Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:12

Татар полицияси яна қийноқ билан "қўлга тушди"


Полицияга кўра, Темир йўл техникуми директори муовини Павел Дроздов Қозондаги барлардан бирида маст ҳолда биров билан муштлашгандан сўнг қўлга олинган.
Полицияга кўра, Темир йўл техникуми директори муовини Павел Дроздов Қозондаги барлардан бирида маст ҳолда биров билан муштлашгандан сўнг қўлга олинган.
Қозонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари томонидан яна бир фуқарони қийнаб ўлдирганликда айбланган Татаристон полицияси яна жамоатчилик диққати марказига тушди.

Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан яқинда Интернетда эълон қилинган видеотасвирда қўлга олинган бир фуқаронинг қийноққа солингани ва сўнгра жонсиз танаси акс этган.

Бу жорий йил бошидан буён ошкор бўлган иккинчи воқеадир ва маъмурлар махсус текширув ўтказишни ваъда қилмоқда.

Видеотасвирда торгина қафасда ўтирган одам кўринади.

Бироздан сўнг бир неча киши қафасга киради-да, у ерда ўтирган одамни юзтубан ерга босади, қўлларини ортга қайириб кишанлайди, оёқларга ҳам кишан урилади.

Иш битгач, кишан урганлар ташқарига чиқади. Кишанланган эса, қафасда қолаверади.

Анча вақт ўтгач, боягилар қафасга қайтиб киради ва кишанбанд танасини туртиб ағдаради. Туртилган одам ағдариладию ўрнидан турмайди.

Видеода Татаристон пойтахти Қозон шаҳридаги полиция участкасида жорий йилнинг февралида полиция ходимлари қийнаб ўлдирган Павел Дроздов акс этган.

Кузатув камераларига тушиб қолган ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари томонидан Интернетга жойлаштирилган видео Дроздовнинг ўлими юзасидан тергов ўтказган ходимлар илгари сураётган версияни инкор этади.

Терговчилар фикрича, 45 га кирган Дроздов ҳибсдалиги чоғида қийноқдан эмас, касалликдан ўлган. Татаристон маъмурлари Дроздов ўлими билан боғлиқ можаро юзасидан тергов ўтказишга ваъда бермоқдалар.

Зеро, Дроздов билан боғлиқ воқеадан бошқа яна бир жанжал – қўлга олинган бир фуқаронинг полиция ходимлари томонидан аввал калтакланиб, сўнгра зўрлаб ўлдирилганини жамоатчилик ҳали унутгани йўқ.

Тергов қўмитаси минтақавий бошқармаси вакили Эльвира Газизова:

-Қўлга олинган эркакка нисбатан полиция ходимлари ҳаракати акс этган ва Интернетга қўйилган видеотасвир бўйича Тергов органлари қўшимча текширув ўтказмоқда, деди.

Полиция тарқатган баёнотга кўра, Темир йўл техникуми директори муовини, 4 фарзанднинг отаси Павел Дроздов Қозондаги барлардан бирида маст ҳолда биров билан муштлашгандан сўнг қўлга олинган.

Тиббий экспертиза хулосасига кўра, Дроздов ошқозон ости безининг шамоллашидан ўлган.

Марҳумнинг яқинлари эса, унинг танасида кўплаб калтак ва кишан излари бўлганини айтган.

Уларнинг воқеа юзасидан жиноят иши қўзғаш тўғрисидаги талаблари инкор этилган.

Инсон ҳуқуқлари Қозон маркази вакилларига кўра, Интернетга жойлаштирилган видетасвир терговчилар ихтиёрида бўла туриб, ашёвий далил сифатида Дроздов ишига тиркалган эмас.

Тилга олинган марказ вакили Булат Мухамедзянов:

-Тергов қўмитасининг видеотасвир бўйича текширув ўтказамиз, деб баёнот бериши кулгини қистатади холос. Чунки тасвир ҳар доим ҳам Ички ишлар вазирлиги қўлида бўлган, чунки у полициянинг камерасига туширилган, деди.

Татаристон ички ишлар тизимида бошқа бир фуқаро - Сергей Назаровни полиция ходимлари ўлдириб қўйганидан бери қаттиқ текширув ўтказилаётган эди.

52 яшар Сергей Назаровнинг полиция ходимлари томонидан аввал калтакланиб, сўнгра шампан шишаси билан зўрлаб ўлдирилгани жамоатчиликнинг ғазабини қўзғаганди.

Ўтган ойда суд бу жиноятга алоқадор икки полиция ходимини икки ва икки ярим йилга озодликдан маҳрум қилди. Яна 9 ходим устидан суд кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG