Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:12

Мисрда Мусулмон биродарлиги етакчилари ҳибсга олинди


Чоршанба куни қамоққа олинганлар орасида Мусулмон биродарлигининг руҳоний етакчиси Муҳаммад Бадие (чапда) ҳам бор.
Чоршанба куни қамоққа олинганлар орасида Мусулмон биродарлигининг руҳоний етакчиси Муҳаммад Бадие (чапда) ҳам бор.
Миср Бош прокуратураси мамлакатдаги энг йирик ва уюшган Мусулмон биродарлиги ташкилоти руҳоний етакчиси¸ шунингдек тўққиз фаолини қамоққа олиш ҳақида ордер берди. Гуруҳ етакчилари 50 дан ошиқ одам ўлимига сабаб бўлган зўравонликни уюштирганликда айбланмоқда.

Бош прокуратура қамоққа олиш ҳақида ордер берганлар орасида Мусулмон биродарлиги раҳнамоси Муҳаммад Бадие ва ҳаракат раиси ўринбосари Маҳмуд Иззатлар бор.

Мусулмон биродарлиги етакчилари душанба куни Қоҳира марказида юзага чиққан зўравонликларни уюштирганликда айбланмоқда.

Бадие Мусулмон биродарлиги тарафдорлари орасида кучли авторитар шахс сифатида танилган ва айтилишича¸ бу ҳаракатга қўшилганлар унинг айтганларига мутлақ қулоқ солиш ва уни амалга ошириш ҳақида қасамëд қиладилар.

Биродарлик етакчиларини ҳибсга олиш ҳақидаги ордер¸ ҳаракат муваққат ҳукумат билан музокара қилиш ва унинг таркибига қўшилиш ҳақидаги таклифни қатъиян рад қилганидан сўнг эълон қилинди.

Чоршанба куни муваққат Бош вазир Ҳазим эл-Беблавий янги ҳукумат тузиш ҳаракатини бошлади ва Мусулмон биродарлиги ташкилотига ҳам янги вазирлар кабинетидан лавозимлар таклиф қилди.

Аммо ўз вакили Муҳаммад Мурсий ҳарбийлар томонидан президентликдан олиб ташланган Биродарлик етакчилари бу таклиф ва миллий ярашув ҳақидаги музокараларни “мақсадга мувофиқ эмас” дея рад қилдилар.

Демократик сайлов натижасида президентликка келган Мурсий бир неча кун давом этган норозилик намойишларидан сўнг 3 июл куни ҳарбийлар томонидан ҳокимиятдан четлатилди ва ҳозирда ҳибсда сақланмоқда.

Миср собиқ Молия вазири ва тажрибали иқтисодчи саналган эл-Беблавийнинг Бош вазир этиб тайинланиши айрим Форс кўрфази давлатлари томонидан яхши қабул қилинди ва бой араб давлатлари Миср иқтисодини барқарорлаштириш мақсадида янги ҳукуматга 8 миллиард доллар ëрдам кўрсатишга ваъда қилдилар.

Бундай ëрдам орқали Мусулмон биродарлиги ташкилоти мухолифлари бўлган Саудий Арабистони ва Бирлашган араб амирликлари муваққат ҳукуматга ҳомийлик ролини ўз қўлларига олдилар.

Мисрдаги вазиятни ўз назоратига олган ҳарбийлар келаси йил бошида мамлакатда муддатидан аввал сайловлар ўтказиш ва унгача мамлакат иқтисодида қатор ислоҳотлар қилишни режаламоқда.

Бироқ муваққат ҳукуматни тан олмаëтган Мусулмон биродарлиги мамлакат тарихида ўтказилган илк эркин сайловлар натижасида ҳокимиятга келган ўз номзоди Муҳаммад Мурсийнинг президентликка қайтарилишини талаб қилмоқда ва ўз талаби бажарилгунга қадар оммавий норозилик тадбирларини давом эттиражагидан огоҳлантирмоқда.

Ҳусни Муборак ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг ҳокимиятга келган Мурсий ҳукумати даврида мамлакатдаги аксар иқтисодий кўрсаткичлар кескин ëмонлашиб кетди ва шу боис айни кунларда аксар мисрликлар томонидан Мурсийни ҳокимиятга қайтариш талаби кескин ўртага қўйилаëтгани йўқ.

Мусулмон биродарлиги ташкилотининг ўз тарафдорларини кўчаларга олиб чиқиш уринишлари ҳам жиддий натижа бермади ва ҳозирда Миср бўйлаб Муборакни ҳокимиятдан ағдарган норозиликларда кўрилган каби миллионлаган одамнинг кўчаларга чиққани кўрилмади.

Муборак рамазон ойи бошлангач¸ кузатувчиларга кўра¸ Миср кўчаларида оломон янада сийраклашиб қолган. Хусусан¸ Миср инқилоби маркази саналмиш Қоҳирадаги Таҳрир майдонида 10 июл куни деярли одам кўринмаган.

Шундай бўлсада¸ ҳозирча Миср кўчаларига барқарорлик ва тинчликнинг қайта бошлагани ҳақида гапиришга эрта экани таъкидланмоқда
XS
SM
MD
LG