Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:18

Олиб ташланган минора тақдирини Грузия парламенти ҳал қилади


Грузия жанубидаги Адиген туманидаги масжид минорасининг демонтаж қилиниши кавказ мусулмонлари эътирозига сабаб бўлгани боис жойига қайтарилиши ҳақида келишилди. Аммо маҳаллий ҳукуматининг минорани жойига тиклаш қарори экстремист руҳдаги маҳаллий насронийлар ҳаракати боис амалга ошиши мушкул кечиши мумкин.



Минора можароси

Шу йилнинг июнь ойида Адиген туманидаги масжидга ўрнатилган минора ўтган ой охирида маҳаллий ҳукумат қарорига биноан демонтаж қилиниб олиб кетилган эди. “Грузия мусулмонлари иттифоқи” раиси Табриел Накаидзенинг Озодлик мухбирига айтишича¸ Адиген тумани Чела қишлоғидаги масжид ëнида қурилган минора 26 август куни маҳаллий ҳокимият қарорига кўра, полиция иштирокида ўрнидан қўпорилиб¸ юк машиналарига солиниб олиб кетилган.

Озодликнинг Грузиядаги мухбирига кўра, минорани демонтаж қилишга қарши бўлган бир неча ўн киши ўша куни ҳибсга олинган.

- Қўлга олинганларнинг полиция бўлимига олиб кетилиши бошқа мусулмонларнинг қўзғалишига сабаб бўлди¸ деб ҳабар берди Озодликнинг Грузиядаги мухбири Мая Ивелашивили.

Ана шундан кейин бир неча юз одам полиция биносини ўраб олиб, қўлга олинганларни озод қилишни талаб қилишган.

- Бу йиғилиш ўз-ўзидан минорани ҳимоя қилиш намойишига айланиб кетди,- дейди Мая Ивелашивили.

Ана шундан кейин минорани ҳимоя қилиб, қамалганларни қўллаб-қувватлаш учун бутун Грузиядан мусулмонлар Адиген туманига оқиб кела бошлагани кузатилди.

Мусулмонлар жам бўлиб яшайдиган қўшни Самхце-Джавахети туманидан 500га яқин киши минора ҳимоячиларига келиб қўшилди.

Одамлар куч билан полиция биносига ëриб кириб, қамалганларни озод қилишга уринишгани айтилади.

Озодлик мухбирига кўра¸ намойишчилар Грузия ИИВ махсус кучлари тарафидан тарқатилган.

Намойишчилардан 21 киши қўлга олиниб¸ кейинроқ қўйиб юборилган. Намойишчиларнинг бир қисми Тбилисига адолат излаб боришди.

Бу намойишчиларни тинчлантирган Грузия муфтийси Аслан Абашидзе маҳаллий ҳокимият ва насроний руҳонийлар билан келишиб миноранинг қишлоққа қайтарилишига эришганини айтган бўлса-да, ҳали минора можароси ҳал бўлмагани аëн бўлди.


Грузия жанубидаги Чела қишлоғи масжиди.
Грузия жанубидаги Чела қишлоғи масжиди.
Миноранинг Адиген туманига қайтарилаëтганига қарши маҳаллий насронийлар намойиш ўтказишди.

Озодлик мухбири намойишга чиққан насронийларнинг Чел қишлоғида минора ўрнатилишига йўл бермаймиз, деб қасам ичгани хабарини беради.

Бу аснода иқтидордаги партия “Минора олиниши борасидаги” кўз-қарашини ифода қилди.

"Минора тикланиши қонунга зид бўлган. Давлатнинг аралашгани тўғри бўлди. Лекин бу эътиқодга тааллуқли ҳассос масала бўлгани учун бу масалага нозик ëндошмоқ керак¸” дейилади иқтидордаги “Грузия орзуси” фирқасининг баëнотида.

Озодликнинг Грузиядаги мухбирига кўра, минора масаласини парламент кўриб чиқиши кутилмоқда.

- Айни пайтда, Грузиядаги масжиднинг олиб ташланган минораси Адиген туманидан 2 км узоқликдаги омборхонада сақланмоқда. Грузияда минора ўрнатиш борасида қонун йўқлиги боис миноранинг жойига қайтарилиш масаласи муаллақ қолмоқда. Минора масаласини Грузия парламенти кўриб чиқади, дейди мухбиримиз.

2002 йилдаги аҳолини рўйхатга олиш жараëнида грузияликларнинг 10 фоизи Исломга эътиқод қилишини билдирган.
XS
SM
MD
LG