Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:18

“Ucell”га кўрпага қараб оёқ узатиш таклиф этилди


Фарғонада аэропортида йўловчилар порнографик видео билан ушланди. Самарқандда акциядорлар дивиденд олишни икки йил кутди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Ўзбекистонда юрак трансплантацияси операциясига рухсат тегиши мумкин”

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида одам аъзоларини кўчириб ўтказиш тўғрисида қонун лойиҳаси муҳокама этилмоқда (“XXI аср”, 1 ноябр). Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Асилбек Худоёров Тошкентдаги матбуот анжуманида маълум қилган. Вазир ўринбосарига кўра, Тошкентда янги очилган кардиохирургия мажмуасида юракни трансплантация қилиш учун шароит мавжуд. Гап фақат масаланинг ҳуқуқий жиҳатларини ҳал этишда қолган.

Шифокорлар трансплантация ҳақидаги қонун зарурлигини кўпдан буён айтиб келишади. Мутахассисларга кўра, айни пайтда жигар ва юрак трансплантацияси бўйича операцияларга катта эҳтиёж бор. Ҳозирча бундай операциялар учун фуқаролар Ҳиндистон, Исроил ёки Европа давлатларига боради. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2006 йил ноябрда сиам эгизакларини ажратиш операцияси амалга оширилган.

“Акциядорнинг мурожаати нега эътиборсиз қолдирилди?”

“Хатирчи пахта тозалаш” очиқ акциядорлик жамияти акциядорлари Баҳодир Муртазоев ва Шоира Муртазоева 23 милллион сўмлик дивидендини олиш учун икки йил кутди (“Инсон ва қонун”, 30 октябр). Акциядорлар дивиденд пулларини тўлаб беришни сўраб дастлаб акциядорлик жамияти раҳбариятига, кейин “Навоийпахтасаноат” ҳудудий бирлашмасига, “Ўзпахтасаноат” уюшмасига мурожаат қилган, аммо мурожаатлар эътиборсиз қолдирилган. Вазиятга адлия идораси аралашуви билан 23 миллион сўмга яқин дивиденд тўлаб берилган. “Чўзилган қарз узилди. Аммо юқорида номлари тилга олинган корхоналар билан акциядорлар ўртасидаги ишонч ва ўзаро ҳурматга путур етди”, дея хулоса қилади Навоий адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Қаҳрамон Ҳафизов.

“Ucell”нинг хизмат сифати ёмонлашиб кетди”

Ўзбекистонда “МТС” уяли алоқа компанияси фаолиятини тўхтатгач, мобил алоқа бозори ўзига қолган “Билайн” ва “Ucell” компаниялари 9 миллионлик мижозларни оғдириш учун чандон ҳаракат қилди. Бирорта мижоз алоқасиз қолмайди дея катта ваъдалар берди, аммо амалда алоқа сифати кескин ёмонлашди (“Новый век”, 1 ноябр). “Ахир, компанияларнинг қуввати бундай катта миқдордаги мижозларга дош беролмаслиги аниқ эди-да. Дастлабки кунлар қўнғироқ қилиб, гаплашишнинг буткул имкони йўқ эди, бироз муддат ўтиб вазият ўнглангандек бўлди. Лекин “Ucell”нинг хизмати ўзгаришсиз қолди. Аниқроқ айтганда, “Ucell” абонентлари шаҳар телефонидан уяли телефонга ва уяли телефондан шаҳар телефонига амал-тақал тушишмоқда. Кўп вазиятларда стандарт: “Тармоқ банд” деган жавобни эшитасиз. Ўйлаб қоласиз, балки кўрпага қараб оёқ узатган яхшидир, бўйидан баландга сакрашга уринмаслик керакдир. Ахир, одамлар қийналиб кетди-ку”, деб ёзади А.Тушкин.

