Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:31

@GulnaraKarimova ҳуқуқ ҳимоячиларига Twitterда жавоб берди


Twitterда Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вакили Эндрю Стролайн билан мулоқот ўрнатган @GulnaraKarimova ҳуқуқ ҳимоячилари эълон қилган қийноқларга оид маълумотлар бўйича саволларга тўлиқ жавоб беришни ваъда қилди.



Эндрю Стролайн @GulnoraKarimovaнинг ваъдасини олди

Шанба ва якшанба кунлари Twitterда нисбатан фаол бўлган @GulnoraKarimova ўз followerлари орасида бўлган ҳуқуқ фаоллари ва хорижлик журналистларнинг айрим саволларига жавоб берди.

Жумладан, Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вакили Эндрю Стролайн инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилотларининг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари йиллар давомида поймол этиб келинаётгани ҳақидаги ҳисоботларига изоҳ сўраб берган саволига жавобан @GulnoraKarimova шошилмади.










У Эндрю Стролайндан ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ҳисоботларида берилган ҳолатларга оид маълумотларни dadu5@yandex.ru электрон манзилига жўнатишни сўради ва маълумотларни алоҳида-алоҳида ўрганиб чиққанидан сўнг жавоб беришини айтди.

Бундан ташқари, ўтган йили BBCнинг Ўзбекистонга киритилмаган журналисти Наталя Антелава ҳам мулоқотга қўшилиб, ўзининг Тошкентга киритилмагани борасида изоҳ сўради.

Бунга жавобан ҳам @GulnoraKarimova журналистга ўз электрон манзилига мактуб ёзишни ва вазиятни ўрганишни ваъда қилди.


@GulnaraKarimova Twitterda фаол

Twitterдаги манзилида нисбатан фаол бўлган ва ўз followerлари саволларига куттирмасдан жавоб бериб борадиган @GulnaraKarimova бироз муқаддам спорт билан шуғулланиши акс этган ўндан ортиқ суратини чоп этган эди.

"Грация ва пластика", "Бир жойда туриб югуриш", "Итча туриш" ва ҳоказо жумлалар билан ўз машғулотларини эринмай шарҳлаган @GulnaraKarimova фолловерларига, асосан, мушакни чўзишда асқотадиган фойдали маслаҳатларни берган.

Followerларнинг аксарияти бу маслаҳатлар ва суратлардан руҳланди ҳамда @GulnaraKarimovaга олқишлар, илтифотлар ёғдирди.

Аммо, айрим суратларга эътироз қилган Twitterчилар ҳам бўлди ва улар "Суратдаги қиз сизми ўзи?", "Бунақа ҳаракатларни бувижонларимиз ҳам бажаради, жиддийроқ нарсаларга ўтинг" мазмунидаги луқмаларни ташлади.

Дарвоқе, сўнгги кунлар ичида @GulnaraKarimova мушакларни чўзиш бобидаги суратларига эътироз билдирганларга ҳам жавоб бериб, ишни "ёғ босган орқаларини" йога машқлари билан тартибга солишдан бошлаш ҳақида яна бир маслаҳат берди.


Сиёсатчи, филантроп ва оддий ўзбек аёли

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи 40 ёшли Гулнора Каримова кейинги бир йил давомида бу каби ҳатти-ҳаракатлари билан тез-тез жамоатчилик оғзига тушмоқда.

Асосан ёшларни ўзига ром қилишга қаратилган PR акциялар сирасидан Гулнора Каримованинг шу йил бошроғида инглиз тилидаги "Round Run" қўшиқлар албомини чиқаргани, инглиз тилида сўзлашувчи ғарбда "диктаторнинг қизи қўшиқ айтмоқда", қабилидаги иборалар билан қабул қилинган бўлса-да, Ўзбекистонда оламшумул воқеа сифатида олқишланди.

Ундан кейин "Round Run" қўшиғига Бухорода видеклип олингани ҳам Googoosha таҳаллуси билан ижод қиладиган Гулнора Каримова мухлислари томонидан юқори баҳоланди. Лекин клипни суратга олиш жараёнида Бухоронинг тархий қисми ёпиб қўилгани мунозараларни келтириб чиқарди.

Ўзини сиёсатчи, қўшиқчи, дизайнер, шоира ва оддий ўзбек аёли деб тақдим қиладиган Гулнора Каримова ёш журналистлар учун ташкил қилинган ёзги лагерга ташриф буюриб, карате кўрсатгани ҳам ёшларни ўзига қаратиш уриниши ўлароқ талқин қилинди. Озодлик сайтида бу ҳақда эълон қилинган мақолага жавобан Гулнора Каримова “ҳеч кимга карате кўрсатмагани”, у намойиш қилган “приёмлар” эса Шао-линь роҳибларининг У-шу жанг санъатига доир эканини таъкидлади.

Жорий йилда Гулнора Каримова етакчилигидаги “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси ҳомийлик қилгани айтилган “хайрия тўйлар” акцияси доирасида Ўзбекистон вилоятларида кам таъминланган оилаларга мингтадан хатна ва никоҳ тўйлари уюштириб берилди. Лекин “хайрия тўйлари” маҳаллий тадбиркорлардан унидириб олинган ўлпон ҳисобидан қилингани яна мунозараларни келтириб чиқарди.

Санъат ва ўзбек маданияти ҳомийси сифатида ҳам танилган Гулнора Каримова ўтказган “Art Week Style.Uz” санъат ҳафталиги президент қизининг энг катта PR тадбирлари бўлди ва минглаб ўзбек ёшлари, асосан шоу-бизнес олами кунда-шундаларининг хурсанчилигига сабаб бўлди. Лекин “Art Week Style.Uz” ҳафталиги бу йил ҳам пахта мавсуми авж палласига чиққан пайтда, аксар ўзбекистонлик ёшлар пахта далаларида тонгдан шомгача тер тўкаётган шароитда ўтказилгани танқидларга сабаб бўлди.

Отасининг ўрнига президентликка даъвогарлик қилаётгани айтилаётган Гулнора Каримова обрўйини кўтаришга қаратилган PR кампаниясининг кучайгани Швеция ва Швейцарияда президент қизига яқин шахслар коррупция ва пул ювишга алоқадорлиги юзасидан тергов кетаётган пайтга тўғри келгани билан ҳам эътиборлидир.

XS
SM
MD
LG