Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2023, Тошкент вақти: 10:26

Тожикистонда бир йилда икки юз террорчи қўлга олинди


Тожикистон Бош прокурори ўринбосари Абдуқодир Муҳаммадиевнинг айтишича, 2011 йилда қўлга олинганларнинг 53 нафари террорчилик ҳаракатларида иштирок этган.
Тожикистон Бош прокурори ўринбосари Абдуқодир Муҳаммадиевнинг айтишича, 2011 йилда қўлга олинганларнинг 53 нафари террорчилик ҳаракатларида иштирок этган.

Расмий маълумотда айтилишича, қўлга олинганларнинг асосий қисми Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзоларидир.

Тожикистон Бош прокурори биринчи муовини Абдуқодир Муҳаммадиев 2011 йил давомида мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари 198 нафар террорчи ва экстремистни қўлга олганини билдирди.

Расмийга кўра, жиноий жавобгарликка тортилганларнинг юз нафари Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзосидир

. - Айни пайтда Сўғд вилоят судида ўрганилаётган яна 33 та жиноят иши ҳам айнан мана шу террор гуруҳи аъзоларига нисбатан очилган, - деди Абдуқодир Муҳаммадиев.

Бош прокурор муовинининг таъкидича, ҳибсга олинганлардан 53 киши террорчилик ҳаракатларида бевосита иштирок этган.

Маълумотларда айтилишича, террорчиликда айбланаётганларнинг кўпчилиги Сўғд вилоятининг Истаравшан туманида истиқомат қилган.

Тожикистон Бош прокуратураси масъуллари журналистларга матбуот анжумани берган 10 январ куни Истаравшан туманидан Душанбе шаҳрига бир неча юз километр йўл босиб келган аёллар прокуратура биноси ёнида тўпланган мухбирларга фарзандлари ноҳақ қамалганидан шикоят қилдилар.

-Менинг икки ўғлимни номоз ўқигани учун ҳибсга олишди. Ҳибсга олаётганларида шундай айб қўйганди. Кейинчалик уларни қийноққа солиб, оғир статияларни қўйди. Болаларим қилмаган гуноҳи учун қамоқда ўтирибди. Яқинда ҳукм ўқилиши айтилди. Бир йилдан буён арз қилмаган идорам қолмади, аммо ҳеч ким арзимга қулоқ солмаяпти,- дея зорланади фарзандларининг хавфсизлиги нуқтаи назаридан исмини ошкор қилмаган аёллардан бири.

Ўтган йил охирида Сўғд вилояти маҳкамасида Ўзбекистон Исломий ҳаракатига аъзоликда айбланган 53 нафар шахсга нисбатан ҳукм ўқилган эди. Сўғд вилоятининг Истаравшан, Исфара ва Спитамен туманлари фуқаролари бўлган 53 киши Хўжанд шаҳридаги уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси минтақавий бўлими ҳудудида рўй берган худкушлик хужумида ва Ўзбекистон Исломий ҳаракатига алоқадорликда гумонланиб, 2011 йил бошида ҳибсга олинган эди.

Ёпиқ эшиклар ортида ўтган маҳкама уларнинг тўрт нафари - Фирдавс Каримов, Соҳиб Собитов, Исматулло Додоев, Зафар Каримов ва Акмал Ҳошимовни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Судланганларнинг яқинлари ва оқловчилари Озодлик мухбири билан суҳбатда айбланувчилар қийноқлар остида иқрорлик кўрсатмаси берганларини айтганди.

Шунингдек, уларнинг айтишича, суд ҳукми оқловчилар иштирокисиз ўқилган ва бу мамлакат қонунчилиги ҳамда халқаро меъёрлар талабига зиддир.

Тожикистон расмийлари Ўзбекистон Исломий ҳаракати мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид эканидан бонг уриб келади. Шунинг учун бўлса керак, бу ташкилотга аъзоликда гумонланиб қўлга олинган шахсларга нисбатан одатда оғирроқ жазо белгиланади
XS
SM
MD
LG