Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:57

Тошкент – Токио авиақатнови ноябрдан тўхтатилади


“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси вакилларига кўра, Япониядан ташқари Покистонга ҳам Ўзбекистондан парвозлар бекор қилинади ва бу чора мазкур йўналишлар бўйича парвозларнинг норентабел эканлиги билан изоҳланмоқда.

Миллий авиакомпаниянинг авиачипталар нархи соҳасидаги сиёсати туфайли унинг потенциал мижозлари қўшни давлатлар авиакомпаниялари хизматидан фойдаланишга ўтмоқда.


“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ўз расмий сайтида Тошкент – Волгоград – Тошкент йўналиши бўйича 25 сентябрда бажарилган биринчи қатнов тўғрисида хабар берар экан, “...бу воқеа МАКнинг парвозлар географияси тўғри олиб борилаётганлигининг ва авиакомпаниянинг ўз йўловчилари ҳақида қайғуришининг яна бир тасдиғи бўлди”, деб ёзди.

Компания сайтидан олинган кўчирмадаги мақтанишга Озодлик тингловчиларидан олинаётган хабарлар бироз шубҳа билан ёндошишга ундамоқда.

Иши Токио билан боғлиқ тингловчимизнинг Япония пойтахтига Тошкентдан бетўхтов (прямой) қатнов бекор қилинаётгани тўғрисидаги хабарини “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг Токиодаги ваколатхонаси тасдиқлади.

- Афсуски, ноябрдан бошлаб Тошкент-Токио-Тошкент қатнови бекор қилинди, деди ваколатхона ходими.

Унинг айтишича, қатновнинг бекор қилиниши йўловчиларнинг озлиги, айниқса, қиш мавсумида японларнинг Ўзбекистонга қизиқиши сусайиши билан изоҳланади ва ҳозирда ваколатхона келаси йил баҳоридан қатновни яна йўлга қўйиш устида иш олиб бормоқда.

-Йўловчиларнинг бу қатновга қизиқиши пасайишига авиачипталарнинг қимматлиги ҳам сабаб бўлиши мумкинми, деган саволимизга “Ўзбекистон ҳаво йўллари” вакили

- Ҳа, энди, масаланинг бу жиҳати ҳам бор. Лекин қатнов аввал-бошданоқ чиқимли бўлса, текинга уча олмаймизку, ахир, деб жавоб берди.

Тошкентдаги авиакассалардан бирининг вакилидан Тошкент-Токио қатнови учун бир ойлик чипта (бориб, бир ойдан сўнг қайтиш) нархини сўрадик.

- 2 878 000 сўм, агар нақд пулда тўласангиз, 2 750 000 қилиб берамиз, деди у.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг Германиядаги ваколатхонасига кўра, Тошкентдан бу мамлакатга қатновлар қисқартирилиши ҳақида сўз бўлаётгани йўқ.

- Лекин, деди ваколатхона ходими, - Покистонга қатнов тўхтатилиши тўғрисида маълумот бор. Бироқ бу вақтинча.

- Покистонга қатновнинг тўхтатилиши ортидаги сабаблар орасида авиачипталарнинг қимматлиги омили йўқми, деган саволимизга Германиядаги вакил жавоб бермади.

Мавзуга оид аввалги материалимизда ўзбекистонлик ва тожикистонлик йўловчилар Қирғизистондаги авиакомпаниялар хизматидан фойдалана бошлагани, бунга Қирғизистонга қарашли авиакомпаниялар хизмати 2, баъзи йўналишларда 3, ҳатто 4 баробар арзонлиги сабаб эканлиги тўғрисида ёзган эдик.

Тингловчимиздан олинган ва Озодлик радиоси ўрганиб тасдиқлаган бу информацияни “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг Новосибирскдаги вакили ҳам тасдиқлади.

- Новосибирск – Фарғона қатновига чиптанинг энг арзони 15 минг рубль, Новосибирскдан Ўшга эса, 6 – 7 минг рубль, деди вакил.

У бу тафовут сабабини авиакомпаниялар сиёсатининг турлича эканлиги билан изоҳлади.

Ва ниҳоят “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ўз расмий сайтида яқинда эълон қилинган яна бир хабар:

"2013-yilning 15-sentabridan Toshkentdan O‘zbekiston Respublikasining viloyat markazlariga boradigan va qaytadigan yo‘nalishlardagi yo‘lovchi va bagaj tashuvlariga e’lon qilingan tarif o‘rtacha 10 foizga oshadi. Faqatgina Toshkentdan Urganchga boradigan va qaytadigan qatnovlarning tarifi bundan mustasno".
XS
SM
MD
LG