Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:43

Олимпиада машъаласи Британияга келтирилди


2012 йилги Ёзги Олимпиада машъаласи 17 май куни Афина шаҳрида ëқилди.
2012 йилги Ёзги Олимпиада машъаласи 17 май куни Афина шаҳрида ëқилди.

19 май куни Ёзги Олимпиада машъаласини Британия шаҳарлари бўйлаб кўтариб югуриш эстафетаси бошланади. Олимпиада мусобақаларига старт берилганига қадар машъалани қарийб саккиз минг киши галма-гал кўтариб югуриши режаланган.


Лондонда 27 июл куни очиладиган Ёзги Олимпиада ўйинлари олдидан Олимпиада машъаласи Британия бўйлаб 70 кунлик сафарини бошлади.

Олимпиада машъаласи эстафетаси шанба куни Англия жануби-шарқида жойлашган Лэндс Эндда бошланди.

Биринчи эстафетада машъалани яхтада сузиш бўйича уч карра Олимпиада олтин медали соҳиби бўлган Бен Эйнсли кўтариб югурди. У Ройтерс мухбирига катта ҳаяжон билан машъалани кўтариб югурганини айтди.

- Бу жуда ажойиб. Корнволлда ўсиб улғайган мен каби инсон учун Лондон 2012 Олимпиадаси машъаласининг мамлакат бўйлаб эстафетасини шу ердан бошлаш жуда фахрли, - деди Бен Эйнсли.

001 рақамли майкада Олимпиада машъаласини кўтариб Лэндс Энд кўчалари бўйлаб югурган Эйнслини юзлаб одам қарсаклар билан кутиб олди.

Кейин Эйнсли машъалани 18 ёшли серфер (сув чанғичиси) Анастасия Свалловга топширди.

Лондонга етиб келиб Ёзги Олимпиада мусобақаларига старт берилгунига қадар машъала Британия бўйлаб 13 минг километрлик йўлни босиб ўтиши режаланган.

1019та катта ва кичик шаҳарлар ҳамда қишлоқлар бўйлаб олиб ўтиладиган Олимпиада машъаласини қарийб 8000 спортчи кўтариб югуради.

Олимпиада машъаласи 3-7 июн кунлари Шимолий Ирландия ва Ирландия Республикаси ҳудудлари бўйлаб олиб ўтилганидан кейин яна Британияга қайтади.

Олимпиада машъаласини турли ёшдаги одамлар кўтариб югуради. Улар орасидаги энг кекса одам 100 яшар аёл бўлади.

Бундан ташқари собиқ ва ҳозирги Олимпиада чемпионлари, шунингдек, Афғонистон урушида яраланган аскарлар ҳам машъала кўтариб югуриш эстафетасида иштирок этадилар.

Олимпиада машъаласи 19 май куни Лэнд Эндга Кулдроуз флот станциясидан ҳарбий денгиз флотига қарашли қидириш ва қутқариш вертолётида олиб келинди.

Машъала Кулдроузга жума куни кечқурун Афинадан махсус рейсда келтирилган эди.

Олимпиада машъаласини келтирган самолёт бортида Британия маликаси Анна, Олимпиада ўйинлари раиси Себастян Коэ, Лондон мэри Борис Жонсон, футбол бўйича Англия терма жамоасининг собиқ сардори Дэвид Бекхэм бор эди.
XS
SM
MD
LG