Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:56

Ромни Обама ташқи сиёсатини танқид қилди


Митт Ромни ташқи сиёсат стратегиясини бўлғуси ҳарбийлар олдида очиқлади.
Митт Ромни ташқи сиёсат стратегиясини бўлғуси ҳарбийлар олдида очиқлади.

АҚШ президентлигига Республикачилар партиясидан номзод Митт Ромни президент Барак Обама иқтидори даврида Яқин Шарқ минтақасида можаролар чиқиши хавфи ошганини баён қилди. Душанба куни Лексингтон шаҳридаги Виржиния Ҳарбий институтида қилган чиқишида Ромни АҚШ ташқи сиёсатига доир бошқа масалаларга ҳам тўхталди.



Митт Ромни сайлов олди кампанияси доирасида душанба куни Виржиния штатининг Лексингтон шаҳрида жойлашган ҳарбий институт талабалари олдида қилган чиқишида президент этиб сайланса, ташқи сиёсат стратегияси қандай бўлишини баён қилди.

АҚШнинг Яқин Шарқдаги сиёсатида “йўналишни ўзгартириш” эҳтиёжи пайдо бўлди, деган республикачи номзод президент Обаманинг мудофаа харажатларини “ўйламасдан” қисқартириш сиёсатини тўхтатажагини таъкидлади.

- Мен Форс Кўрфазидаги шерикларимиз билан ҳамкорликни кучайтираман ва президент Обаманинг миллий мудофаа харажатларини ўйламасдан ва кескин қисқартириш қарорини қайтараман, чунки бу ҳарбий салоҳиятимизни таназзулга олиб келади. Мен хавфсизлигимизни таъминлаш учун зарур бўлган ҳарбий инвестицияларни амалга ошираман, деди Ромни.

У шунингдек, президент этиб сайланадиган тақдирда Эронга нисбатан кескинроқ санкциялар жорий қилишини ваъда қилди.

- Мен Эрон етакчиларига Қўшма Штатлар ҳамда дўстларимиз ва иттифоқчиларимиз уларнинг ядровий қуролни қўлга киритишларига йўл қўймаслигини очиқчасига айтаман. Мен Эронга нисбатан янги санкцияларни жорий қилишга иккиланмайман ва амалдаги санкцияларни кескинлаштираман, деди республикачи номзод.

Ромни, шунингдек, Вашингтонни Сурияга нисбатан кескинроқ позицияни эгаллашга чақирди ҳамда Америка қадриятларига хайрихоҳ Сурия исёнчиларига қурол етказилишини таъминлашни ҳам ваъда қилди.

- Сурия масаласида ҳамкорларимиз билан бизнинг қадриятларимизни ҳурмат қиладиган мухолифат гуруҳларини аниқлаш ва уларнинг Ассад танклари, вертолётлари ва учқичларини тор-мор қила олишлари учун керакли бўлган қуролларни олишини таъминлаш устида иш олиб бораман, деди Митт Ромни.

Афғонистонда “2014 йилнинг охирига қадар афғон хавфсизлик кучларига масъулиятни реал ва муваффақиятли тарзда топшириш”га ҳаракат қилиши ҳамда Афғонистонни экстремистлар қўлига ташлаб қўймаслигини ҳам таъкидлади Ромни.

- Президент Обама ўз қарорларига қарши чиқаётганлар урушнинг чексиз давом этиши тарафдори, деган фикрга сизни ишонтириши мумкин. Лекин сиёсий мақсадда чекиниш янги урушга олиб келади ва Америкага янги ҳужумлар уюштирилиши эҳтимолини оширади, чунки бу афғон халқини ўз мамлакатни хор қилган ва 11 сентябр ҳужумларини уюштирган экстремистлар қўлига ташлаб қўяди, деди Митт Ромни.

Обама маъмурияти томонидан жанггари ва террорчиларга қарши пилотсиз учқичларнинг ишлатилаётганига ишора қилган Ромни “бу Яқин Шарқда миллий хавфсизлик стратегияси ўрнини боса олмайди”, дея таъкидлади.

Президентликка даъвогар шунингдек, АҚШ аскилракета мудофаа тизими масаласида Россияга ён босмаслигини таъкидлади.

- Мен таҳдидлар олдини оладиган самарали аксилракета тизимини жорий қиламан ва бу масалада Владимир Путинга ён босмайман, деди Ромни.

“Ён босмайман” деганда у бир неча ой аввал президент Барак Обама ўша пайтда Россия президенти Дмитрий Медведев билан суҳбатда ёниқ қолган микрофон туфайли жамоатчиликка ошкор бўлган “сайловдан кейин бемалолроқ ҳаракат қилиш имконим бўлади”, деган гапларига шама қилди.

Айни пайтда номзод Ромнининг ўзи ҳам ташқи сиёсат масаласида бир неча марта қовун туширишга улгурди. Шу йилнинг ёзида Лондонга борган республикачи сенаторнинг Британия Олимпия ўйинларига яхши тайёргарлик кўрмаган кўринади, деган фикри АҚШнинг Европадаги энг яқин иттифоқчисига нисбатан ҳақорат сифатида талқин қилинди.

Исроилга қилган сафари чоғида эса Ромни, фаластинликлар қашшоқ бўлгани боис маданият жиҳатидан исроилликлардан пастроқдадир, деган фикрни баён қилди. Лекин Исроил ўнлаб йил давомида Фаластинни блокада қилиб келаётгани Митт Ромнининг ёдидан кўтарилди.

Ўтган ҳафта АҚШ президентлигига номзод Митт Ромни ва иқтидордаги Барак Обама ўртасида илк телевизион баҳс ўтказилди. Америка ички сиёсатига бағишланган теледебатда, кўпчилик фикрича, номзод Ромни президент Обамани мағлуб этди.

Президентлик учун курашаётган Ромни-Обама ўртасида АҚШ ташқи сиёсати мавзусидаги баҳс 16 октябр куни ўтказилади.
XS
SM
MD
LG