Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:51

Мисрда Мурсий тарафдорлари намойиш ўтказмоқда


Миср пойтахти Қоҳира ва бошқа шаҳарларда "Мусулмонлар биродарлиги" ҳаракати тарафдорлари президент Муҳаммад Мурсийнинг ҳокимиятдан ағдарилганига қарши намойиш ўтказмоқда.


Намойишлар аввалида Миср армияси одамларнинг тинч намойиш ўтказиш ҳуқуқлари кафолатланиши ва аҳолининг тинч норозилик чиқишига қаршилик қилмаслигини билдирган эди.

"Тинч норозилик намойиш ўтказиш ва сўз эркинлиги мисрликларнинг буюк инқилоб орқали эришган ҳуқуқларидандир”, - дейилади Миср армияси баёнотида.

Бугун жума номозидан сўнг Мисрда “Мусулмонлар биродарлиги“ ҳаракатининг минглаб тарафдори президент Муҳаммад Мурсийнинг ағдарилганига қарши норозилик билдириш учун Қоҳира кўчаларига чиқишди.

Президент Муҳаммад Мурсий пайшанба куни ағдарилган ва уни ўрнига Адли Мансур муваққат президент сифатида қасамёдга келтирилган эди.

Миср армиясининг фуқаролар эркинликлари кафолатланиши ҳақидаги баёнотидан аввалроқ "Мусулмонлар биродарлиги"нинг бир қатор етакчилари қамоққа олинди.

"Мусулмонлар Биродарлиги" Мисрнинг биринчи эркин овоз бериш йўли билан сайланган раҳбари Муҳаммад Мурсийнинг ҳокимиятдан ағдарилишини аксилконституциявий деб атади ва янги ҳокимият билан ҳамкорликдан бош тортди.

- Бу қонуний президентга қарши, конституцияга қарши ва давлат легитимлигига қарши амалга оширилган давлат тўнтаришидир,- деди “Мусулмонлар биродарлиги” вакили Геҳад ал-Ҳаддад.

Ҳозирда Мурсий ва "Мусулмонлар биродарлари"нинг бошқа қатор юқори мартабали аъзолари ҳибсда қолишмоқда.

Айни пайтда Мисрнинг айрим шаҳарларида ҳарбийларга ҳужум қилинди.

Синай ярим оролида мисрлик аскар исломий жанггари тарафидан отиб ўлдирилди.

Шунингдек, Ғазо минтақасига яқин Рафоҳ шаҳри атрофларида ҳам мисрлик ҳарбийлар номаълум қуроллилар ҳужумига учради.

Мазкур ҳужумлар Мурсийнинг ағдарилишидан норози гуруҳлар иши экани номаълум.

Мисрда зўравонликлар бошланган якшанба кунидан буён 50 киши, жумладан бир америкалик ҳаётдан кўз юмган.

Мисрга ҳар йили 1 ярим миллиард долларлик ёрдамлар бериб келадиган Қўшма Штатлар мамлакатни тез орада демократик йўл билан сайланган фуқаровий ҳукуматга қайтишга чақирди.

Миср Ташқи ишлар вазири Камол Амир АҚШ Давлат котиби Жон Керри билан мамлакатдаги вазият борасида телефонда мулоқот қилган ва Мурсийнинг ҳокимиятдан четлатилиши ҳарбий тўнтариш бўлмагани, бу халқни иродаси экани ҳақда унга айтган.
XS
SM
MD
LG