Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2023, Тошкент вақти: 22:44

Тошкент метроси вагонларига камера ўрнатилади


Тошкент метрополитени.
Тошкент метрополитени.

Тошкент метрополитени станцияларининг барчасига камералар тўла ўрнатилганини айтаётган мутасаддилар эндиликда вагонларга ҳам кузатув камералари ўрнатилишини таъкидламоқдалар.

Кунига 180-200 минг йўловчи ташийдиган Тошкент метрополитенида фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини қўриш мақсадида бугунги кунда яхлит хавфсизлик тизими ишлаяпти. Бу ҳақда Газета.уз онлайн-нашри Тошкент метрополитени раҳбари Бахтиёр Содиқов сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Унинг айтишича, платформага тушиш ва барча вагонларга ўрнатилган чироқли кўрсаткичларда йўловчилар ва ходимларни огоҳликка даъват этувчи шиорлар жойлаштирилган.

Шунингдек, поезд ҳаракати чоғида янграйдиган ахборот матнига хушёр бўлиш ва эгаси йўқ шубҳали предметларни топиб олган тақдирда амалга ошириш зарур бўлган ишлар ҳақидаги қўшимча маълумотлар киритилган. Бу хабар ҳар бир станцияда йўловчилар поездга чиқаётган ва тушаётган пайтда эшиттирилади.

Бу йил Тошкент метрополитени очилганига 35 йил тўлади. Аслида пойтахтдаги ерости йўли 1972 йилдан қурила бошлаган. 1977 йилда метронинг Чилонзор йўли ишга туширилган. 1984 йилдан бошлаб Ўзбекистон йўли, 2001 йилдан эса Юнусобод йўли фаолият кўрсатмоқда. Умумий узунлиги 39 километрни ташкил қиладиган бу уч йўлда 29 та станция жойлашган.

Жорий йилнинг ўтган беш ойи мобайнида 24,5 миллион йўловчи ташилганини айтган Тошкент метрополитени мутасаддилари ҳозирда поездларни янгилаш бўйича Россиянинг “Метровагонмаш” ширкати билан музокара олиб борилаётганини билдирдилар.

Пойтахт метрополитени раҳбари Содиқовга кўра, бу музокаралар йил охиригача якунланиши кутилмоқда, пировардида Россия ширкатидан умумий ҳисобда 30 та вагон сотиб олиб мўлжалланмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда Тошкент метрополитенида ишлатилаётган вагонлар ўтган асрнинг 80-йилларида келтирилган. Бу вагонларга ишлаб чиқарувчи завод 50 йил кафолат бергани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG