Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:05

Танишинг¸ Эрон янги президенти?..


Саид Жалилийтарафдорлари.
Саид Жалилийтарафдорлари.
Йиллардан бери Ғарб ҳукуматлари ва халқаро ташкилотлар билан Эрон ядровий дастури юзасидан мураккаб музокараларга раҳбарлик қилиб келган Саид Жалилий¸ айрим кузатувчилар томонидан¸ 14 июнга белгиланган президентлик сайловларининг бир минути кам ғолиби сифатида кўрилмоқда.


Саид Жалилий жума кунга белгиланган Эрон президентлик сайловида номзод сифатида расман рўйхатга олинган олти сиëсатчи орасидаги энг ëши ва энг консерваторидир.

Айни пайтда Жалилийнинг Маҳмуд Аҳмадийнажод ўрнига мамлакат олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Ҳоманайи лойиқ кўраëтган номзод экани айтилмоқда.

Эрон президентлик курсисини ким эгаллашини сайловчидан аввал¸ олий руҳонийнинг белгилаши эса¸ ҳеч кимга сир эмас.

Жалилийнинг Теҳрон сиëсий элитаси учун энг мақбул номзод эканини тасдиқловчи жиҳатлар йўқ эмас.

47 яшар Жалилий йиллардан бери Эроннинг энг махфий ва энг нозик жойи саналмиш ядровий дастур бўйича расмий мутасадди бўлиб келди ва бу унинг Оятуллоҳ Али Ҳоманайи кўз ўнгида ўта ишончли шахс экани тасдиғидир.

Айни пайтда¸ Жалилийнинг Ҳоманайи содиқ муридларидан бири экани ва унинг ҳозиргача олий руҳоний ваъзларига зид келадиган бирор баëнот қилмагани кузатилади.

Айрим Эрон нашрлари Ҳонамайи муридлари назоратида бўлган давлат телеканалларининг Жалилийни сайловчилар орасида ўта машҳур сиëсатчи ва ўз рақибларидан олдда бораëтган номзод қилиб кўрсатиб келаëтганликда айбламоқда.

Айни пайтда¸ Оятуллоҳ Ҳоманайининг ўзи ҳозирга қадар бирор номзодга очиқ таянч кўрсатгани йўқ. Шундан келиб чиқиб¸ айрим кузатувчилар¸ президентликка олти номзод орасида Ҳоманайи танлаган аниқ бир сиëсатчи йўқ¸ дея баҳс этмоқдалар.

Эронлик журналист Пойҳон Фахрай фикрича¸ Жалилий ва унинг кампанияси ўзини Ҳоманайи қўллаëтган номзод қилиб талқин этиш орқали¸ сиëсий очко олишга уринмоқда:

- Ҳоманайи қўллаëтган номзод¸ деб тақдим этилган сиëсатчининг биргина шу иддао билан қанчадан-қанча тайëр овоз қозониши аниқ. Жалилий Ҳоманайи номзоди¸ деган гапни унинг ўзи ва атрофидагилар тарқатмоқда. Шу йўл билан улар Ҳоманайига содиқ эронликлар овозини осонгина қозонмоқчи¸ дейди бу кузатувчи.

Айни пайтда¸ яна бир эронлик фаол Феридун Аҳмадий¸ ўзини олий раҳнамо эркатойи қилиб кўрсатишнинг хавфли жиҳатлари ҳам борлигини қайд этади:

- Албатта¸ сиëсий элита етовидагилар Ҳоманайи кимни президентликка лойиқ кўрди¸ дейилса¸ ўшанга овоз беради. Аммо бундайлар эронликларнинг мутлақ кўпчилигини ташкил қилмайди. Сайловчилар орасида¸ номзодга айнан уни Ҳоманайи қўллагани учун қарши овоз берувчилар ҳам жуда кўп. Бундайлар Жалилийга мухолифга айланадилар¸ дейди эронлик сиëсий фаол Аҳмадий.

14 июн кунги сайлов арафасида Эронда такрор-такрор намойиш этилаëтган видеорекламада Жалилий¸ қўлини Қуръони Каримга қўйиб¸ олий руҳоний учун ўз жонини беришга тайëрлигини айтади.

Бундай баëнот¸ ҳатто Эрондаги ашаддий диндорлар томонидан ҳам савол билан қарши олинди.

“Жалилий Ҳоманайи қўлловини ўзи учун шараф тожи деб билмоқда. Афтидан у ва бошқа номзодларнинг халқ овози билан иши йўқ кўринади” деди Озодлик билан суҳбатда консерватив нашрлардан бири муҳаррири Беҳнам Ғолипур.
XS
SM
MD
LG