Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2023, Тошкент вақти: 13:13

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистон ва Қозоғистон Қамбарота ГЭСи бўйича ягона позицияга эга

POLIT.UZ интернет нашрининг хабар қилишича, бу ҳақда Қозоғистон Бош вазирининг ўринбосари Керимбек Кушербаев ўзбек-қозоқ ҳукуматлараро комиссиясининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган XII мажлисида маълум қилган.

Қозоғистон расмийсига кўра, Қирғизистонда қурилиши режаланган Қамбарота -1 ГЭСи лойиҳаси нуфузли халқаро экспертизадан ўтказилиши шарт.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарларининг 5 декабрда Бишкекда ўтган йиғинида чиқиш қилган Ўзбекистон Бош вазири биринчи ўринбосари Рустам Азимов ҳам Қамбарота -1 ГЭСи лойиҳасининг халқаро экспертизадан ўтказилиши минтақада конструктив ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатлар ўрнатилишига туртки бўлишини билдирган эди.

Қамбарота-1 ГЭСини қуриш юзасидан Бишкек ва Москва ўртасида шартнома имзоланган. Мазкур шартномага биноан Россия гидроиншоот қурилишига 1 миллиард 700 миллион доллар сармоя ётқизади.

Кун янгиликлари

Андижонда автомобилга газ қуйиш станциялари фаолияти чекланди

Андижон вилоятида 4 декабрдан бошлаб автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти чекланди. Мазкур шохобчалар ҳар куни эрталаб соат 06:00 дан - соат 15:00 га қадар ишлайди.

Расман билдирилишича, бунга “ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши туфайли табиий газни биринчи навбатда аҳоли хонадонлари, электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда ижтимоий соҳа обектлари (мактаб, боғча, шифохона ва бошқалар)га етказиб бериш чоралари кўрилаётгани” сабаб бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев 22 ноябрда “Ўзбекнефтгаз” ширкатида энергетика соҳаси раҳбарлари билан учрашиб, қишга тайёргарлик масалалаларини муҳокама қилган эди. Ўшанда “Ўзтрансгаз”, “Ҳудудгазтаъминот”, “Ҳудудий электр тармоқлари”, “Ўзэнергоинспекция” раҳбарлари Ўзбекистон қиш мавсумидаги “ҳар қандай аномал совуққа тайёрлиги”ни билдирган эди.

Йиғилишда Шавкат Мирзиёев: “Бу йил энергетика тизимини яхшилашга барча манбалардан 14,5 триллион сўм бердик. Қандай хомашё, буюм, техника керак бўлса, олиб берилди. Энди соҳа раҳбарлари масъулиятни тўлиқ зиммасига олиб, аниқ режа қилиши ва энергия етказиб беришни кафолатли таъминлаши зарур”, – деган эди.

Расмий хабарга ишонилса, “табиий газ билан барқарор таъминлаш мақсадида қўшимча 5 миллиард куб метр кафолатли газ манбалари ҳал қилинди. Ерости омборларида етарлича газ захираси жамланди”.

Шу билан бир қаторда Озодликнинг мустақил манбалари ҳали куз-қиш мавсуми бошланмай турибоқ Ўзбекистон энергетик тизимида узилишлар бошлангани тўғрисида ўз хавотирларини билдирган эдилар. Бу маълумотлар Озодликнинг ZIMISTON-UZ лойиҳасига жамланган. Video ZIMISTON-UZ. Президентдан мастер-класс: Ойналарни ғиштлаш

Расман: Фарғонада “Бахти Ташкентский”га яқин бўлган Достон Халилов ушланди

Достон Халиловни ыщлга олиш пайти. Фар-она ИИБ ахборот хизмати фотоси.
Достон Халиловни ыщлга олиш пайти. Фар-она ИИБ ахборот хизмати фотоси.

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ДХХ билан ҳамкорликда ўтказган амалиёт пайтида “Бахти Ташкентский” лақабли "Бахтиёр Қудратуллаевга яқин бўлган Достон Халилов” қўлга олинди.

Расман билдирилишича, Фарғона шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 109-моддаси билан судланган, Достон Халилов қўшни Қирғизистонга қочиб ўтмоқчи бўлганида "Дўстлик" чегара постида қўлга олинди.

Унга нисбатан Фарғона шаҳар ИИО ФМБ томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми (безорлик) билан жиноят иши қўзғатилди. Мазкур айблов асосида у 3 йилдан беш йилгача озодликдан чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум этишга ҳукм этилиши мумкин.

3 декабрда Тошкент шахар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси “қонундаги ўғри” сифатида билинган “Бахти Ташкентский” лақабли Бахтиёр Қудратуллаев ва бошқа шахслар ҳибсга олингани ҳақида билдирган эди.

Хабарда айтилишича, улар "таҳдид ва куч ишлатиш йўли билан пул маблағларини қонунга хилоф равишда қўлга киритиш билан шуғулланган". (165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик). Шунингдек, “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев 276-модда 2-қисми - кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлашда ҳам гумонланмоқда.

Тошкент шаҳар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жиноий гуруҳ аъзоларини аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилмоқда. Шу кунгача жиноят оламининг қатор кўзга кўринган вакиллари қўлга олингани айтилмоқда.

Пойтахтда “криминоген вазиятни яхшилаш бўйича тезкор-профилактик тадбирлар” ўтказилаётганини тасдиқлаган ИИББ фуқаролардан хавфсизлик қоидаларига риоя этиш ва хавотирга берилмасликни сўраган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, “Долзарб қирқ кунлик” доирасида Тошкентда “кўча”ни батамом йўқ қилиш кўзланган.

Президент Мирзиёев қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққани билдирилди

Президент Шавкат Мирзиёев оила аъзолари билан.
Президент Шавкат Мирзиёев оила аъзолари билан.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматига кўра, президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил 4 декабрдан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққан.

Мирзиёевнинг меҳнат таътили унинг рафиқаси Зироат Мирзиёеванинг туғилган кунига тўғри келмоқда.

66 ёшни қаршилаётган Зироат Мирзиёева (қизлик фамилияси Ҳошимова) Шавкат Мирзиёев билан тенгдош ва у билан битта олий ўқув юрти – Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш институтини битирган (1996 йил).

Мирзиёевнинг 13 йиллик бош вазирлиги даврида матбуот ва жамоатчилик кўзидан панада бўлган Мирзиёева хоним ҳозирда «Замин» фондига раҳбарлик қилади.

Шавкат Мирзиёев бундан роппа-роса 7 йил аввал, 2016 йилнинг 4 декабрида биринчи марта президентликка сайланган эди.

"Мирзиёевлар Амирлиги": Тармоқни титратган Озодлик суриштируви
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:57 0:00

Жорий йил 9 июлида у янги конституцияга биноан икки муддат президентлик ўрнига амалда учинчи муддат, бу сафар 7 йилга президент этиб сайланган.

Охирги марта Шавкат Мирзиёев 2022 йил 5 январида қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққан эди.

У биринчи марта 2019 йил августида меҳнат таътили олган. Бу Мирзиёевнинг 13 йиллик бош вазирлик ҳамда 3 йиллик президентлиги давридаги расман биринчи меҳнат таътили бўлган эди.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига биноан, Президентга муддати 36 иш кунидан иборат йиллик ҳақ тўланадиган таътил берилади.

Ўзбекистон Конституциясида президент таътилда бўлганида унинг вазифасини ким бажариши масаласига аниқлик киритилмаган.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 112-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг зиммасига юклатилиши» қайд этилган.

Президент Мирзиёевнинг қисқа меҳнат таътили унинг Дубайга сафари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари Тошкентда жиноий гуруҳларга қарши кенг кўламли амалиёт бошлаган паллага тўғри келмоқда.

Президент матбуот хизмати “криминоген вазиятни яхшилаш бўйича тезкор-профилактик тадбирлар” деб аталаётган амалиёт юзасидан ҳеч қандай маълумот бергани йўқ.

ОАВ: Салим Абдувалиевга нисбатан терговга қадар текширув бошланди

73 ёшли Абдувалиев "Салимбой" ва «Салимбойвачча» лақаблари билан танилган.
73 ёшли Абдувалиев "Салимбой" ва «Салимбойвачча» лақаблари билан танилган.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Миллий олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари Салим Абдувалиевга нисбатан терговга қадар текширув ўтказмоқда, деб хабар берди Kun.uz.

Бироқ расман бу маълумот ҳозирча тасдиқланмади. Ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам, ҳукумат идоралари ҳам бу хабарга ҳозирча муносабат билдирмади.

73 ёшли Абдувалиев "Салимбой" ва "Салимбойвачча" лақаблари билан танилган.

Абдувалиев 2017 йил январидан Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ва спорт курашлари ассоциацияси раиси лавозимларида ишлаб келаётганди.

Kun.uz нашри ўз манбаси Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси биринчи вице-президенти Ғофур Раҳимов қидирувда экани тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабарларни тасдиқламагани ҳақида ҳам ёзди.

2 декабрда Тошкент шаҳар ИИББ жиноий гуруҳ аъзоларини аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилаётгани тўғрисида хабар берганди.

Тошкент шаҳар ИИББ 2 декабрь куни “Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган шахс қамоққа олинганини маълум қилди.

Расмий билдирувга кўра, 1987 йилда туғилган Саидазиз Саидалиев спорт билан шуғулланган жисмонан бақувват шахсларни ўз атрофига йиғиб, безорилик, тамагирлик каби жиноятларни содир этган.

3 декабрда Тошкент шахар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси “қонундаги ўғри” сифатида билинган “Бахти Ташкентский” лақабли Бахтиёр Қудратиллаев ва бошқа шахслар ҳибсга олинганини тасдиқлади.

Хабарда айтилишича, улар "таҳдид ва куч ишлатиш йўли билан пул маблағларини қонунга хилоф равишда қўлга киритиш билан шуғулланган". (165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик). Шунингдек, “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев 276-модда 2-қисми - кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлашда ҳам гумонланмоқда.

Фарғонада жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олингани айтилмоқда

Фарғона вилотя ИИБ ахборот хизмати фотолари.
Фарғона вилотя ИИБ ахборот хизмати фотолари.

Фарғона вилоятида охирги 10 кунда жиноят содир этгани учун қидирилаётган 37 киши топилган, 22 киши безорилик устида ушланган, 248 кишининг уйида тинтув ўтказилган. Бу ҳақда Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, “Зарбдор 40 кунлик” доирасида Фарғона вилоятида тезкор вазият барқарорлигини таъминлаш, жиноятчиликни жиловлаш борасида ҳамкорликдаги тезкор-қидирув профилактик тадбирлари ўтказилмоқда.

«Шунингдек, жиноят содир этишга мойил бўлган шахсларнинг ҳуқуқбузарликларини аниқлаш бўйича 106 марта фаол тезкор қидирув тадбирлари ўтказилиб, 66 та жиноятлар аниқланди», деб хабар бермоқда вилоят ИИБ матбуот хизмати.

Мазкур тадбирлар давомида, 4 кило 749 грамм гиёҳванд модда, 78 дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи модда, 41 та қурол, ўқ-дорилар ва совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ашёлар, 45 дона турли хил компьютер, телефон ҳамда диний адабиётлар олинган.

Қидирувда бўлган 37 шахс ушланган. Бундан ташқари, гуруҳбозлик қилган 22 нафар шахс безорилик устида ушланиб, уларнинг фаолиятига чек қўйилган.

Бошқарма қайд этишича, жорий йилнинг 22 ноябрь куни Олтиариқ туманида «гуруҳбозликка интилувчи» икки гуруҳ вакиллари А. Рустамов ва Т. Мирзараҳимов ўртасида жанжал келиб чиққан. Ўтказилган тезкор ишлар давомида 15 нафар гуруҳбоз ва уларнинг издошлари қўлга олинган.

Фарғона вилояти ИИБ, ушбу тадбирлар доирасида MMA жангчиси Ҳумоюн Тўхтамуродов ҳам қўлга олинганини маълум қилганди.

Аввалроқ, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев қўлга олинганини маълум қилганди. Шунингдек, “Саидазиз медгородок” номи билан танилган Саидазиз Саидалиев ушлангани ҳақида маълумотлар мавжуд.

РАСМАН: “Бахти Ташкентский” лақабли Бахтиёр Қудратуллаев ҳибсга олинди

Бахтиёр Қудратуллаев “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган. Тошкент шахар ИИББ ахборот мультимедиа маркази.
Бахтиёр Қудратуллаев “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган. Тошкент шахар ИИББ ахборот мультимедиа маркази.

Тошкент шахар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси “қонундаги ўғри” сифатида билинган “Бахти Ташкентский” лақабли Бахтиёр Қудратуллаев ва бошқа шахслар ҳибсга олинганини тасдиқлади.

Хабарда айтилишича, улар "таҳдид ва куч ишлатиш йўли билан пул маблағларини қонунга хилоф равишда қўлга киритиш билан шуғулланган". (165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик). Шунингдек, “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев 276-модда 2-қисми - кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлашда ҳам гумонланмоқда.

Тошкент шаҳар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жиноий гуруҳ аъзоларини аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ 2 декабрь куни “Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган шахс қамоққа олинганини маълум қилди.

Расмий билдиргига кўра, 1987 йилда туғилган Саидазиз Саидалиев спорт билан шуғулланган жисмонан бақувват шахсларни ўз атрофига йиғиб, безорилик, тамагирлик каби жиноятларни содир этган.

Пойтахтда “криминоген вазиятни яхшилаш бўйича тезкор-профилактик тадбирлар” ўтказилаётганини тасдиқлаган ИИББ фуқаролардан хавфсизлик қоидаларига риоя этиш ва хавотирга берилмасликни сўраган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, “Долзарб қирқ кунлик” доирасида Тошкентда “кўча”ни батамом йўқ қилиш кўзланган.

“Кўча болаларига қарши рейдлар” номини олган амалиёт 26 ноябрь куни "Ҳумо Арена"даги концерт чоғида юз берган тартибсизлик ортидан бошланган.

Қозоғистонлик рэпер Jah Khalibaнинг издиҳомга айланиб кетган концертидаги тартибсизликларда билет сотиб олгани ҳолда концертга киролмаган ғазабнок мухлислар Миллий гвардия ходимларига қаршилик кўрсатгани, ҳатто пичоқбозлик юз бергани ҳақида хабарлар олинган.

Миллий гвардия ҳамда “Ҳумо Арена” вакиллари Озодлик билан суҳбатда ҳодисада Миллий гвардия ходимларининг жароҳат олганини рад этди, аммо ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасининг билдиришича, тартибсизликлар чоғида камида бир ходим оғир жароҳат олган.

Блогер Олимжон Ҳайдаров 8 йилга қамалди

Олимжон Ҳайдаров шу йилнинг 29 июль куни қора ниқоб кийган махсус ходимлар томонидан ҳибсга олинганди.
Олимжон Ҳайдаров шу йилнинг 29 июль куни қора ниқоб кийган махсус ходимлар томонидан ҳибсга олинганди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди 1 декабрь куни блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан ҳукмни эълон қилди.

Олий суднинг билдиришича, Ҳайдаров Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 2-қисми, 3-қисми “а” банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди ва 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

Мазкур айбловлар асосида у 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. У жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.

Олимжон Ҳайдаровдан 165-моддасининг 2-қисми “а” “б” бандлари (Такроран ёки хавфли рецедивист томонидан, кўп миқдорда товламачилик қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этиш айблови олиб ташланди.

Шунингдек, Мажбурий ижро бюроси зиммасига ижтимоий тармоқлардаги О. Ҳайдаровга тегишли барча канал, саҳифа ва гуруҳларни ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг ўчирилишини таъминлаш юклатилди.

Жабрланувчи С. М. га жиноят оқибатида етказилган моддий зарар ундириш бўйича тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаганлиги сабабли, моддий ва маънавий зарар ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судига мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилди.

Биринчи инстанция судининг ҳукмидан норози тарафлар жиноят-процессуал қонунчилигида белгиланган тартиб ва муддатда Фарғона вилоят судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтириш ҳуқуқига эга.

Водил шаҳарчасида ўтказилган судда 25 ноябрь куни прокурор Мирзоҳид Эрматов Олимжон Ҳайдаровни Жиноят кодексининг унга нисбатан қўлланган барча бандлари бўйича айбдор деб топиш ва 9 йилу 6 ойга озоликдан маҳрум қилиш, жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташ ва "жабрланувчилар" фойдасига 50 миллион сўм миқдорида моддий зарар ундиришни сўраган эди.

Судда асосан, Олимжон Ҳайдаров ўз чиқишларида танқид қилган маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, жумладан, Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов, шунингдек, Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани ИИББ ходими ҳамда Фарғона вилоятидаги бозорлардан бирининг таъсисчиси Ҳайдаровга қарши кўрсатма берган.

Олимжон Ҳайдаров шу йилнинг 29 июлида салбий мазмундаги мақолани тарқатмаслик эвазига «Қўқон Истиқлол» савдо комплекси раҳбарларидан 10 минг доллар талаб қилганликда гумонланиб ҳибсга олинган. У Фарғона вилояти ИИБ ва Қўқон шаҳар прокуратураси қошидаги Департамент ходимлари иштирокидаги махсус амалиёт даврида махсус кимёвий ишлов берилган пул билан ушланган.

Олимжон Ҳайдаров ҳибсга олинганидан кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда эълон қилинган баёнотида ўзини “сиёсий маҳбус” деб атаганди.

Блогернинг иддаосича, унинг қамалиши тўғридан-тўғри касбий- профессионал фаолияти билан боғлиқ. У ўз фаолияти даврида йирик коррупцион схемаларни фош қилганини айтган.

Тўлов тизимлари АЖга айлантирилади, Humo Давактивга берилади, МБ карталарни блоклаши мумкин

Ўзбекистонда 2024 йил 1 июлдан бошлаб тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фақат акциядорлик жамияти шаклида фаолият юритади. Бу борадаги қарорни президент Шавкат Мирзиёев 30 ноябрда имзолади.

Қарорга асосан 2024 йил 1 июлдан тўлов тизимлари операторлари учун устав капиталининг энг кам миқдори 50 миллиард сўм, тўлов ташкилотлари учун 10 миллиард сўм қилиб белгиланади. 2025 йилнинг 1 июлидан эса тўлов ташкилотлари устав капитали 20 миллиард сўмдан кам бўлмаслиги шарт.

Қарорда Humo тўлов тизимидаги давлат улуши тўлиқ Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилиши қайд этилган. Шу кунгача Humo Марказий банкнинг Бош ахборотлаштириш марказига тегишли эди.

Бундан ташқари Марказий банк бошқа банклардан шубҳали операциялар амалга оширилган банк карталари ва ҳисоб рақамларини блоклаб қўйишни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Қарорда таъкидланишича, сўнгги пайтларда банк карталаридан пул ўғирланиши ҳолатлари кўпайгани ортидан Марказий банкка мана шундай ҳуқуқ берилмоқда.

Марказий банк талаби билан карталар ва ҳисоб рақамлари уч кунгача блокланиши шарт бўлади.

Камида 65 бола ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” иши юзасидан суд вақтинча тўхтатилди

Олий суднинг билдиришича, 1 декабрда Тошкент шаҳар суди “Док-1 Макс” жиноят иши юзасидан жараённи бир ойга тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Жиноят иши эса “айбловни тўлдириш ва бошқа шахсларни айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш билан боғлиқ қўшимча процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун тергов органига юборилди”.

Ўзбекистонда камида 65 боланинг ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” сиропи юзасидан суд жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 11 август куни бошланган эди.

Иш доирасида жами 21 киши, жумладан, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари, Ҳиндистон фуқароси, “Quramax Medikal” МЧЖ директори ҳамда бошқаларга айблов эълон қилинган. Айбланувчиларнинг 16 нафари эркак ва 5 нафари аёл.

Шу йилнинг январь ойида ДХХ Тергов бошқармаси томонидан “Quramax Medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” мутасаддиларига нисбатан жиноят иши очилганди. “Док-1 Макс” сиропини Ўзбекистонга олиб кирган “QURAMAX MEDICAL” МЧЖнинг лицензияси ҳам 13 январь куни бекор қилинган.

Суд жараёнида мансабдорлар мазкур сиропни Ўзбекистонда махсус текширувларидан ўтказмасдан сотувга чиқарилиши учун камида 33 минг доллар пора бергани аниқланган.

Миллий телерадиокомпаниянинг 22,5 миллион евро кредити давлат бюджетидан тўланади

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 22,5 миллион евролик кредити давлат бюджети ҳисобидан тўлаб берилади. Президент Мирзиёев бу борадаги қарорни имзолади.

Қарорда таъкидланишича, мазкур кредит МТРКга рақамли эшиттириш форматига ўтиш учун замонавий мултимедиа ускуналари билан жиҳозлаш мақсадида 2016 йилда берилган эди.

Қарорга асосан,кредит муддати 10 йилдан 13 йилгача узайтирилиб, давлат бюджетининг қарзни қайтаришдаги улуши оширилади.

Дастлаб МТРКга берилган кредитнинг 11,25 миллион евросини ҳукумат ва 11,25 миллион евросини МТРКнинг ўзи тўлаши режалаштирилган эди. Аммо шу кунгача МТРК бу кредит бўйича тўловларни амалга оширмаган.

МТРК давлат бюджети ҳисобидан фаолият юритиб келаётган ташкилотлардан биридир. 2023 йилда мазкур ташкилот учун давлат бюджетидан 555,94 миллиард сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган эди.

Айрим хабарларда айтилишича, бу “парламентнинг икки палатаси, қатор вазирлик ва қўмиталар бюджетидан кўп”.

МТРКга давлат бюджетидан 2022 йилда 463,6 миллиард сўм, 2021 йилда 427,1 миллиард сўм, 2020 йилда 399,5 миллиард сўм ажратилган эди.

Жаҳон банки Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт ва иш ўринлари яратиш учун қарз беради

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Жаҳон банки Ўзбекистонга рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва ахборот технологиялари соҳасида янги иш ўринлари яратиш учун 50 миллион доллар миқдорида имтиёзли қарз беради. Бу ҳақда 30 ноябрь куни Жаҳон банки матбуот хизмати маълум қилди.

Расман билдирилишича, имтиёзли кредит доирасида минглаб қишлоқ ёшларини «рақамли технологиялар билан ишлаш кўникмасини ривожлантириш, уларни ахборот технологиялари соҳасидаги ишларга жалб этиш» назарда тутилади.

Жаҳон банки матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, Ўзбекистон 2017 йилда 600 минг долларлик ITES хизматини кўрсатган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 140 миллион долларга етган. Аммо ўсиш кузатилганига қарамай, Ўзбекистонда ахборот ва коммуникация технологиялари соҳасидаги хизматлар ЯИМнинг 1,9 фоизини ташкил қилмоқда.

“Шу билан бир қаторда Ўзбекистоннинг 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясида IT хизматлар ҳажмини йилига 5 миллиард долларга, Ўзбекистондаги IT ширкатлар сонини 1000 тага, IT соҳасида ишлайдиган ёшлар сонини 300 мингга етказиш режалаштирилган”, дейилади Жаҳон банки билдирувида.

Жаҳон банки мазкур лойиҳа доирасида 2029 йил охиригача ITES хизмати соҳасига 25 минг киши ишга ўрнатилиши, 15 мингга яқин киши бу соҳага яқин хизматларни кўрсатувчи ширкатларга ишга жойлаштирилишини иддао қилмоқда.

Иттифоқчилик тўғрисидаги Ўзбекистон-Қозоғистон шартномаси ратификация қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади, деб хабар берди Адлия вазирлиги.

Шартномада икки мамлакат мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини ва барқарор иқтисодий ривожланишини янада мустаҳкамлашга қаратилган муносабатлар ўрнатиш назарда тутилади.

Шартнома ташқи сиёсат, мудофаа ва хавфсизлик, миграция, саноат кооперациясини ривожлантириш, трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича қўшма чора-тадбирларни қабул қилиш, парламентлар, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш каби соҳаларда яқин ҳамкорликни назарда тутади.

Тошкентда ток урган ўқувчининг ўлими юзасидан жиноят иши очилди

Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 99-мактабда ўқиган 8-синф ўқувчиси электр токи уриши оқибатида вафот этгани юзасидан жиноят иши очилди, деб билдирди Бош прокуратура.

Расман билдирилишича, ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 186-(Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) ва 207-(Мансабга совуққонлик билан қараш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга киришилди.

28 ноябрда ижтимоий тармоқларда “Тошкент шаҳри Филология мактабида 8-синф ўқувчиси очиқ қолган электр токига тегиб кетиш натижасида вафот этгани айтилмоқда. Масъул ходимлар очиқ қолган электр токига қарамаганлиги сабабли бола вафот этган”, деган хабарлар тарқалган эди.

Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бу хабарларни инкор этган. Бошқарма 28 ноябрда тарқатган расмий маълумотда: “27 ноябрь куни соат тахминан 18:15 да ўқувчи А.А., таълим муассасаси ҳовлисидаги спорт майдончасидан чиқиб кетаётиб, ҳушини йўқотгани” айтилади.

Бошқарма мактаб қоровули зудликда “Тез ёрдам” чақиргани, ўқувчи касалхонага олиб кетилгани ва ўша ерда хушига келмай вафот этгани ҳақида билдирган.

Аммо Суд тиббий экспертизаси ўқувчи электр токи уриши оқибатида вафот этгани тўғрисидаги дастлабки хулосани берганидан сўнг, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ўз хабарини таҳрирлади ва “боланинг ўлимига электр токи сабаб бўлмагани, мактаб стадиони ва унинг атрофида электр энергияси узаткичлари борлиги аниқланмагани” айтилган қисмини олиб ташлади.

Олмаотадаги ёнғинда ҳалок бўлганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам борлиги айтилмоқда

Ёнғинни ўчиришга 46 нафар ўт ўчирувчи жалб қилинди.
Ёнғинни ўчиришга 46 нафар ўт ўчирувчи жалб қилинди.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги хостеллардан бирида юз берган ёнғинда ҳалок бўлган 13 киши орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор. Бу ҳақда “Газета.uz” Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар берди. Айни пайтда ТИВ расмий сайтида бу борада ҳозирча маълумот берилмади.

Хабарда айтилишича, ёнғинда ҳалок бўлган ўзбекистонликлар 23 ёшда бўлган йигитлардир.

“Ҳозирда мамлакатнинг Олмаотадаги бош консуллиги шаҳар ҳокимлиги ва тегишли идоралари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. ТИВ ҳалок бўлганларнинг яқинларига уларнинг жасадларини ватанга етказишда ҳар томонлама ёрдам беришини маълум қилди”, дейилади хабарда.

Аввалроқ Озодлик радиоси Олмаотада 30 ноябрь куни эрталаб юз берган ёнғинда 13 киши ҳалок бўлгани ҳақида ёзган эди.

Хостел уч қаватли уйнинг биринчи қаватида жойлашган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Олмаота бошқармаси ёнғин чиққан пайтда хостелда 72 киши бўлганини билдирди. Улардан 59 нафари ёнаётган бинодан чиқишга улгурган. Қолганлар эса ис газидан заҳарланиб, ташқарига чиқишга улгурмаган.

Ўзбекистонда сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилади

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Президент Шавкат Мирзиёев 29 ноябрда ўтган видеоселектор йиғилишида бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтишга кўрсатма берди. Президент матбуот хизматининг хабар беришича, бунга сув манбаларининг йил сайин камайиб бораётгани сабаб бўлди.

Президент йиғилишда сув ресурсларининг фақат 20 фоизи Ўзбекистонда, қолгани эса қўшни давлатларда шаклланишига эътибор қаратди. Унга кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда сув танқислиги 15 миллиард кубометрга етиши прогноз қилинмоқда.

Мирзиёевнинг айтишича, сув танқислигига қарамай, сувдан самарасиз фойдаланилаяпти. Президент Ўзбекистондаги жами сув ресурсларининг 90 фоизи қишлоқ хўжалигига сарфланишини, бир гектар пахта майдонини суғориш учун йилига 10-11 минг кубметр сув ишлатилаётгани, иқлими ва ери Ўзбекистонга ўхшаш мамлакатларда бундан 2-3 баравар кам сув сарфланаётганини алоҳида таъкидлади.

“Сув хўжалигига ҳар йили ўртача 1 миллиард доллар маблағ йўналтирилмоқда. Бу соҳа бюджетдан маблағ олиш бўйича таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигидан кейин 4-ўринда туради. Аммо тизимда ҳисоб-китоб тўғри йўлга қўйилмагани, сув ресурсларини бошқаришда эскича ёндашувлар сақланиб қолгани учун самара кам”, дейилади расмий хабарда.

Президент бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилишини таъкидлади. Унга кўра, бунинг учун канал ва ариқларни бетонлаш муҳим вазифадир.

Ҳисоб-китобларга кўра, бетонланмаган ирригация тармоқларида йилига ўртача 14 миллиард куб метр ёки 36 фоиз сув ҳеч қандай иқтисодий самарасиз исроф бўляпти. Сув йўқотишлари оқибатида Ўзбекистон иқтисодиёти йилига 5 миллиард доллар даромадни бой бермоқда.

Шу боис сув хўжалигида “каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил” эълон қилинди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG