Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:05

Гулноранинг тўйлари боис қариялар пенсиясиз қолди


Андижон пенсионерлари нафақаларини ўз вақтида ола олмай овора. Айтилишича¸ президентнинг тўнғичи ўтказган "мажбурий хайрия" тўйларидан сўнг вилоят банкларида нақд пул муаммоси юзага келган.

Бу ҳақда хабар қилган Озодликнинг Андижондаги мобил мухбирига кўра, вилоят пенсионерларига нафақаларини бериш кечикмоқда.

“Нега пенсия пуллари вақтида берилмаяпти деган савол берсак, пенсия таркатувчилар, Гулнора Каримова уюштирган тўйларга накд пуллар кетиб колди. Шунинг учун накд пул йук, деб жавоб килишяпти”¸ дея хабар қилди Озодликнинг мобил мухбири.

Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида яшовчи 67 яшар пенсионер Адҳам ака май ойидаги нафақа пулини ҳали олмаганлардан бири.

"Мен почтага борсам нақд пул йўқ дейишди. Пенсия пуллари озгина кечикади. Кейин берамиз дейишди менга" дейди шаҳрихонлик қария.

Озодлик мухбирининг ўрганишича, Андижон шаҳрининг айрим маҳаллалари, жумладан, 2 ва 7 –маҳаллаларда ҳам пенсия ва ёш болаларга бериладиган нафақа пулларини бериш кечикмоқда.

Аҳолига нафақа пулларини тарқатиш билан шуғулланувчи асосий ташкилот бўлган "Андижон почтаси"нинг пенсия пулларини тақсимлаш бўлимининг ўзини таништирмаган ходими вилоятда нафақа пулларини бериш кечикаётганини тасдиқлади.

- Пенсиямиз май ойиники июн ойига қолиб кетди нақд пул билан таъминланмаганимиз сабабли¸ деган расмий нақд пул йўқлиги асл сабабини очиқлашни истамади:

- Билмайман. "Агробанк" деган банкимиз пулни бермади. Шунинг эвазига қолиб кетдик. Энди уни бугун эрта бир-икки кунда бериб юборади, кейин тарқатамиз. Айб бизда эмас. Банкдан бериши керак эди. "Агробанк" бермади, деди "Андижон почтаси" ходими.

"Агробанк"нинг Андижон вилоят бўлимининг маъсул ходими ҳам пенсия пуллари кечикаётганини тасдиқлади, бироқ буни пенсия тарқатилиши билан боғлиқ зарур ҳужжатларнинг банкка келиб тушмагани билан изоҳлади.

Андижондаги нақд пул етишмовчилигини ўрганган мустақил таҳлилчининг, ўз шахсини ошкор қилмаслик шарти билан айтишича, вилоятда нақд пул етишмаслиги президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг ташаббуси билан ўтган хайрия тўйларига маҳаллий тадбиркорлар маблағининг жалб қилиниши билан боғлиқ.

“Мингта никоҳ ва суннат тўйлари доирасидаги тадбирлар Андижонда ҳам ўтди. Вилоятдаги бирорта тадбиркор бу тадбирдан четда қолмади. Ҳокимликлар бошчилигида тадбиркорлардан мажбурий хайрия пуллари ундирилди. Ва нақд пул топшириш режасига ўтган икки ойда кўз юмишди. Шунинг натижасида вилоятда нақд пул етишмовчилиги юзага келди” дейди андижонлик мустақил таҳлилчи.

"Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси (Фонд Форум )да ишлайдиган ходиманинг айтишича, ҳақиқатдан ҳам Фонд Форум ўтказаётган тўйларга маҳаллий тадбиркорлар ҳомийлик қилади.

“Тўй харажатларини маҳаллий ҳокимликлар ўз зиммасига олади. Телевизор, велосипед ва бериладиган бошқа совғаларни ҳам тадбиркорлар кўтаради. Биз Тошкентдан GULI кўйлакларини олиб борамиз. Кейин ҳар бир тўй соҳибларига Фонд Форумнинг табрик битилган ёрлиғи берилади”¸ деди Фонд Форумнинг исмини ошкор қилмаётганимиз ходими.

Май ойи охирида Андижон вилоятининг олтита тумани - Қўрғонтепа, Жалолқудуқ, Избоскан, Бўз, Асака, Шаҳрихон туманлари ва Андижон шаҳрида Гулнора Каримованинг ташаббуси билан хайрия тўйлари ўтказилди.

Фонд Форум маълумотига кўра, жорий йил бошидан буён мамлакат бўйича мазкур лойиҳа доирасида жами 410 та никоҳ тўйи ва 481 та суннат тўйи ўтказилди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:07 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG