Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:47

Каримов журналистларни дадилликка ундади


27 июн куни ўзбекистонлик журналистларни касб байрами билан табриклаган президент Каримов уларга ўз миннатдорчилигини изҳор қилди ва уларни янада дадилроқ бўлишга чақирди.

Ислом Каримов фикрича, бугунги кунда ўзбекистонлик журналистлар олдида бир қанча долзарб вазифалар турибди. Хусусан, “биринчидан, доимо изланиш, қўлга киритилган ютуқларга берилмасдан, уларга маҳлиё бўлмасдан, мақтанмасдан, кимнидир улуғлаш йўлига ўтмасдан, авваламбор, маррани баланд қўйиб, ҳаёт воқелигини ҳаққоний ва холис акс эттириш талаб қилинади;

иккинчидан, ҳаммамизга аёнки, ўз олдига мақсад қилиб қўйган марраларга эришиш учун журналист ўзини аямасдан, профессионал билим ва савиясини, маҳорат ва тажрибасини ошириш учун ўз устида тинимсиз ишлаши, меҳнат қилиши, турли синовлардан муносиб ўтиши зарур;

учинчидан, бундай юксак даражага кўтарилиш учун бу касбни танлаган ҳар қайси инсонга мардлик, фидоийлик ва жасорат керак, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан;

тўртинчидан, ўз касбига садоқатли бўлиш, уни севиш, авваламбор, эскича қараш ва аломатлардан воз кечиш учун журналист бошқаларга нисбатан олдинги сафда бўлиши, ўз ҳаётий принципларидан қайтмасдан, виждон амри билан яшаши лозим”, дея санайди президент Каримов.

Демак, Каримовнинг талабларидан келиб чиқилса, ўзбекистонлик журналистлар олий мартабали шахслар ҳақида маддоҳлик билан ёзмаслиги, хусусан, президентни ҳам улуғламасликлари ҳамда Ўзбекистондаги воқелик қандай бўлса, шундайлигича ёзишлари, бу йўлда ўзларини аямасликлари, виждони буюргандай иш тутишлари лозим.

Айни пайтда президент Каримов ўзбекистонлик журналистларни “фаоллик ва жасоратга” рағбатлантириши мумкин бўлган таклифни ўртага ташлайди.

“Матбуот сўзининг таъсирчанлигини ошириш, энг муҳим чиқишларга жамоатчилик эътиборини қаратиш учун биринчи навбатда самарали фаолият кўрсатадиган аниқ тизим ташкил қилиш керак, деб ўйлайман. Бу борада Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси ҳар чорак якуни бўйича оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган энг долзарб, энг ўткир материалларни алоҳида қайд этиб, баҳолаб, бу ҳақда матбуотда хабар бериб борса, менинг назаримда, айни муддао бўлар эди”, дер экан Ислом Каримов “бунда айниқса таҳлилий ва танқидий чиқишларга алоҳида аҳамият бериш ўринли” бўлишини урғулайди.

Ўзбекистон президенти газета-журналларда, телерадиоканалларда кўтарилаётган долзарб мавзулар “давлат ва ҳокимият вазифаларида ўтирганлар, жамоатчилик вакиллари томонидан етарлича аҳамият берилмаслиги туфайли” кўпинча эътибордан четда қолиб кетаётгани юзасидан ҳам таассуф билдиради.

“Бундай ҳолат, масалага панжа орасидан қараш, аввало, шу мақола ва кўрсатувни юрагидан ўтказиб, катта меҳнат билан тайёрлаган журналист ва муаллифларнинг ижодий изланишларига салбий таъсир кўрсатиб, қўлини ишдан совутиб қўяди. Энг ёмони, бу чиқишларда кўтарилган масала ва муаммолар бундай бепарволик натижасида эски ҳолида ўзгармасдан қолиши иқтисодиётимиз ва ҳаётимизга катта зарар етказиши муқаррар”, дейди Ислом Каримов.

Президентга кўра, оммавий ахборот воситаларининг самарадорлигини кучайтиришни кўзда тутадиган бундай тажрибани жорий этишни, шу асосда матбуот орқали танқидга учраган ташкилот ва корхоналар, мансабдор шахсларнинг ўз ишига холисона кўз билан қараб, мавжуд аҳволни тузатишга ҳаракат қилишини бугун ҳаётнинг ўзи кун тартибига қатъий қилиб қўймоқда.

“Бу ўз навбатида матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг, журналист аҳлининг ижтимоий ҳаётимизда, жамоатчилик ўртасида ҳурмат-эътибори, айни пайтда масъулияти ҳам ортишига хизмат қилиши шубҳасиздир”, дейди Каримов.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 1250 дан зиёд оммавий ахборот воситаси фаолият юритмоқда. Расмийлар иддаосича, Ўзбекистондаги мавжуд теле ва радиоканалларнинг 66 фоизини, босма нашрларнинг эса 50 фоиздан кўпроғини нодавлат оммавий ахборот воситалари ташкил этади. Бироқ матбуот эркинлиги вазиятини кузатувчи халқаро гуруҳлар Ўзбекистонни матбуот эркинлиги энг кўп бўғилаëтган давлатлар рўйхатига киритиб келмоқда.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси¸ Чегара билмас мухбирлар¸ Озодлик уйи каби ташкилотларнинг матбуот эркинлигига оид йиллик ҳисоботларида Ўзбекистон йиллардан бери “ëмонларнинг ëмони” қаторига қўйилмоқда¸ айни пайтда Тошкент режими дунëдаги Интернет душманлари рўйхатида қолмоқда.

Халқаро ҳисоботларда шу кунда Ўзбекистон қамоқларида ўндан ошиқ журналистнинг ўз касбий фаолияти учун жазо муддатини ўтаëтгани айтилади.

YouTubeда тинглаш
XS
SM
MD
LG