Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:26

“Машинага ҳужум ҳақида Гулнора Каримова янглиш маълумот берган”


Женева полицияси Ўзбекистоннинг БМТдаги ваколатхонаси машинаси ойнасининг синдирилишини оддий безорилик сифатида малакалаб, бу безориликнинг сиëсий ҳужум эмаслигини матбуотга билдирди.


ББС Жаҳон хизматининг Женева полицияси билан суҳбатига кўра¸ “ўзбек дипломатларининг машинасига ҳужум сиёсий эмас".

Гулнора Каримова Женевадаги уйи - "Ўзбекистоннинг БМТ Миссияси ҳудудидаги ер ости гаражидаги хизмат машинасининг ойналарини чилпарчин қилишган"ини ëзган эди.

31 март куни Гулнора Каримова ўзининг wordpress.com саҳифасида "Пул тўлаетганларнинг асаби бардош бера олмаганда" номли блогида ҳодиса ортида ўзбек фаоллари турган бўлиши мумкинлигига ишора қилганди.

Женева полицияси вакили матбуот билан суҳбатда бу ҳодисанинг "Ўзбекистоннинг БМТ Миссияси ҳудудидаги ер ости гаражида" эмас, балки Женева халқаро аэропорти яқинидаги Pre-bois кўчасида¸автомобиллар тўхташ жойида юз берганини айтган.

Бу маълумотдан келиб чиққан ҳолда, Гулнора Каримова ўзининг wordpress.com саҳифасида "ер ости гаражида турган машина ойнаси синдирилди" дея янглиш маълумот берган деган, хулосага келиш мумкин.

Швейцарияда истиқомат қилувчи ўзбекистонликк сиëсий фаол Сафар Бекжоннинг Озодликка айтишича¸ аэропорт яқинидаги автомобил қўйиш жойларида машиналар ойнасини ўғирлик мақсадида синдириш тез-тез юз бериб туради:

- Айнан аэропорт ëнидаги автостоянкада менинг машинамни ҳам ойнасини синдириб, ичидаги ашëларни олиб кетишган. Бу стоянкада тез-тез бунга ўхшаган воқеа бўлиб туради. Бир марта Гулнора Каримованинг уйи ëнидаги автосалон олдида менинг машинам ойнасини синдиришди. Бу оддий безорилик эди. Мен, масалан, Гулноранинг одамлари сиëсий сабабга кўра машинамнинг ойнасини синдирди, деб айтганим йўқ, - дейди Сафар Бекжон.

Суҳбатдошимизга кўра, ойна синдириш ҳақидаги гап-сўзлар чиққан пайтда Гулнора Каримова Швейцарияда бўлмаган. Шу боис "бу хоним янглиш гапларни айтаяпти", дейди Швейцарияда истиқомат қилувчи ўзбекистонлик сиëсий фаол Сафар Бекжон.

Каримова хоним ўз блогида БМТ Миссиясига қарашли хизмат машинасининг ойналари чилпарчин қилингани "ҳақиқат изловчи" мухбирлар эътиборидан четда қолаётганига ажабланиш билдирган эди.

Сафар Бекжонга кўра, Швейцария газеталари кунора бўлиб турадиган оддий безорилик ҳодисалари ҳақида деярли ëзмайди.

"Пул тўлаетганларнинг асаби бардош бера олмаганда …"

Шундай сарлавҳа қўйилган блогда Каримова хоним ҳодисани ўзини ёмонотлиқ қилишга қаратилган маъраканинг бир қисми сифатида талқин қилган.

Ушбу блогда воқеа қачон ва ким томонидан содир қилингани ёзилмаган. Лекин Гулнора бутун блоги давомида жорий йилнинг 2 мартида Женевадаги "уйига бостириб борган" шахсларни, аниқроғи, Мўътабар Тожибоева ҳамда собиқ элчи Крейг Мюррейни анча ёзғирган. Жумладан, уларни дирижёр ёрдамида шоу ижро қилувчи "қўғирчоқ"қа қиёслайди.

Женевадаги уйига "ноқонуний тарзда киришга уринган шахслар почта қутисига ғалати буюмларни ташлаб" кетганлари ҳақида ҳам ёзган Гулнора, бу ҳаракатни жиноий жавобгарлик, деб ҳисоблайди. Айни пайтда блогда почта қутисига нима ташлангани очиқланмаган.

Каримова Швейцарияда содир бўлган ушбу воқеаларни махсус буюртма асосида, яхши йўлга қўйилган, "бироқ анчагина чапани тарзда" амалга оширилган шоу, деб ҳисоблайди.

"Бирлари буюртма беришса, бошқалари пул тўлаб, ижод қилишади, қолганлари эса ижро этадилар", деб ёзади Гулнора ўз блогида.

Каримова хоним кейинги пайтларда ўзига нисбатан "қизиқ, креатив ва унчалик бўлмаган кўргазмали чиқишлар" намойиш этилганини тилга олиб, буни ўзининг қайсарлиги, ишонган нарсасини ҳимоя қилиши, ошкора ва фаол бўлгани эвазига "ҳақ тўлаш", деб ҳисоблайди.

Гулнора бу "ҳақ тўлаш" уни қўрқитиш ва шантаж қилиш ҳисобига бўлаётганини таъкидлайди.

М. Тожибоева: машинанинг ойнасини биз синдирмадик

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси, ҳозирда Францияда яшаётган "Ўтюраклар клуби" ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева Озодлик билан суҳбатда Гулнора Каримованинг Женевадаги уйига борган пайти унинг ертўласидаги машинасига тегмаганликлари айтади.

- Йўқ, биз машинанинг ойнасини синдирмаганмиз. Кейин биз, Гулнора Каримова айтганидек, у ерда шовқин-сурон ҳам қилмаганмиз, дейди Мўътабар Тожибоева.

Ҳуқуқ фаолига кўра, улар почта қутисига фақат ташриф қоғози ташлаган.

- Почта қутисига биз “визитная карточка” ташлаганмиз. Эшикни тақиллатиб, “звонок”ни чалганмиз. Ҳеч ким бизга жавоб бермаган. Кейин шу ерга келиб-кетганлигимизнинг изи қолиши учун мен ва Крейг Мюррей ўзимизнинг “визитка”мизни почта қутисига ташлаганмиз, дейди Мўътабар Тожибоева.

Ҳозирда 2 март кунги воқеа бўйича терговолди жараёни давом этмоқда. Мўътабар Тожибоеванинг айтишича, уларнинг Гулнора Каримова уйига боргани бўйича Денис Макаров исмли шахс номидан полицияга шикоят аризаси берилган.

Тожибоевага кўра, полицияга берилган аризада Денис Макаров БМТдаги Ўзбекистон ваколатхонаси атташеси сифатида қайд қилинган.
XS
SM
MD
LG