“Аэропортда порнографик материаллар ушлаб қолинди”

Фарғона халқаро аэропортида 29 ёшли Шоҳрух Охунов қўлга олинган. Россиядан учиб келган Охунов “ASUS” ноутбукида 60 та беҳаё видеоматериалларни олиб киришга уринган (“Даракчи” 1 ноябр). Фарғона аэропорти божхона постида, шунингдек, порнографик видеоматериаллар олиб киришда уринган андижонлик Комилжон Ваҳобов ва Муҳиддин Ҳайдаров ҳам қўлга олинган.

Асакалик Илҳомжон Ҳошимжонов ва тошлоқлик Шоҳжаҳон Эгамбердиев эса тақиқланган беҳаё роликларни уяли телефони флеш-карталарида олиб келгани учун ушланган.

2012 йилнинг 13 апрелида Ўзбекистон Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, порнографик маҳсулотларни тайёрлаш ва тарқатиш билан бирга, уларни олиб кириш, реклама қилиш ва намойиш этиш учун ҳам жавобгарлик мавжуд. Мазкур жиноят маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилса, энг кам ойлик иш ҳақининг 400 бараваридан 600 бараваригача жарима ёки 3 йил муддатда ахлоқ тузатиш ишлари ёки 6 ойгача қамоқ берилади.

“Шамолни бўйсундирувчи қурилма ихтиро қилинди”

Тошкент давлат техника университети олимлари шамолнинг тезлиги, йўналиши ва ҳароратини назорат қилувчи қурилма яратди (“Правда Востока”, 1 ноябр). Янги қурилма об-ҳавони аниқлашда, шунингдек, шамол энергиясидан фойдаланиш соҳасида асқотади.

Ўзбекистон Фанлар академияси “Физика-Қуёш” бирлашмаси ходимлари эса ҳаво ва сув таркибидаги ўта заиф нурланишни ҳам илғай оладиган қурилма ихтиро қилди. Янгилик саноатда, экология соҳасида, геофизик тадқиқотлар ва зилзилани олдиндан аниқлашда қўлланилади. Ҳар икки ихтиро учун патент олиш жараёни кетмоқда.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари котрабандасига қарши кураш кучайтирилди
Ўзбекистондан Қирғизистонга қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ноқонуний олиб ўтишга қарши чоралар кучайтирилмоқда (“Диёнат”, 1 ноябр). Фуқаро Р.Мирзатов “божхона назоратига кўп бора амал қилмай, авваллари ҳам бир неча бор қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ноқонуний тарзда олиб ўтгани учун” жазоланган.

Бундан ташқари, Янгиқўрғон туманида туғилган Қ.Қамчинов ва Ш.Асқаров Ўзбекистонда етиштирилган 20 миллион сўмлик қишлоқ хўжалик маҳсулотларини Қирғизистонга айланма йўллар орқали олиб ўтаётганда ушланган. “Сарҳад муҳофазаси йўлида ҳар вақт хизматга шай ходимлар бор экан, ҳеч бир зоғ чегараларимизни қонунга зид тарзда ҳатлаб ўта олмайди” деб таъкидлайди Бош прокуратура бошқарма прокурори Равшанжон Абдуллаев.

“Одил Аҳмедов майдонга қайтди”

Август ойида жароҳатланган ва Германияда операция қилинган футболчи Одил Аҳмедов 31 октябр куни “Анжи” таркибида “Крилья Советов”га қарши учрашувда майдонга тушди ва яхши ўйин кўрсатди. Айни пайтда Одилнинг саломатлиги қониқарли (“Ўзбекистон овози”, 1 ноябр).

“Анжи” клуби охирги пайтлар Европа Лигаси ўйинлари доирасида Англиянинг “Ливерпул” жамоасига, Россия чемпионатида эса “Рубин”га имкониятни бой берган. Бош мураббий Гус Ҳиддинк кетма-кет мағлубиятларни Одил Аҳмедов, Диарра, Жусилей каби етакчи ўйинчилар жароҳати билан изоҳлаган. Одил “Рубин” билан ўйин қайдномасига киритилган, бироқ майдонга тушишга тўлиқ тайёр эмаслиги сабабли мураббийлар таваккал қилмаган.
XS
SM
MD
LG