Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:47

Ғазодаги вазият кескинлашмоқда


Ҳамас жанггарилари Ғазодан туриб, Исроилнинг жанубий туманларига отган ракеталар уч яҳудий фуқаросини ўлдирди. Айни пайтда, Исроил ҳарбийлари Ҳамас назоратидаги Ғазо минтақасида ҳарбий ҳужум кўламини оширмоқда. Исроил раҳбарияти Ҳамас ракета ҳужумларига жавобан бошланган ҳарбий операция тўлақонли урушга айланиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирди. БМТ Хавфсизлик кенгаши иккала тарафни вазиятни кескинлаштирмасликка чақирди.


Уч нафар яҳудий тинч фуқароси Ҳамас отган ўнлаб ракеталардан бири Ғазодан 25 километр узоқликдаги Кирят Малачи шаҳарчасидаги бинога тегиши оқибатида ҳалок бўлди.

Исроил армияси ракета ҳужумига қарши “Темир гумбаз” мудофаа тизими пайшанба куни Ғазодан отилган ўнлаб ракетани уриб туширганини, бироқ улардан бири малакат жунбидаги турар-жой биносига текканини маълум қилди.

Бу Исроил чоршанба куни ҳарбий ҳужумни бошлаганидан бери яҳудий томони кўрган илк талафот бўлди. "Мудофаа аркони" деб номланган операция ҳамас ракета ҳужумларига жавобан чоршанба куни бошланди ва Ғазода уюштирилган ҳаво ҳужуми оқибатида 13 киши ҳалок бўлди.

Чоршанба куни Исроил армияси қуруқлик, дегиз ва ҳаводан амалга оширган бомбардимон оқибатида ўлдирилганлардан орасида Ҳамас гуруҳининг ҳарбий қаноти қўмондони Аҳмад ал-Жабарий ва икки нафар ёш бола ҳам бор.

Бош вазир Бенямин Нетаняҳу чоршанба куни қилган баёнотида Исроил "ҳарбий операция кўламини оширишидан" огоҳлантирди.

Пайшанба куни яҳудий армияси матбуот вакили Авитал Лейбович ҳам бош вазир баёнотини такрорлади.

- Барча имконият, жумладан қуруқлик операцияси эҳтимоли кўриб чиқилмоқда. Заҳирадаги бўлмиларни бундан хабардор қилдик ва кейинги қадамларни кўриб чиқмоқдамиз. Ҳозирда турли нишонларга қарата ҳаводан зарба беряпмиз. Бу нишонларга ракеталар сақланадиган омборлар, ер ости туннеллари ва бошқалар киради, деди Исроил армияси расмийси.

Фаластин ҳукумати мулозими Сойиб Эрекатнинг Женевада қилган чиқишида айтишича, Ғазодаги вазият боис президент Маҳмуд Аббос Европага қилаётган сафарини эрта якунлашга қарор қилган.

- Президент Маҳмуд Аббос Европага сафраини дарҳол тугатиб, Швейцария президенти ва парламент раиси билан учрашувларни ўтказгач ортга қайтади. Ғазодаги вазият ўта таҳликалидир.

Фаластин Мухторияти 2007 йилда Ғазодаги назоратни қўлдан бой берган. Ҳозирда мухторият раҳбарлари Ғарбий Соҳилни назорат қилади холос, Ғазо эса Ҳамас гуруҳи қўлида қолмоқда. Шунга қарамай Аббос ўзини барча фаластинликлар президенти деб ҳисоблашини айтади.

Миср Презденти Муҳаммад Мурсий пайшанба куни телевидениеда қилган чиқишида Исрол “агрессияси қабул қилиб бўлмайдиган ҳолдир” дея баён қилди.

Мурсий расмий Қоҳира дипломатик каналлар орқали Исроил ҳукуматига норозилик нотасини юборганини таъкидлади.

- Бизнинг позициямиз кеча аниқ ифода қилинди, ўз позициямизни миср элчисини Исроилдан чақиртириб олиш орқали билдирдик ҳамда Исроил элчисини чақиртириб, ташқи ишлар вазирлиги орқали Ғазодаги агрессияга нисбатан позициямиз битилган муждани топширдик, деди Миср президенти.

Мурсий шунингдек мавжуд вазият ҳақида АҚШ Президенти Барак Обама ва БМТ Бош котиби Бан Ки Мун билан суҳбатлашганини қўшимча қилди.

Айни пайтда, Россия Ғазодаги воқеалар ривожидан хавотир билдириб, вазиятнинг кескинлашувига йўл қўйиб бўлмаслигини баён қилди.

Британия Ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг можаронинг иккала тарафини босиқликка чақирди, лекин бўҳрон авж олиши учун “масъулият биринчи навбатда” Ҳамас гуруҳи зиммасида эканини таъкидлади.

БМТ Хавфсизлик кенгаши чоршанба куни кечқурун можарони ҳал қилиш масаласини муҳокама қилиш учун фавқулодда йиғин ўтказиб, иккала тарафни зўравонликларни тўхтатишга чақирди. Бироқ Хавфсизлик кенгаши бирор амалий чора кўриш тўғрисида қарор бергани йўқ.
XS
SM
MD
LG