Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:59

Ўзбек судяларига миллионлаган сўмлик кредит берилади


Ўзбекистон ҳукумати судяларга имтиёзли шартлар билан уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредитларини бериш тартибини тасдиқлади.

Ҳукуматнинг ўтган ҳафтада тасдиқланган бу қарори ҳарбий суд судяларидан ташқари барча судяларга дахлдор экани қайд этилган ва кредитлар 10 йилдан кам бўлмаган муддатга берилиши белгиланган.

Қарорда судяларга берилажак кредит ҳажми ариза берилган пайт учун белгиланган энг кам иш ҳақининг 2000 баробаридан кўп бўлмаслиги лозим, дея кўрсатилган. Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи миқдори жорийнинг йил 1 августидан 72335 сўм қилиб белгиланганини ҳисобга олсак, шу кунда ўзбекистонлик судя 144 миллион 670 минг сўм кредит ола билиши мумкинлиги келиб чиқади. Бу маблағ қора бозор курси бўйича 53 187 АҚШ долларига ($1=2720 сўм), расмий курс бўйича эса 73 811 АҚШ долларига ($1=1960 сўм) тенг.

Ҳукумат қарорида тижорат банки томонидан судяларга бериладиган ипотека кредити суммаси сотиб олинажак якка тартибдаги уй ёки кўп қаватли уйдаги квартира қийматининг 75 фоизидан кўп бўлмаслиги кераклиги қайд этилган.

Тошкентдаги манбаларимиздан олинган маълумотларга кўра, ҳозирда пойтахтдаги икки хонали ўртача квартираларнинг нархи 30-35 минг атрофидадир. Аммо бу ерда гап кўпроқ совет замонида қурилган уйлар ҳақида кетаяпти. Янги қурилаётган ва тошкентликлар орасида “Габус уйлари” деб аталувчи уйлардаги квартиралар нархи 70-120 минг доллар атрофида экани назарга олинса, судяларга берилажак кредит миқдори мазкур уйлар қийматининг ўртача 75 фоизига тўғри келмоқда.

Қарорда кредит олиш учун судя сотиб олинадиган уй қийматининг 25 фоизи миқдорида маблағга эга бўлиши лозимлиги, айни пайтда бу пул Судлар ва адлия идораларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан судя ҳисобига ўтказилиши мумкинлиги айтилган.

Шунингдек, қарорда ўзи доимий қайдда турмайдиган ҳудудларга тайинланган (сайланган) ва уй-жой билан таъминланмаган судяларга ҳар ой ижара ҳақига тенг товон пули тўланиши кўрсатилган. Хусусан, Тошкентда ишлаётган судяларга энг кам иш ҳақининг тўрт баробарида ёки 289340 сўм, Нукус ва вилоят марказларида энг кам иш ҳақининг уч баробарида ёки 217005 сўм, бошқа шаҳарлар ва туман марказларида эса энг кам иш ҳақининг уч баробарида ёки 144670 сўм товон пули берилиши қайд этилган.

Агар судянинг оила аъзолари сони уч ёки ундан кўп бўлса, товон пулига яна 50 фоиз қўшиб берилади.
XS
SM
MD
LG