳам Қўрғонтепа шаҳар маҳкамасининг Садовничий ва Руденкога нисбатан чиқарган ҳукми устидан вилоят маҳкамасига эътироз йўллаган эди.

Хатлон прокурори муовини Афзалали Иззатов.
Хатлон прокурори муовини Афзалали Иззатов.
Хатлон вилоят прокуратураси хулосасига кўра, шаҳар суди икки учувчига жуда оғир жазо қўллаган. Прокурор муовини Афзалали Иззатов фикрича, шаҳар суди ҳукм чиқариш чоғида Россиянинг Тожикистон иттифоқчиси эканини назарга олиши лозим эди.

Вилоят маҳкамасидаги ишончли манбанинг Озодликка маълум қилишича, душанба куни учувчилар аризаси билан бирга вилоят прокуратурасининг эътирози ҳам кўриб чиқилади.

Афзалали Иззатов учувчиларга нисбатан аввал чиқарилган ҳукм қамоқсиз жазо ҳукми билан ўзгартирилиши мумкинлигини айтди.

- Бизнинг вилоят судига эътирозимиздан мақсад, учувчиларга белгиланган жазони енгиллаштиришдир. Маҳкама жазони енгиллаштириб, минимал жазо, масалан, жарима солиши тўғрироқ бўларди, - деди вилоят прокурори муовини Иззатов.

“Ролкан” ширкати учувчилари россиялик Садовничий ва Эстония фуқароси Руденко шу йил баҳорида чегарани ноқонуний кесиб ўтганлик, контрабанда ва халқаро парвоз меъёрларини бузганлик айби билан Қўрғонтепа шаҳрида хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

8 ноябр куни Қўрғонтепа суди рус учувчиларининг ҳар бирини 8,5 йилданга озодликдан маҳрум этган эди.

Учувчилар билан боғлиқ жанжал туфайли Россиядан тожик меҳнат муҳожирлари депортация қилинмоқда.
Учувчилар билан боғлиқ жанжал туфайли Россиядан тожик меҳнат муҳожирлари депортация қилинмоқда.
Сўнгги икки ҳафта давомида Россия Тожикистон томони билан мазкур ҳукм юзасидан кескин баҳсга киришди. Кремл расмий Душанбедан Садовничий ва Руденкога нисбатан ҳукм бекор қилиниб, улар зудлик билан қўйиб юборилишини талаб қилди.

Аммо Москва талаби тожик расмийлари томонидан эътиборга олинмади. Бу орада юзлаб тожикистонлик меҳнат муҳожирлари Россия ҳудудидан деппортация қилинди.

Россиядаги тожик меҳнат муҳожирлари ташкилотларидаги маълумотларга кўра, 11 ноябрдан шу кунгача 1500 нафар тожикистонлик меҳнат муҳожири қўлга олинган. Расмий маълумотларда айтилишича, ҳозиргача 60 нафар тожикистонлик юртига деппортация қилинган.

Кузатувчилар мулоҳазасича, бу тадбирлар рус учувчиларининг Қўрғонтепада қамалиши билан боғлиқдир.

Ўтган ҳафтада тожик жамиятидаги айрим сиёсий доиралар ҳукумат давлатлараро муносабатлардаги кескинликни юмшатиш учун зарур чоралар кўрмаса, рус-тожик муносабатлари янада ёмонлашуви мумкинлигидан огоҳлантирганди.

"Ролкан" ширкати расмийси Валерий Пфефер Тожикистондан келтирилган зиён ундирилиши учун халқаро судга мурожаат қилинишини билдирди.
"Ролкан" ширкати расмийси Валерий Пфефер Тожикистондан келтирилган зиён ундирилиши учун халқаро судга мурожаат қилинишини билдирди.
Мустақил таҳлилчиларга кўра, Хатлон вилоят маҳкамасининг келгуси ҳафтада қабул қилиши кутилаётган қарори нафақат учувчилар Садовничий ва Руденко, балки миллионлаб тожикистонлик мардикорлар тақдирини ҳал қилади.

Аснода Садовничий ва Руденконинг оқловчиси Ғулом Бобоев вилоят маҳкамаси Қўрғонтепа шаҳар маҳкамаси ҳукмини бекор қилиши мумкинлигига шубҳа қилмайди. Зеро, оқловчига кўра, ҳукм ўта адолатсиз ва оғирдир.

- Тожик томони учувчилар “Flight Plan”, яъни парвоз режасисиз Кобулдан Тожикистон ҳудудига учганларини даъво қилмоқда. Делода ана шу ҳужжатларнинг ҳаммаси бор, ингилиз ва рус тилида тўлдирилган. Агар бу ҳужжатлар бўлмаса самолёт нима асосида парвоз қилади? Хуллас ҳимоямдаги Садовничий ва Руденкога эълон қилинган айблов маҳкама жараёнида ўз тасдиғини топмади ва ҳукм адолатсиз бўлди, - дейди оқловчи Бобоев.

Адвокат Бобоев Қўрғонтепа шаҳардаги вақтинча сақлаш қамоқхонасида сақланаётган учувчилардан бири Алексей Руденко юрак хуружидан шикоят қилаётганини маълум қилди. Руднекога ташхис қўйган шифокор, у бу касалликка стресс ва қаттиқ асабийлашиши оқибатида йўлиққанини айтган.

Айни пайтда “Ролкан” ширкати учувчилари ва самолётларини ҳибсга олган Тожикистон томонини халқаро судга беришини маълум қилган.

- Иккита самолётимиз олти ойдан кўпроқ Тожикистон ҳудудида ушлаб турилгани ортидан жуда катта иқтисодий зарар кўрдик. Биз кўрилган зарарларимизни ҳисоб - китоб қиламиз ва ниҳоят мана шу ишда қўли бўлган шахсларни маҳкамага тортиб, зарарларимизни қоплашини талаб қиламиз, - деди мазукр ширкатнинг учувчилар устидан суд жараёнини бевосита кузатган вакили Валерий Пфефер .

Сал аввалроқ Тожикистон оммавий ахборот воситалари расмий манбаларга таянган ҳолда, Хатлон вилоят прокуратурасида “Ролкан” ширкати бош директори Сергей Полуяновга нисбатан жиноят иши очилганини ва унга халқаро қидирув эълон қилинганини хабар берганди.

Бироқ кўп ўтмай бу маълумотлар Тожикистон Бош прокуратураси томонидан расман инкор қилинди.
XS
SM
MD
LG