Линклар

Шошилинч хабар
11 октябр 2024, Тошкент вақти: 17:32

Отаева: Қорига қарши суиқасд буюртмачилари Тошкентда


Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси Обид қори Назаровга қарши суиқасдда Тошкент ҳукуматини айблаб чиқди.

Францияда жойлашган ташкилот Европа Иттифоқи ҳамда Қўшма Штатлар ҳукуматларини Швецияда таниқли ўзбек имомига қарши уюштирилган суиқасдни обдон тергов қилишга чақирди.

Ассоциациянинг даъвосича, 22 феврал куни Швециянинг Стормшунд шаҳрида Обид қори Назаровга қарши суиқасд Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан уюштирилган.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Отаева ушбу жиноят буюртмачилари Тошкентда экани ҳақида гапиришга тўла асос борлигини айтади.

- Бу жиноят Каримов режими тарафидан уюштирилган ва буни сиёсий қотилликка уриниш, халқаро террор амали деб қараш керак, - дейди Отаева.

Ўз сўзининг тасдиғи сифатида ҳуқуқ ҳимоячиси Обид қори Назаровга суиқасд уринишидан олдин ўзбек матбуотида унга қарши кенг миқёсли иғво кампанияси уюштирилганини эсга олади.

- Обид қори Назаровга суиқасд сўнгги йиллар давомида ўзбек режими мухолифларига қарши уюштирилган бир қатор буюртма қотилликларнинг узвий давомидир, - дейди Отаева.

Бундан аввал Франциядаги “Ўт юраклар” клуби ҳамда “Сиёсий тадқиқотлар маркази” Обид қори Назаровга қарши суиқасд юзасидан халқаро тергов ўтказиш чақириқлари билан чиққанди.

Германия парламентидаги Яшиллар партияси вакили Виола Фон Крамон ҳам Швеция ҳукуматини ўзбекистонлик имомга нисбатан суиқасд уриниши юзасидан жиддий тергов ўтказишга чақирганди.

- Обид қори Назаровга нисбатан суиқасднинг барча тафсилотлари ҳозирча бизга аён эмас, лекин сентябр ойида Россияда Фуад Рустамхўжаевнинг ўлдирилиши ортидан рўй берган бу ҳодисани швед ҳукумати синчковлик билан тергов қилиши ва унинг ортидаги эҳтимолий сиёсий мотивларни ўрганиши керак. Агар бу ишга ўзбек махсус ҳизматларининг алоқадорлиги аниқланса, Европа Иттифоқи бунга муносиб сиёсий жавоб қилиши лозим бўлади,- деб таъкидлаганди Виола Фон Крамон.

Обид қори Назаров 22 феврал куни соат 12 лар атрофида намоздан уйига қайтаётганда уни ўз подъезди олдида кутиб турган номаълум киши яқин масофадан туриб ўққа тутган.

Назаровнинг ҳозирда аҳволи оғир экани айтилади.

Таниқли имом 2006 йилдан бери Швецияда яшаб келади.

Президент Ислом Каримовнинг ашаддий душманларидан ва ўзбек маъмуриятининг энг таниқли танқидчиларидан бири бўлган имомга расмий Стокҳолм сиёсий бошпана берган.

Ўзбекистон ҳукумати Обидхон қори Назаровни "Ваҳҳобийлик" диний-сиёсий оқимининг Ўрта Осиёдаги раҳнамоларидан бири сифатида кўради.

У Тошкентда ўтган 10 йил ичида амалга оширилган қатор қотилликлар ва ҳужумлар ортидан турганликда айбланган.

54 ёшли Обид қори Назаров бу айбловларни тўлиқ инкор қилиб келади.
XS
SM
MD
LG