Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:55

Ўзбекистонда касса аппаратлари устидан назорат кучаяди


Ўзбек солиқчилари бундан буён харидор қиёфасида синов харидини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлдилар.


Ўзбекистон савдо шаҳобчаларидаги назорат-касса аппаратларини текшириш тартиби янгиланди.

17 ноябр куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилиниб¸ 1 январдан кучга кирадиган қарорга кўра, янги йилдан солиқ ходимлари қонунбузарлик ҳолатини аниқлаш учун харидор қиёфасида махфий текширув ўтказишга ҳақлидирлар.

- Мазкур чора савдо шаҳобчаларида даромадларни яшириш, солиқдан қочиш ва шунга ўхшаш кўзбўямачилик ҳолатларини камайтириш мақсадида амалга оширилмоқда, деб билдирди Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси ходимларидан бири.

Авваллари ҳам солиқ идоралари ходимлари тез-тез харидор қиёфасида текширувларни ўтказар, лекин ушбу амалиёт қонунчиликда кўзда тутилмаган эди.

Эндиликда солиқ идоралари ходимлари берилган чекларни касса аппарати хотираси билан солиштириш ҳуқуқига ҳам эга бўлишади.

- Агар солиқ ходимлари назорат-касса аппаратидан фойдаланишда қонунчилик бузилганини аниқлашса¸ улар аппаратни олиб кетишлари ва мустақил ташқилотларга экспертиза учун беришлари ҳам мумкин. Экспертиза учун тўловлар ўша хўжалик юритувчи ширкатдан ундириб олинади, деди ўз исмини айтишни хоҳламаган Давлат солиқ қўмитаси ходими.

Norma.uz сайти мутахассисларига кўра, бундан буён хўжалик юритувчи субъектдан назорат-касса аппаратини таъмирлашга беришдан олдин солиқ идорасидан рухсат олиш талаб этилади.

Айни пайтда¸ аппарат ишламай турган пайтда амалга оширилган харидлар солиқ идораси берадиган квитанция орқали рўйхатга олиб борилиши керак бўлади.

Ўзини Арслон деб таништирган хоразмлик савдогар мамлакатнинг кўпгина савдо шаҳобчаларида касса-аппаратлари хўжакўрсин учун тургани, асосий харидлар уни четлаб амалга оширилишини тасдиқлайди.

- Бу аппаратлар номига турибди. Масалан¸ мен биламан савдо-сотиқни 90 фоизи бу аппаратларда қайд этилмайди. Шу билан даромад яширилади. Бу Ўзбекистонда одатий ҳолку, дейди Арслон.

Тошкентлик тадбиркор Тоҳир Собиров эса назорат-касса аппаратларини текшириш тартиби ўзгаргани билан даромадларни яшириш, солиқдан қочиш каби ҳолатлар камаймайди, деган ишончда.

- Ислоҳотни солиқ идоралари ходимларини ўзларидан бошлаш керак, ахир уларнинг ўзлари даромад яширилишига йўл қўйиб беришадику. Солиқ идоралари ходимларига харидор сифатида савдо шаҳобчаларидаги назорат-касса аппаратларини текширишларига қонуний тус берилар экан, менимча бу порахўрлик кўпайишига олиб келади, холос¸ дейди тошкентлик тадбиркор.
XS
SM
MD
LG