Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:25

Ўзбек банкирлари VISAнинг хорижда ишламаëтганини инкор қилди


1 февралдан бошлаб хорижга сафар қилаётган Ўзбекистон фуқаролари банкдан сўмга сотиб олган долларини нақд эмас¸ VISA картасида олиб чиқиб кетмоқда. Фуқароларнинг VISA картаси хорижда ишламаëганига оид шикоятлари Ўзбекистондаги банк ходимлари томонидан рад этилмоқда.

2013 йил 1 февралидан бошлаб Ўзбекистон банкларида жисмоний шахсларга нақд пул кўринишда хорижий валюта сотиш тақиқланди.

Янги тартибга мувофиқ ўзбекистонликлар сўмга алмаштирадиган хорижий валюта уларнинг VISA банк карталарига ўтказиб берилмоқда.

Шу кунга қадар хорижга сафар қилмоқчи бўлган ўзбекистонликлар ўзлари билан 2000 АҚШ доллари миқдорида нақд пул олиб чиқиш ҳуқуқига эга эди. Энди фуқаролар хорижга валютани фақат VISA картасида олиб чиқмоқда.



Ўзбекистон Марказий банкига кўра, Ўзбекистондаги барча тижорат банклари “VISA International”, “MasterCard” ва бошқа халқаро тўлов тизимларининг тўлақонли аъзоси ҳисобланади ва улар реал вақт режимидаги банклараро тўловларни амалга ошириш имконини берувчи “СВИФТ” халқаро тизимига уланган.

Бироқ VISA картаси билан хорижга борган айрим фуқаролар VISA картасининг айни кунларда ишламаëтганидан шикоят қилмоқда.

Хусусан¸ 5 феврал куни Uzmetronom.com Интернет газетаси Россиянинг Екатеринбург шаҳрига борган ўзбекистонлик тадбиркорлар VISA картаси билан самолётга чипта сотиб ололмаганларини хабар қилди.

Халқаро миқёсда катта нуфузга эга бўлган VISA картасининг қандай ҳолларда ишламай қолиши сабабини билиш учун VISA ширкатининг Лондондаги бўлимига қўнғироқ қилдик.

Телефон гўшагини кўтарган ходим VISA картаси ишламаган шахс бунинг сабабини фақат карта берилган банкдан билиши мумкинлигини айтди:

- VISA картаси ишламай қолгани ёки карта билан боғлиқ муаммо ҳақидаги ишончли маълумотни фақат ўз банкингизнинг мижозларга хизмат кўрсатиш бўлимидан олишингиз мумкин. Чунки айнан шу банк сизга тегишли маълумотларни назорат қилади, деди VISA ширкати ходими.

Унинг маслаҳатига кўра Тошкентдаги "Агробанк" бўлимларидан бирига қўнғироқ қилиб, VISA картаси қандай ҳолларда ишламай қолиши мумкинлигини тушунтириб беришни сўрадик:

- Ҳар бир ҳолатда қандай хатолик бўлгани алоҳида кўриб чиқилиши керак. Умумий қилиб айтганда, карта ишламаслигининг сабаблари кўп. Масалан, уларда терминал ишламаётган бўлиши мумкин. Балки ўша банкда алоқа муаммоси бўлиши мумкин. Парол нотўғри ёзилган бўлиши мумкин. Карта номери нотўғри киритилган бўлиши мумкин. Хатолар кўп бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир ҳолат алоҳида кўрилиши керак, деди Агробанк ходими.

Ўз исми ошкор этилишини хоҳламаган "Ҳамкорбанк" ходими Озодлик билан суҳбатда VISA картаси ишламаслигига унинг соҳиби йўл қўйган хатолик ҳам сабаб бўлиши мумкинлигини билдирди:

- Масалан, парол уч марта нотўғри терилганда, карта ишламайди, aвтоматический блокировка бўлади. VISA очилган кундан бошлаб уч йилгача актив туради. Ишлайди карта. Фақат ичида пул бўлиши керак. Ичида пули бўлмаса, любой банкоматга кирсангиз, отказ беради, деди бу суҳбатдош.

"Ҳамкорбанк" ходими икки йилдан бери банкнинг пластик карталар бўлимида ишлаётган бўлса¸ шу пайтгача “VISA ишламади” деган гапни эшитмаганини айтади:

- Ишга келганимга икки йил бўлган бўлса, икки йилдан бери ҳали “менинг визам ишламай қолди, унақа бўлиб қолди” деган нарсани эшитмадим, деди "Ҳамкорбанк" ходими.

Айни пайтда, "Агробанк" ходими ҳозир Ўзбекистон банкларидан 2000 долларни сўмга сотиб олиб хорижга VISA картаси билан саёҳат қилаётган фуқаролар чет давлат банкоматларида ҳозирча нақд пул чиқариб ололмасликларини билдирди.

Унга кўра¸ VISA картаси орқали меҳмонхона, дўконлар, ресторан ва бошқа хизматлар учун нақд пулсиз ҳақ тўлаш имкони сақланиб қолади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:28 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG