Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 08:26

Ўғилми ё қиз - кимга боғлиқ?


Хотинидан ўғил туғиб беришни талаб қиладиган мусулмон эркаклар, ўғилни ҳам, қизни ҳам Ўзи беришини эсдан чиқармаслиги, ундан ташқари бу масала кўпроқ ўзларига боғлиқ эканини билиб қўйсалар фойдадан ҳоли бўлмасди, дейди кузатувчию мутахассислар.
Хотинидан ўғил туғиб беришни талаб қиладиган мусулмон эркаклар, ўғилни ҳам, қизни ҳам Ўзи беришини эсдан чиқармаслиги, ундан ташқари бу масала кўпроқ ўзларига боғлиқ эканини билиб қўйсалар фойдадан ҳоли бўлмасди, дейди кузатувчию мутахассислар.

Афғонистон полицияси қиз туққани учун хотинини бўғиб ўлдирганликда гумон қилинаётган эрни қидирмоқда. Қундуз вилоятида рўй берган ҳодиса қурбони 28 ёшли Стораи исмли аёлни, учинчи марта қиз туққани учун эри ва қайнонаси ўлдиргани айтилмоқда. Бу воқеа аксар мусулмон жамиятлари, хусусан ўзбеклар орасида ҳам ўғил кўришга мойиллик ҳодисасини эслатади, дейди кузатувчилар. Шу пайтгача ўзбек эркаги қиз туққан хотинини ўлдиргани ҳақида эшитилмаган бўлса-да, бу масала устида ўзбек оилаларида жанжал чиқиши ҳоллари кўп учрайди. Бироқ мутахассислар фарзанднинг жинси биринчи навбатда эркак кишига боғлиқ эканини айтишади.


Афғонистоннинг Қундуз вилояти полицияси учинчи қиз туққани учун ўлдирилган 28 ёшли Стораи исмли жувоннинг қайнонасини ҳибсга олгани айтилмоқда. Уни ўтган якшанба куни бўғиб ўлдирганликда гумон қилинаётган эри, айтилишича у жанггари гуруҳи аъзос бўлган, ҳозирда полиция томонидан қидирилмоқда. Бу одамнинг минтақадаги жанггари гуруҳи ичида яширингани тахмин қилинмоқда.

Кузатувчилар Афғонистонда аёллар кўп ҳолларда оилавий зўравонлик қурбонлари бўлишини айтишади. Яқинда 15 яшар келинчак ўзидан икки баробар катта эри ва унинг оила аъзолари томонидан бир неча ой давомида қийноққа солингани ҳақидаги воқеа кўпчиликни даҳшатга солган эди.

Афғонистонда ёш аёлнинг қиз туққани учун ҳаётидан маҳрум қилингани аксар мусулмон жамиятларида ўғил кўриш истаги кучлилиги билан боғлиқ муаммоли ҳолатни эслатади.

Хусусан, ўзбек эркакларининг ҳам бирин-кетин қиз туғиб берган, ёки биринчисини ўғил туғиб бермаган хотинининг дилини хуфтон қилиши ҳоллари кўп учрайди. Тошкентлик икки ўғил онаси Клара опа бу муаммо ҳатто ўзбекча телесериаллада ҳам тез-тез кўтарилади, дейди.

- Албатта мусулмонлар орасида асосан мана шу ўзбекларда кўпинча ўғил фарзанд кўришликни эркаклар кўпроқ хуш кўришади. Мана ҳозир телевизорда Ўзбекистон каналида “Опа-сингиллар” деган видеофилм бўлаяпти. Ўшани ҳар кун кўриб бораяпман. Ўшанда ҳам келини учинчисига қиз туққани учун ҳам қайнонасининг отношениеси ёмон бўлиб қолди. Ҳозирги замонда орамизда бор нарса бу.

Клара опа, Афғонистонда қиз туққан ёш аёлни ўлдиршда ўғлига ёрдам берган, ёки 15 ёшли келинчакни қийнашда иштирок қилган афғон қайнонаси билан ўзбек қайноналари орасида ўзига хос ўхшашлик борлигини айтади.

- Асосан кўпинча қайноналар айбдор бўладида. Ҳозир берилаëтган видеофилм ҳам ҳаëтдан олинган бўлса керак. Ҳадеб ўғли ишдан келса ҳам “Сенинг зурриëдинг қолмайдими? Хотининг ўғил кўрмайдими? Бунинг онаси ўзи уч қиз туққан экан. Ҳадеб қиз туғаверадими” деб масалан ўғлини гиж-гижлаб ëтибди. Ҳаëтда бор нарсаларда булар.

Ахир қайнонанинг ўзи ҳам аёл кишику, у туғилган пайтда ҳам отаси хурсанд бўлгандир, деган мулоҳазаларни ҳам ўртага ташлайди Клара опа. Бундан ташқари, дея давом этади суҳбатдошимиз, аёл кишининг ихтиёрида бўлганида, эри истган ўғилни туғиб бермасмиди?

- Бу нотўғри. Қизни ҳам, ўғилни ҳам бергувчи Оллоҳку. Аëл киши ўзи яратмайдику. Ўғил бўлишини, қиз бўлишини олдиндан билмайдику. Буни фақат Оллоҳ таоло беради. Ўшани тушуниб масалан имонли эътиқодли одам албатта қизми ўғилми бунга шукроналар айтиши керак. Оллоҳ томонидан берилган неъматга шукр қилиб, инсон қўли билан яратмаслигини тушуниб етиши керакда. Мен ўзим қизим бўлмагани учун аксинча қизни яхши кўраман. Қизим бўлса эди деб орзу қилардим. Оллоҳнинг иродаси экан иккита ўғлим бор Худога шукур, дейди тошкентлик икки фарзанд онаси Клара опа.

Албатта, Клара опа айтганидек, ўғилми, қизми – Ўзи бергувчидир.

Бироқ замонавий медицина фарзанднинг ўғил ё қиз бўлиши кимга боғлиқ бўлишини аниқлашда ҳам маълум натижаларга эришган. Тиббиёт олимлари ўтказган кўплаб тадқиқотлар бола жинси биринчи навбатда эркак кишига боғлиқлигини кўрсатган.

Мутахассисларга кўра, аёлларда фақатгина Х, яъни қизлик хромосомаси бўлади, эркакда эса ҳам X, ҳам Y, яъни эркак хромосомаси бўлади. Бола жинсини эса хромосомаларнинг икки бирикмаси белгилайди булар XX ва XY комбинацияларидир. XX бирикмасида қиз туғилади, XY комбинациясида эса ўғил туғилади.

Айнан эркак уруғидаги X ва Y хромосомаларидан қайси бири аёлни уруғлантиришда “уддабуронроқ” бўлишига қараб ўғил ё қиз туғилиши масаласи ҳал бўлади, дейди мутахассислар.
XS
SM
MD
LG