Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2024, Тошкент вақти: 01:50

"Нажот": Туркманистон ва Ўзбекистонда фуқаролиги йўқ шахслар камситилмоқда


Хоразмдаги "Нажот" инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Туркманистонда яшовчи юзлаб ўзбек совет давридан буён фуқаросизлик мақомида яшаб келмоқда, ўзлари яшаётган мамлакат фуқаролигини олишда қийналмоқда, камситишларга дучор бўлмоқда. Ташкилотга кўра, шунга ўхшаш муаммо Ўзбекистонда ҳам мавжуд.

Саккиз йил аввал Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятига келин бўлиб тушган хоразмлик Тамара Туркманистонда яшаётгани учун ҳар ойига 50 АҚШ доллари миқдорида бож тўлашга мажбур бўлмоқда.

Туркманистондаги мавжуд қонунчиликка кўра, мамлакатда яшайдиган ҳар бир чет эл фуқаросидан бож олинади.

Тамаранинг Ўзбекистонда яшайдиган отаси Комилжон ака яқинда қизига туркман фуқаролиги берилишига кўмак сўраб, Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедовга хат ёзди.

У Хоразмдаги “Нажот” инсон ҳуқуқари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубовга мурожат қилиб, шу хатни Бердимуҳаммедовга етказишга ёрдам сўради:

- "Менинг қизим Тамара, Туркманистонга турмушга чиққан, уни оиласи, фарзандлари бор, оиласи пароканда бўлиб кетишини мен истамайман. Уларга молиявий ёрдам бериб тураман. Лекин сўнгги саккиз йил давомида уларга ёрдам бераман, деб қарзга ботиб кетдим. Менга ёрдам беринг, шу хатимни Бердимуҳаммедовга етказинг", деб мурожаат ташкилотимизга қилди, дейди Ҳайитбой Ёқубов.

“Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбарининг айтишича, шунга ўхшаш муаммо Ўзбекистонда ҳам бор.

Ёқубовга кўра, Туркманистондан Ўзбекистонга кўчиб келаётган оилалар ўзбек фуқаролигини олиш билан боғлиқ мушкулотлар қаршисида қолмоқда.

Шулардан бири Сўнажон Азизова. Хоразм вилоятининг Хива туманида яшовчи Сўнажон опа йиллардан буён ўзи ва фарзандларига ўзбек паспортини оломай сарсон бўлаётганини айтади.

Сўнажон опа 80-йилларда, ҳали совет даврида Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятига келин бўлиб тушди.

Тўрт йил ўтиб турмуш ўртоғи автоҳалокат оқибатида ҳалок бўлди. Орада Совет Иттифоқи парчаланиб, Ўзбекистон ва Туркманистон мустақил давлатларга айланди.

Қўлида эски Совет паспорти билан эридан бева қолган Сўнажон опа 90-йиллар оҳирида икки фарзанди билан Ўзбекистонга, онасини ёнига қайтиб келишга мажбур бўлди:

- Ҳозир ўн йилдан ошди Ўзбекистонга қайтиб келганимизга, ҳали паспорт ололганимиз йўқ. Яқинда зўрға, "фуқаролиги йўқ шахс", деган документ берди. Бу ҳужжат билан ҳеч қаерга чиқа олмаймиз, деярли уй қамоғида қолганмиз, дейди Сўнажон опа.

"Нажот" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубовга кўра, сўнгги йилларда ташкилотга бу каби шикоятлар келиши кўпайган:

- Кимдир туркман аёлига уйланган, қайсидир туркман аёли ўша Совет пайтида ўзбекка турмушга чиққан. Шунга ўхшаш одамлар мустақилликдан кейин чегарани у ё бу томонида қолиб кетган. Шу одамлар қўлларида Совет паспорти билан қолиб кетган, натижада улар на ўзбек ва на туркман фуқраоси бўлиб қолиб кетишган. Ҳозир энди бу тоифа одамлар ўз мамлакатларида иккинчи сорт одамга айланиб қолишган, улар ҳам бошқалар каби, тенг ҳуқуқли фуқаро бўлишни хоҳлашмоқда, дейди Ҳайитбой Ёқубов.

БМТ маълумотларига кўра, ҳозир жаҳонда қариийб 13 миллион одам ҳеч қайси мамлакат фуқароси эмас ва улар оддий инсоний ҳуқуқлардан маҳрум қолмоқда.
XS
SM
MD
LG