Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:04

Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатига чиқиш имкони борми?


OzodJavobнинг бугунги сонида футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2014 йилда Бразилияда бўладиган жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятларига тўхталамиз.

Москвада ишлаётган бухоролик Шавкат OzodJavobга email орқали савол йўллаб, ўзбек футболчиларининг жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятлари билан қизиқди.

“Кеча Қатарга 5 та гол уриб, уларни ютдик. Лекин барибир жаҳон чемпионатига чиқа олмадик. Яна имконият бор ҳали дейишаяпти. Бу қандай имконият? Яна кимлар билан ўйнаш керак? Яна нечта ўйин бўлади?”, дея сўради Шавкат.

18 июн куни Тошкентда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қатар жамоасини 5:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Ушбу учрашув ўзбек футболчилари учун ЖЧ-2012 саралаш ўйинлари 4-босқич 10-тури доирасидаги энг сўнгги ўйин бўлди.

Ўзбекистон жамоаси голлар сериясини намойиш қилиб, йирик ҳисобда 5:1 билан қатарликларни мағлуб қилганига қарамай жаҳон чемпионати эшиклари улар учун очилмади.

Боиси 18 июн куни гуруҳдаги параллел учрашувда Эрон терма жамоаси Жанубий Корея жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, “A” гуруҳи ғолиблигини қўлга киритди. Бу ғалаба эронликларни жаҳон чемпионатига олиб чиқди.

Агар эронликлар ютқазганида Ўзбекистон жамоаси жаҳон чемпионати йўлланмаси эгасига айланган бўларди.

Айни пайтда Ўзбекистон жамоасида жаҳон чемпионатига чиқиш учун курашни давом эттириш имкони сақланиб қолди.

Эндиликда ўзбек футболчилари плей-офф босқичидаги рақиблари билан беллашади.

18 июн куни Уммон жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб қилган Иордания жамоаси ўзбек футболчиларининг плей-оффдаги рақибига айланди.

Ушбу жуфтликнинг биринчи ўйини 6 сентябр куни Иорданияда ўтказилади. 10 сентябр куни эса Ўзбекистон жамоаси иорданияликларни Тошкентда қабул қилади.

Қоидага кўра, ушбу иккита ўйин натижаси бўйича Осиё қитъасида ғолиб бўлган жамоа Жанубий Америка саралаш гуруҳида 5-ўринни қўлга киритган жамоа билан беллашади.

Осиё билан Жанубий Америка жамоалари ўртасидаги қитъалараро плей-офф босқичида ЖЧ йўлланмаси учун кураш олиб борилади.

Демак, Ўзбекистон Иордания билан бўладиган иккита ўйин натижаси бўйича ғалабага эришса, яна жаҳон чемпионатига чиқиш учун курашни давом эттириш имконига эга бўлиши мумкин.

Қитъалараро плей-офф ўйинлари жорий йилнинг 15 ноябр куни Осиёда ва 19 ноябр куни эса Жанубий Америкада ўтказилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон жамоаси шу пайтгача бирор марта жаҳон чемпионатига чиқиш имконига эга бўлмаган.

Футбол бўйича жаҳон чемпионати ҳар тўрт йилда бир марта ўтказилади. Бироқ саралаш ўйинлари 3 йил давомида ўтказилади.

2014 йил 12 июндан 13 июлга қадар Бразилияда бўлиб ўтадиган навбатдаги жаҳон чемпионати ҳисоб бўйича йигирманчи чемпионат ҳисобланади.

20-жаҳон чемпионатига саралаш ўйинлари 2011 йилнинг 15 июн куни бошланган бўлиб, жорий йилнинг 19 ноябр куни ниҳоясига етади.
XS
SM
MD
LG