Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:03

Credit Suisse банки ўзбекистонликлар билан ҳамкорликни тўхтатади


Швейцария банклари орасидаги мавқеига кўра биринчи ўринни эгаллайдиган Credit Suisse банки жорий йилнинг охиригача дунёнинг 50 давлати, шу жумладан ўзбекистонлик, туркманистонлик ва беларуслик мижозлари билан ҳамкорлигини тўла ёки қисман тўхтатади, деб хабар қилди Француз радиоси Tages – Anzeiger нашри хабарига таяниб.

Tages – Anzeiger хабарида Credit Suisseда ҳисоб рақами очиш учун мижоз энг камида 1 млн. Швейцария франки (800 000 евро) қўйиши кераклиги эслатилади.

Нашрнинг ёзишича, Credit Suisse тилга олинган давлатлар фуқаролари билан ҳамкорликни ўзи учун “хавф манбаи”, деб билади ва шунинг учун жорий йил охиригача банкдаги активлари ва ҳисоб рақамларини тартибга солишни сўраши мумкин.

Франс-пресс ахборот агентлиги Credit Suisse расмийлари банкнинг баъзи давлатлар фуқаролари билан ҳамкорлигини тўхтатиш режаси жорий йил июлида қабул қилинган янги стратегиянинг бир қисми эканини ёзди.

“Жаҳоннинг баъзи минтақалари ва сегментларида ориентациямизни ўзгартириш ҳамда ўта кичик мамлакатлар билан бизнесни тўхтатиш стратегиямизнинг бир қисмидир”, деган журналистларга Credit Suisse матбуот котиби.

Ҳозирда Швейцария ва Швецияда Ўзбекистон президенти қизи Гулнора Каримова билан боғлиқлиги айтиладиган ва пул ювишда гумон қилинаётган Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ жиноят иши бўйича тергов олиб борилмоқда.

Куни кеча эса, Францияда чиқадиган таниқли нашрлардан бири Le Point Ўзбекистон президентининг қизлари Гулнора ва Лола Каримова қандай қилиб француз юлдузлари ҳамда собиқ президент Саркозининг яқин қариндошлари орқали ўз имижини тиклашга урингани ҳақида ёзди.

Le Point нашрининг ёзишича, француз маҳкамаси ўрганаëтган иш Швециянинг TeliaSonera уяли алоқа ширкатининг Ўзбекистон бозорига кириш учун 2007 йилда Гулнора Каримовага яширинча 320 миллион доллар пора тўлагани эҳтимоли билан боғлиқ.

Ҳозирда бу иш бўйича текширув Франциядаги таниқли мутахассис¸ шов-шувли бизнесмен Бернар Тапи ва собиқ Ички ишлар вазири Клод Геан ишини ўрганаётган терговчи Серж Турнэр (Serge Tournaire) зиммасига юклатилган.
XS
SM
MD
LG