Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:23

Газлаштириш давом этмоқда, табиий газ эса тақчил



Расмий матбуот Зарафшон шаҳридаги “Янги Зарафшон” мавзесининг 380 оилалик кварталига газ етказиб берилганидан бонг урган кезда, қўшни туманлар аҳолиси ҳали қиш бошланмасидан яна газ узила бошлаганидан нолимоқда.

"Ўзинформ" интернет нашри Ўзбекистон ҳукумати матбуотига таяниб, мамлакатдаги аҳоли пунктларини газлаштириш жараёни давом этаётгани ва хусусан, Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳридаги 380 оилалик аҳоли пункти газлаштирилганини хабар қилди.

Бу хабар баҳона энг саноатлашган вилоятнинг йирик шаҳарларидан биридаги газ таъминоти билан қизиққан Озодлик мухбири, энг аввало, 380 та эмас, 20 тага яқин хонадон газлаштирилганини аниқлади.

Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳридаги "Зарафшонгаз" идораси бош мухандиси Шерзод Мусаев Озодлик билан суҳбатда мавзенинг бешинчи квартали газлаштирилганини айтди.

Аммо унга кўра, ҳали табиий газ кварталдаги хонадонларнинг ҳаммасига етиб бормаган.

- Газ ўтказиш лойиҳаси ўтган йил бошланган. 2013 йил охиригача квартал тўлиқ газлаштириб берилади. Магистрал газ қувури кўчаларнинг кўпига бормаган. Маҳаллада еттита квартал бор. Шундан 1-2-3-4-кварталлар газлаштирилган, 5-6-7-кварталлар газлаштирилмаган. Шу пайтгача балонли газ тарқатилган, деди Зарафшон шаҳар газ идораси.

Бу мутасадди Янги Зарафшон маҳалласидаги 380та хонадонни газлаштириш шаҳар ҳокимлиги ташаббуси остида “Мустаҳкам оила йили” муносабати билан қишлоқ жойларида яшовчи оилаларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида аҳоли ва ҳомийлар ҳисобидан амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Ўзини Янги Зарафшон маҳалла фуқаролар йиғини раисининг диний-маърифий ва аҳлоқий тарбияга оид масалалар бўйича маслаҳатчиси, деб таништирган Ўрингул Турдимуродова Озодлик билан суҳбатда маҳалласини газлик қилган ҳокимиятни олқишлади.

- Балонли газ олиб келишарди. Шу билан овқат пиширардик. Қиш кунлари уйни иситиш учун саксовул сотиб олардик. Саксовул қиммат. Ҳозир саксовул ҳам йўқ. Бензин қиммат биласиз, солярка қиммат. Масалан, беш ой қиш бўлса, икки-учта машина саксовул кетади. Аҳоли қийналадида. Бошқа вақтларда электр энергиядан фойдаланади. Табиий газ келса яхшида. Уйларни ҳам иситади, овқатга ҳам, чойга ҳам, ҳамма нарсага яхши, дейди маҳалла маслаҳатчиси.

Ўрингул Турдимуродовага кўра, эндигина табиий газ ёқа бошлаган кварталдаги хонадонларнинг ҳаммаси газлашмаганига сабабчи ҳокимлик эмас, балки тегишли ҳужжат ва маблағни вақтида йиғиб беролмаган аҳолининг ўзидир.

Шу боис, маҳалла фаоли ҳали ўзнининг уйига ҳам табиий газ етиб келмаганини айтди.

- Бешинчи кварталда 20та хонадонда газ ёқилди. Кварталда 115-120та хонадон бор. Олтинчи ва еттинчи кварталда яна шунчадан хонадон бор. Мен ўзим бешинчи кварталда яшайман. Бизларга газ келгани йўқ. Линия ҳам келгани йўқ. Аҳоли пул йиғиб қилиши керак. Ҳоким буванинг ўзи темир йўлдан газ қувунини ўтказиб ёрдам қилди. Бу ёғига аҳолидан пул йиғилиши қийин бўляпти-да. Олтинчи, еттинчи кварталга ҳали газ олиб борилмаган, деди маҳалла фаоли Ўрингул опа.

Янги Зарафшон расмийлари биринчи бор табиий газ ёқа бошлаган хонадонлардаги газ босими қай даражада экани ҳақида аниқ маълумот бера олмади.

Бироқ, Навоий вилоятида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари ҳал қиш келиб улгурмасидан газ босими пастлаб кетгани ва айрим туманларда газ таъминотида ҳозирданоқ узилишлар кузатилаётганини айтмоқда.

Конимех туманида яшовчи Мурод Озодлик билан суҳбатда узилишлар октябр ойи бошидан бошлаганини айтди.

- Газ берилиши апрел ойидан бошлаб октябр ойигача яхши бўлди. Лекин октябр ойи бошидан электр токини ҳам газни ҳам ўчиряпти. Газ эрталаб чой қайнайдиган даражада берилади. Босим жуда пастда. Кечқурун соат олти ярим еттилардан эрталабгача ўчиради. Ҳозир шундай бўляпти, дейди Навоий вилоятининг Конимех туманида яшовчи Мурод исмли суҳбатдош.

Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида электр ва газ тақчиллиги йиллар давомида кузатилади.

Совуқ кунларда қийинчиликка дуч келадиган аҳоли йўқ газ учун пул тўлашдан ташқари уйларини иситиш учун ҳам маблағ сарфлашга мажбур эканидан нолиб келади.
XS
SM
MD
LG