Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:07

Касалхоналарда бепул ўринлар қисқаради


Ўзбекистонликларнинг айтишларича, бепул экани айтиладиган ўрин-жойлар учун ҳам аслида пул тўлаш керак.
Ўзбекистонликларнинг айтишларича, бепул экани айтиладиган ўрин-жойлар учун ҳам аслида пул тўлаш керак.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакат тиббиёт муассасаларида беморлар учун давлат бюджети ҳисобидан таъминланадиган ўрин-жойлар сонини қисқартириш жараёнини бошлади. 2012-2015 йилар учун мўлжалланган ўрин-жой фондини оптималлаштириш графиги Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг “Тиббий муассасалалар моддий-техникавий базасини мустаҳкамлаш ва фаолияти ташкиллаштирилишини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра тасдиқланди, дейилади расмий хабарларда.


Пуллик ўрин-жойлар сони кўпаяди


Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат бюджетидаги ўрин-жойларни қисқартира бошлагани ҳақида 12news.uz сайти хабар қилди. Хабарда айтилишича, 2012-2015 йиллар давомида республика бўйлаб бундай ўрин-жойлар сони қарийб 18 мингтага қисқартирилади ва ҳозирги 127 минг ўриндан 109 мингтаси қолади.

Харажатлари давлат ҳисобидан қопланадиган ўрин-жойлар деганда бемор ўрин-жойни эгаллаган пайтда уни даволаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш назарда тутилади, дейди вилоятлардан биридаги Соғлиқни сақлаш бошқармасининг шахси сир қолишини истаган мулозими.

- Ўрин-жой давлат томонидан таъминланган бўлса, беморнинг дори-дармони, беморга қилинадиган муолажалар, озиқ-овқати ва ҳоказолар билан боғлиқ харажатлар давлат бюджетидан ажратилган маблағ ҳисобидан қопланади, дейди Соғлиқни сақлаш бошқармаси вакили.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, ҳукуматнинг “Тиббий муассалалар моддий-техникавий базасини мустаҳкамлаш ва фаолияти ташкиллаштирилишини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ қисқартирилаётган бюджет ўрин-жойлари ўрнига, хўжалик ҳисобига ўтказилган ўрин-жойларни кўпайтириш кўзда тутилган.

- Кўпчилик муассасаларда ҳозир ўрин-жойлар фондининг 50-60 фоизи хўжалик ҳисобига ўтказилган. Улар билан боғлиқ харажатлар, масалан, свети, гази, озиқ-овқати беморлар зиммасида бўлади. Бюджет ҳисобидаги ўрин-жойлар қисқартирилиши хўжалик ҳисобидаги ўрин-жойларнинг кўпайишини ҳам англатади, дейди Соғлиқни сақлаш бошқармаси расмийси.

Бепули ҳам аслида пуллик

Расмий хабарларда айтилишича, бюджет ҳисобидаги ўрин-жойларни қисқартириш уларнинг оптималлаштирилишини ҳам назарда тутади. Гап туманлардаги муассасалар ўрин-жойларини битта ҳудудда тўплаш ҳақида кетмоқда. Бу чоранинг кўрсатиладиган хизматлар сифатининг оширилиши ва беморни даволаш муддатининг қисқаришига олиб келиши айтилмоқда.

Ўзбекистондаги тиббиёт муассасаларига иши тушган оддий ўзбекистонликлар стационарлардаги хизматлар сифатидан шикоят қилишади. Аслида давлат бюджети ҳисобидан таъминланган ўрин-жойда даволаниш ҳам аслида бепул эмас, дейди беморлар.

Тошкентлик 65 ёшли Абдуқаҳҳор Мусаевнинг қизи шу кунларда саратон касаллиги билан курашмоқда. Саратон Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ижтимоий касалликлар тоифасига киритилган ва даволаш давлат томонидан қопланиши керак. Абдуқаҳҳор Мусаевнинг айтишича, шу кунгача 30 ёшли қизига қилинган муолажалар учун миллионлаб сўм миқдорида сарф-харажат қилинган.

- Кўрпа-тўшаги ўзидан. Қолган ҳаммаси чўнтакдан. Битта химияси, ампуласи 400 минг. 10та олди. Операцияси 1500 доллар. Булар сўмга ишламайди.

