Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:00

Эрон сайловида режим тарафдорларининг ғолиб бўлиши кутилмоқда


Эронликлар парламент сайловида овоз бермоқда. Етакчилари уй қамоғида сақланаётган ислоҳотчиларнинг аксари сайловга бойкот эълон қилган.

2 март кунги сайловда Эрон парламентидаги 290 та ўрин учун 3 минг 400 номзод кураш олиб бормоқда.

Теҳрондаги сайлов участкаларидан бирида овоз берган Эроннинг Олий руҳонийси Оятулло Али Хоманаий сайловда иштирок этиш ҳар бир эронликнинг вазифаси эканини урғулади.

- Менинг маслаҳатим, одатдаги маслаҳат. Бу сайлов ҳаммамиз учун масъулият. Айни пайтда, бу бизнинг ҳуқуқимиздир. Биз ушбу ҳуқуқимиздан фойдаланиб, ўз мажбуриятимизни бажаришимиз лозим,- дея баён қилди Эрон Олий руҳонийси.

Теҳрондаги сайлов участкасида собиқ Эрон президенти Али Акбар Хошимий Рафсанжоний ҳам Эрон ҳукуматининг юқори лавозимли расмийлари билан бирга овоз берди.

Эрондаги ахборот агентликлари хабарига кўра, овоз бериш давом этаётган бир пайтда “саботажчилар” деб аталган 10 нафар шахс қўлга олинган.

Форс ахборот агентлиги хабарига кўра, сайловчилар хавфсизлигини таъминлаш учун масъул бўлган Муҳаммад Нақи Боқерий улар “Теҳронга хориждан келгани”ни айтган.

Таҳлилчилар Хоманаийга иттифоқчи бўлган номзодлар сайловда муваффақиятли иштирок этишини таҳмин қилмоқда.

Эрон Олий руҳонийси тарафдорлари президент Маҳмуд Аҳмадийнажод ва унинг ҳукуматини мамлакат иқтисодиётини ривожлантира олмагани учун кескин танқид қилган.

Жума кунги сайловдан кейин Эроннинг ташқи сиёсатида жиддий ўзгариш кутилаётгани йўқ. Боиси парламент мамлакат иқтисодий ҳаётида катта ўрин тутади холос.

Бироқ 2 март кунги сайлов натижаси 2013 йилда Маҳмуд Аҳмадийнажод ўрнига янги президент сайлаш жараёнига таъсир этиши мумкинлиги айтилмоқда.

Эронда 48 миллион одам овоз бериш ҳуқуқига эга.

Эрон парламенти аъзолиги учун сайлов жараёнини бирорта мустақил кузатувчи кузатаётгани йўқ.

Қароргоҳи АҚШда жойлашган Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти сайловда қатнашиш учун рухсат берилган номзодларнинг аксари ҳукмрон режим тарафдорлари бўлгани учун сайловни “мутлақ адолатсиз” деб бахолади.

Эрондаги сайловда бюллетенлар қўлда саналгани учун 2 март кунги парламент сайловининг дастлабки натижалари якшанба куни кечқурун эълон қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG