Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:34

Ўзбек машиналарига Россияда харидор камайди



2012 йилнинг январ-октябр ойлари оралиғида GM Uzbekistan қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган енгил автомобилларнинг Россияда сотилиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7 фоизга камайди.

Европа бизнес ассоциацияси автомобилсозлар қўмитасининг душанба куни эълон қилган ҳисоботига кўра, жорий йил январидан октябригача Россияда GM Uzbekistan маҳсулоти бўлган 45431 дона Nexia ва 28158 дона Matiz автомобиллари сотилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7 фоизга камдир.

-Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг Россияда сотилиши ўтган ойда ундан аввалги йилнинг октябрига қараганда 10 фоизга кам сотилган. Агар ўтган йил октябрида бу мамлакатда 7856 дона ўзбек автомобили сотилган бўлса, бу йил мазкур рақам 7104 донани ташкил қилади, - дейди Москвадаги Европа бизнеси уюшмасининг Автомобилсозлар қўмитаси матбуот вакили Наталья Заболтина.

Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган "Nexia " ва "Matiz" автомобиллари Россияда кўп сотилаётган хорижий автомобиллардан ҳисобланади.



2012 йилнинг ўн ойи натижаларига кўра, Россияда сотилиш даражаси бўйича Nexia 13-ўринни, Matiz эса 23-ўринни эгаллаган.

Россия бозорига енгил автомобиллар етказиб бериш ҳажми бўйича эса "GM-Uzbekistan" қўшма корхонаси 11-ўринди турибди.

Автомобил ишлаб чиқарувчилар уюшмаси ҳисоботига кўра, "GM-Uzbekistan" ўзбек-америка қўшма корхонаси ўтган йили Россияга енгил автомобил сотишни 31 фоизга оширган ва бу мамлакатга 92778 дона Chevrolet машинасини сотган эди.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг Россияда сотилиши бу йил камайгани сабабларини Европа бизнеси уюшмасининг Автомобилсозлар қўмитаси вакили изоҳлай олмаслигини айтди.

-Изоҳлай олмаймиз, сабаби биз бозордаги вазият таҳлили билан шуғулланмаймиз, фақат статистик маълумотларни эълон қилиб борамиз. Бу статистик маълумотлар ишлаб чиқарувчиларнинг бизга тақдим этган маълумотларига асосланади, - деди Наталья Заболтина.

Россия бозорида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган"Nexia " ва "Matiz" машиналарининг ҳаридоргирлиги сўнгги бир йил ичида пасайганини Москвадаги “Уз Дэу Авто” салони раҳбари Вадим Тарасенко ҳам тасдиқлайди.

-Ҳақиқатан ҳам, сўнгги ойларда машиналарнинг сотилиши камайганини кузатяпмиз. Мен фақат ўзбек автомобилларини назарда тутяпман. Ўтган йиллари машиналар салонда туриб қолмас эди. Бу йил кўп машиналар туриб қоляпти, бу ерда бозор фактори бор, талаб камайган - дейди Тарасенко.

Москвадаги "Уз Дэу Моторс" салони менежери Алексей Брен фикрича эса, Россия бозорида талаб фақат ўзбек машиналарига пасаймаган.

- Машиналарнинг сотилиши тушиб кетди. Бу фақат бизда эмас. Умуман Россия автомобил бозорида шунақа аҳвол, - дейди Брен.

ЎзДЭУавто ёпиқ турдаги ҳиссадорлик жамияти базасида 2008 йилда ташкил этилган GM Uzbekistan қўшма корхонаси йилига 250 минг автомобил ишлаб чиқаради. Ҳозирги кунда корхона енгил машиналарнинг саккиз турини ишлаб чиқаради.

Шу йил феврал ойидан завод Chevrolet Captiva, Epica, Spark ва Malibu машиналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган эди.

Лекин,Ўзбекистон жаҳондаги автомобил ишлаб чиқарувчи 28 давлатнинг бири бўлатуриб, ўзбекистонликларнинг ўзига автомобил етиштириб беролмаяпти. Ўзбекистоннинг ички автобозорида машиналар нархи Россиядагидан ҳам юқори.

- Машина дефицит. Одамлар навбатга туриб пулни тўлаяпти, лекин анча вақт кутиб қолишяпти. Нимага бундайлигини билмайман, балки машиналарни кўпроқ четга сотишаётгандир. Ахир ҳукуматнинг мақсади мамлакатга четдан кўпроқ валюта тушумини таъминлашку,- дейди тошкентлик Тохир.

Таҳлилчилар фикрича, автомобиллар савдоси мамлакат юқори доираларидаги коррупция кўринишининг бир турига киради.

Ўзбекистонда четда ишлаб чиқариладиган бошқа тур машиналарни олиб киритилиши учун йирик миқдорда бож тўловлари жорий этилган.

GM Uzbekistan монополияса мамлакатдаги маҳаллий ҳаридорларга четдан бошқача машина олиш танловини қолдирмаган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:48 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG