Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:38

Озарбайжонда толишлар лидери хиёнатда айбланмоқда


"Толиши садо" газетаси бош муҳаррири Ҳилол Маммадов.
"Толиши садо" газетаси бош муҳаррири Ҳилол Маммадов.

“Толиши садо” газетаси бош муҳаррири ва Толиш маданий маркази раҳбарининг ўринбосари Ҳилол Маммадов давлатга хиёнат қилиш ҳамда миллий, ирқий, ижтимоий ва диний низо қўзғаганликка оид янги айбловлар қўйилди.

Бу ҳақда Озодликнинг Озарбайжон хизмати маълум қилади.

Маммадов даставвал 21 июн куни ноқонуний равишда банг моддаси сақлаганликда айбланиб ҳибсга олинганди.

Ҳилол Маммадов шу кунда глобал тармоқда машҳур бўлиб кетган “Давай, до свидания!” (Қани, туёғингни шиқиллат!”) видеоролигининг муаллифи сифатида танилган. 2011 йилнинг 5 ноябрида Озарбайжоннинг Тангеруд қишлоғида тасвирга олинган мазкур видеоёзувда “майхона” деб аталмиш мусиқа садолари остидаги бадиҳагўйлик акс этган. Ролик қаҳрамонлари “Сен ўзи кимсан? Қани, туёғингни шиқиллат!” жумласи ёрдами билан ҳарифига сўз қотади ва даврадаги истаган одам бу бадиҳагўйликка қўшилиши мумкин. Маммадовнинг ўзи видеоёзувда кўринмайди – айтилишича, у фақат видеороликни тасвирга олиб, YouTube сайтига жойлаштирган, холос.



Ҳилол Маммадов тасвирга олган "Давай, до свидания!" ролиги

Журналистнинг қариндошларидан олинган маълумотларга кўра, Маммадов 21 июн куни эрталаб уйдан чиқиб кетганча қайтиб келмаган. Кейинчалик уни полиция ҳибсга олгани ошкор бўлди. Айрим оммавий ахборот воситаларида Ҳилол Маммадов қўлга олинган пайтда калтакланганига оид хабарлар ҳам пайдо бўлган.

Озарбайжон ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг ёнидан героин топилганини иддао қилганлар. Полициячиларга кўра, банг моддасининг бир қисми журналистнинг чўнтагидан чиққан, бошқа қисми эса унинг уйи тинтилганда топилган.

Озарбайжонлик ҳуқуқ фаоллари ва Маммадовнинг яқинлари героин унинг чўнтагига атай солиб қўйилганини ҳамда журналистнинг ҳибсга олиниши унинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини таъкидлаганлар. Бироқ Озарбайжон Ички ишлар вазирлиги бундай даъволарни рад қилмоқда.

Шу кунда Эрон фойдасига жосусликда айбланаётган Ҳилол Маммадов Толиш халқ ҳаракатининг раҳбарларидан бири бўлиб ҳисобланади. Толишлар Жанубий Кавказнинг форсийзабон халқларидан бири бўлиб, улар асосан Озарбайжон жануби ва Эрон шимолида истиқомат қилади. 2009 йилда Озарбайжонда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, республикада толиш миллатига мансуб 112 минг киши истиқомат қилади. Бошқа маълумотларда толишлар сони 500 мингдан 900 минггача экани айтилади. Онлайн энциклопедия ҳисобланмиш Википедияда эса бутун дунёдаги толишлар сони 256 минг экани кўрсатилган.

Ҳилол Маммадов толишлар мухториятига эришишни мақсад қилган Озарбайжон халқлари тенглиги партияси асосчиларидан ва раҳбарларидан бири бўлган. Ҳозирда у толиш тилида нашр этиладиган “Толиши садо” газетасига раҳбарлик қилиб келади.

2008 йил июнида мазкур газетанинг аввалги бош муҳаррири Новрўзали Маммадов давлатга хиёнатда айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Кейинчалик у қамоқхона касалхонасида жон берган.

Новрўзали Маммадов ўз газетаси саҳифалари орқали “аксилозарбайжон ташвиқотини юргизганлик”да, “Ислом дини асосидаги толиш мухториятини ташкил этиш ва Озарбайжон давлатчилигини йўқ қилиш учун замин ҳозирлаганлик”да айбланганди.
XS
SM
MD
LG