Аксар стационар муассасаларида, дея давом этади Абдуқаҳҳор ака, бемор ўзининг озиқ-овқати ва бошқа харажатлари тугул, шифокорларнинг озиқ-овқатини кўтариши керак.

- Ўзингиз ўйлаб кўринг, мана обедига иккита операция қилди. Медсестраси келиб 80 мингдан олдида. Нима дейсиз энди. Бор-йўғи иккита операция. Менинг қизим билан яна биттасини қилишди. 80 мингдан 160 минг пул бердик докторларнинг обедига деб, дейди тошкентлик Абдуқаҳҳор Мусаев.

Тиббий суғурта тизими йўқ

Расмий хабарга кўра, бюджет ўрин-жойларни оптималлаштириш, яъни қисқартириш хусусий секторнинг ривожланишига ҳам ҳисса қўшади. Ўзбекистонда бугун кўплаб хусусий стационар клиникалар мавжуд. Бу муассасаларда даволанганларнинг айтишларича, кўрсатиладиган хизматлар сифати одатда яхши бўлади. Бироқ ўртача ўзбекистонлик хусусий клиника нархларини кўтара олмайди.

Масалан, вилоятдаги хусусий клиникада ётиб даволаниш кунига ўртача 25 мингдан 50 минг сўмгача тушиши мумкин, бу дори-дармон ва муолажаларни ҳисобга олмаганда. Тошкентда нархлар анча баландроқ: ўртамиёна хусусий клиника ўрин-жойи кунига 100 минг сўмгача бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда суғурта тизими яхши йўлга қўйилмагани боис хусусий клиникада даволаниш билан боғлиқ харажатларнинг ҳаммаси бемор зиммасига тушади.

Ўзбекистондаги ўнлаб суғурта ширкатидан бирининг ходимига кўра, суғурта қилинадиган тиббий хизматлар кўлами ўта чекланган.

- Масалан, тез ёрдам чақириш ва беморни тиббиёт муассасига етказиш билан боғлиқ харажатларни қоплашимиз мумкин. Албатта, бошқа хизматларни ҳам суғурта қиламиз, лекин бемор шифокорга мурожаат қилаётгани ҳақида аввалдан бизни хабардор қилмаса ва биз маъқуллаган муассасадан бошқасига мурожаат қилса, харажатлар қопланмайди, дейди суғурта ширкатининг исми сир тутилишини сўраган вакили.

Бу ноқулайликлар боис тиббий суғурта полисини сотиб оладиганлар жуда кам, сотиб оладиганлар ҳам, асосан, ходимларига қўшимча имтиёз берадиган йирик компаниялардир, дейди суҳбатдошимиз.

- Ростини айтганда, бундай хизматлардан, асосан, хорижий ширкатлар ҳамда нефт-газ, телекоммуникация, банк соҳаларидаги компаниялар фойдаланади холос. Бундай суғуртани сотиб олган жисмоний шахслар эса жуда оз, улар ҳам хорижликлардир, дейди суғурта ширкати вакили.

Тошкентлик Абдуқаҳҳор Мусаев агар суғурта тизими яхши йўлга қўйилганида, ўз соғлиғимни суғурталаган бўлардим¸ дейди. Лекин аксар соҳаларда бўлгани каби соғлиқни сақлаш тизимидаги бошбошдоқлик боис хусусий суғурта тизимининг ишлашига ишонмайман, дейди у.

- Соғлиғим учун мен шахсан сотиб олардим. Лекин ҳозир бизларнинг давлатда ўтирган раҳбарларга ишонмайманда. Улар қулоғингизга тепиб юборади. Суғурта қилади, пулини тўлайсиз. У ëғини уже ололмайсиз. Бунга ишонмайман. Ишонч йўқ 100 фоиз. Бошимдан ўтди мана, дейди Абдуқаҳҳор Мусаев.

Ҳукумат қарори билан тасдиқланган режага кўра, қисқартириладиган ўрин-жойларнинг аксар қисми шаҳар ва туманлардаги муассасалар ҳиссасига тўғри келади. Қисқартириш режаси энг кам таъсир қиладиган муассасалар республика аҳамиятидаги стационарлар бўлади.
XS
SM
MD
LG