Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:16

Тошкент вилоят ҳокими жиноий гуруҳ етакчиси сифатида кўрилмоқда


Тошкент вилоятининг расман амалда бўлган ҳокими Рустам Xолматовга нисбатан уюшган жиноий гуруҳ раҳбари деган айблов илгари сурилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон хавфсизлик идораларига яқин “Узметроном” нашри ишончли манбаларига таяниб маълумот тарқатди.

Айни хабарда Рустам Холматовнинг яқин кунларда ишдан озод қилиниши кутилаëтгани ҳам билдирилади.

Ўзбекистон ҳукуматидаги ишончли манбаларига таянган тошкентлик журналистлар тез орада президент Ислом Каримовнинг Тошкент вилоятига бориши ва ҳоким Рустам Холматовни кескин танқидлар билан ишдан олиши кутилаётганини хабар қилмоқда.


Uzbekistan - Governor of Tashkent region Rustam Kholmatov, undated
Uzbekistan - Governor of Tashkent region Rustam Kholmatov, undated
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасидаги манбаларига таянган мустақил журналист Абдураҳмон Ташановдаги маълумотларга кўра, вилоятдаги давлат идораларига ҳоким Рустам Холматов фаолиятини таҳлил қилиш ва тезкор ҳисобот ҳозирлаш вазифаси берилган:

- Тошкент вилоятининг барча кўрсаткичларини прогнозлаш ва таҳлил қилиш бўйича махсус комиссия иш олиб бораяпти. Вилоятдаги минус кўрсаткичларни аниқлаш вазифаси юклатилган. Менимча, ҳоким Рустам Холматов жиддий танқидлар билан ишдан олинади, дейди ўз расмий манбаларига таянган журналист.

Ташановга кўра, Тошкент вилояти Халқ депутатлари кенгашида кутилаётган навбатдан ташқари сессиянинг жорий ҳафта охири ёки келаси ҳафта бошида бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Озодлик мухбири расмий манбаларга таянган мустақил журналист тарқатган бу хабар ортидан Тошкент вилояти ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан боғланди.

Вилоят ҳокимлигининг Ташкилий масалалар бўйича бўлими ходимлари бу хабарларни "аниқ фактларга асосланмаган", дея инкор қилди.

Айни пайтда, Ўзбекистон ҳукуматидаги аноним манбаларга таянган Абдураҳмон Ташанов¸ Ўзбекистоннинг стратегик аҳамиятга эга бўлган бу вилоятига ҳокимликка номзод сифатида икки мулозимнинг номи расмий доираларда тилга олинаётганини айтмоқда:

- Булардан бири Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зафар Рўзиев номзоди. Иккинчиси, ҳозир Андижон вилоятига ҳокимлик қилаётган Аҳмаджон Усмонов номзоди. Энди сессия бўлмасидан туриб, бу номзодлар ҳақида гапиришга ҳали эрта, албатта. Лекин, ҳозирча шу икки мулозимнинг номи тилга олинаётгани бор гап, деди Абдураҳмон Ташанов.

2008 йилдан бери Тошкент вилоятига ҳокимлик қилаётган сенатор Рустам Холматов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Илм-фан, таълим, маданият ва спорт масалалари бўйича қўмитаси аъзосидир.

Senat.uz сайтида берилган хабарга кўра, Холматов 1998-2000 йиллар оралиғида Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани ҳокими бўлган.

2000-2003 йиллар оралиғида эса Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоятнинг Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси раиси бўлган.

2003-2008 йиллар давомида вилоятнинг Қуйичирчиқ тумани ҳокими, 2008 йилнинг 16 декабрида эса Тошкент вилояти ҳокими этиб тайинланган.

Унга қадар қарийб 3 миллионга яқин аҳоли истиқомат қиладиган ва республиканинг маъмурий жиҳатдан муҳим ҳисобланган бу вилоятига Зиёвуддин Ниёзов раҳбарлик қилган эди.

Рустам Холматовнинг ишдан олиниши мумкинлиги ҳақидаги хабар илк бор 2011 йилдан пайдо бўлган эди.

2011 йилнинг сентябр ойида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валюта ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти вилоят ҳокимлигининг айрим масъул шахслари устидан очилган жиноят иши бўйича текширув бошлагани айтилган эди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган Ўзбекистон давлат тизимларидан бирида ишлайдиган манба тергов жараëни бошланишига вилоят ҳокими ўринбосарларидан бирининг ҳокимга қарши ёзиб берган аризаси сабаб бўлганини айтган эди.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидан бўлган 52 яшар Рустам Холматовнинг асл касби иқтисодчидир. У 1999 йилда «Шуҳрат» ордени билан, 2002 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган.
XS
SM
MD
LG