Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:08

Саакашвили ҳокимият алмашинуви тинч бўлишини ваъда қилди


Грузия Президенти Михаил Саакашвили парламент сайловида ғолиб чиққан мухолифат коалицияси раҳбари Бидзина Иванишвили билан учрашди. Музокарадан сўнг Саакашвили ҳокимиятни янги ҳукуматга топшириш жараёни тинч ўтишини айтди.



Грузия Президенти Михаил Саакашвили сешанба куни мухолифатдаги “Грузин орзуси” коалицияси лидери Бидзина Иванишвили билан учрашди.

Пойтахт Тбилисида бўлиб ўтган музокарадан сўнг Саакашвили журналистларга мамлакатда ҳокимият алмашинуви жараёни тинч кечишини баён қилди.

- Мен, президент сифатида, конституция кафили сифатида ҳокимият алмашинуви силлиқ ўтишини таъминлайман. Бу жараён Грузия тарихида ҳеч қачон бўлмаган тарзда, Грузия халқи манфаатлари тўлиқ ҳисобга олинган ҳолда бўлиб ўтади. Бу жараён мамлакатнинг демократияга ўтиши доирасида амалга ошади, дея баёнот берди Грузия президенти.

Президент Саакашвили билан музокарадан сўнг Бидзина Иванишвили мамлакат ташқи сиёсати борасида ўз қарашлари президент қарашларига уйғун эканини таъкидлади.

Иванишвили янги ҳукумат Грузиянинг НАТО ва Европа Иттифоқига қўшилиш йўлидаги фаолиятни давом эттиришини урғулади.

- Биз Ташқи сиёсат ва бошқа масалаларни муҳокама қилдик, фикр алмашдик. Ташқи сиёсат хусусида, аввал айтиб ўтганимиздек, қарашларимиз муштарак. Европа ва Евро-Атлантика иттифоқига қўшилиш стратегиямиз асосини ташкил қилади. Биз бу йўлда аввалги ҳукумат олиб борган сиёсатни давом эттирамиз. Биз Европа сари интиламиз ва Грузия яқин келажакда НАТОга аъзо бўлади,- дея баёнот берди Бидзина Иванишвили.

Мухолифат лидери президент билан музокара чоғида яна қандай масалалар муҳокама қилинганини ошкор қилмади.

Грузиядаги энг бадавлат шахс деб ҳисобланган Бидзина Иванишвили Грузиянинг сиёсат саҳнасига яқинда кириб келган.

1 октябр куни Грузияда ўтказилган сайловда мухолифатнинг “Грузия орзуси” коалицияси номзодлари парламентдаги 150 ўриннинг 83 тасини эгаллаган.

Бидзина Иванишвили 8 октябр куни Грузиянинг янги ҳукумати таркибини эълон қилди. Янги ҳукуматда Иванишвилининг Бош вазир лавозмини эгаллаши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG