Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:48

Баба Али - 24 соатда мусулмон бўлган энг машҳур нотиқ


2009 йилда дунёнинг таъсири кучли 500 мусулмонидан бири бўлган Али Ардаконий — интернетда эса Баба Али номи билан танилган ҳажвчи Озодликка интервью берди. Болалигида бекорчи, безори ва ҳатто ўғри тўдалар ичида юрган, аммо 20 ёшга етгач бир кеча-кундузда мусулмон бўлган Баба Алининг маърузалари интернетда 10 миллион маротабадан ортиқ томоша қилинган.


“Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришида янги туркум

"Ислом ва мусулмонлар” эшиттириши орқали янги туркум саҳифаларни тақдим қилиш ҳаракатидамиз.

Шу вақтга қадар Ўзбек имомлари рукни орқали Ўзбекистонда яшаган, яшаётган саноқли ислом олимлари тақдирига оид ҳикояларни тақдим қилдик. (Бу рукнни ҳам давом эттирамиз ва янгиликларларни бундан буён "Мусулмонлар ва демократия" саҳифасида кузатинг.)

Бундан баён кўзгуни Ўзбекистондан ташқаридаги мусулмонларга тутмоқчимиз ва диққатимизни фақатгина ўзбек мусулмонлари эмас, бошқа миллат вакилларига ҳам қаратмоқчимиз.

Бу йўлдаги дастлабки саҳифамиз қаҳрамони интернет тармоғида маърузалари10 миллион маротадан ортиқ тингланган, номи дунёнинг таъсири кучли 500 мусулмони рўйхатига киритилган нотиқ Баба Али - Али Ардаконийдир.


24 соат ичида мусулмон бўлган безори болакай

Асли эронлик, аммо ҳозир АҚШнинг Калифорния штатида яшаётган 37 яшар Баба Али – Али Ардаконийнинг аслида мусулмонлик ва ислом динидан хабари бўлмаган.

Яъни исломий давлатдан бўлган бу оилада мусулмонликка амал қилган ва бу ҳақда Алига сўзлаган бири бўлмаган.

Ўз тили билан айтганда у мусулмон бўлгунича “ўта ёмон ишлар билан шуғулланган кўча боласи” бўлган.

- Исломга киргунимга қадар менинг жуда ёмон дўстларим бўлган. Баъзида улар хавфли ҳам эди ва уларнинг айримлари қамоққа ҳам тушган. Ўшанда мен жуда ёмон аҳволга тушиб қолган ва яшашдан мақсадимни йўқотган эдим. Ўша кезларда мен Викка динига эътиқод қилар эдим, табиатдан ҳар хил илоҳларни топиб олиб сиғиниб юрар эдим. Аммо, Оллоҳга шукр, бир куни мени исломга тўғри амал қиладиган мусулмонларга йўлиқтирди, зеро, бунақа мусулмонлар бугунги кунда жуда кам учрайди ва мен уларнинг таъсирида 24 соат ичида исломни қабул қилдим, - дейди Али Озодлик билан суҳбатда.

Худди ўша кезларда 20 яшар Алининг отаси оғир хасталикдан оламдан ўтган ва бир тўда безори болалар ичида катта бўлган ёш ўспирин чуқур умидсизликка тушиб қолган эди.

- Мен ҳаёт ҳақиқатини англаш учун турли динларни ўрганишга киришдим ва қайсидир нуқтага келганда мазмунни йўқотиб қўявердим. Охир-оқибат, ўрганмаганим бир ислом дини қолди ва мен бур кун сочларини қирмизи рангга бўяб олган қиз ўртоғим билан Исломий маданий марказлардан бирига бордим ва эртаси куниёқ исломни қабул қилдим, - деди Али Ардаконий.

У исломни қандай таниган бўлса, уни худди шу йўл билан бошқаларга ўргатишга қарор қилгач, ҳаёт тарзи мутлоқ ўзгариб кетганини айтади.


Майда масалалар билан машғул мусулмонлардан қочиш

Аслида ахборот технологияларига ихтисослашган, кичиккина бизнес очишни орзу қилиб юрган Али 20 ёшида мусулмон бўлган ва зудлик билан ислом илмини ўрганишга киришган.

Қуръон, ҳадис, фиқҳ китобларини варақлай бошлаши билан Али атрофидаги аксар мусулмонлар диндорликни – ибодат ва илмда, деб билиши ҳамда шу билангина чекланиб қолаётганини сеза бошлаганини айтади.

Унинг сўзларига кўра, ислом тарихи ва аҳли илмлардан қолган китобларни ўқишу, беш маҳал намоз ҳамда рўзани мусулмонлик, деб тушунаётган диндошлари уни ҳайратга солган.

Энг ачинарлиси, аксар мусулмонларнинг таҳоратни қандай олиш, намозни қандай ўқиш устидаги баҳслар билан оввора экани эди, дейди Али Озодлик билан суҳбатда.

- Исломда мавжуд тўрт йирик таълимот – Ҳанафий, Шофейлик, Моликий ва Ҳанбалий мазҳаблари аслида ислом фиқҳидан таълим берувчи тўрт йирик таълимотдир. Уларнинг ҳаммаси тўғри. Аммо, бугун биз мусулмонлар намозда қўлни қандай тутиш ҳақида соатлаб баҳслашамиз. Ҳатто, суннийлар ва шиалар — бир-биримизни Ислом дини қонунларини бузганликда айблаб қоралаймиз ва шу билан бугунги мусулмонлар учун долзарб бўлиб турган йирик муаммолар – оиладаги зўравонлик, ажрашишлар ва фарзанд тарбияси ёҳуд "мусулмон" ва "ислом" сўзлари ёнига террорчи, деган тамғанинг ёпиштирилаётганига оид муаммолардан чалғиб ўтирибмиз, - деди Али.

Али Ардаконий буни реалликни тобора чуқур англагани сари шунчалик кўпроқ сиқила бошлагани ва охир-оқибат, бу ҳақдаги фикрларини бошқаларга улашишга қарор қилганини айтади.

У рафиқаси ва икки фарзанди билан яшаётган Лос Анжелес шаҳридаги икки хонали уйининг бир хонасини кичиккина студияга айлантириб, Ummah Films номли студия очади ва йиғилиб қолган фикрларини жамлаб, тартибга солиб, интернет орқали маърузаларни бошлайди.

Исломни бошқаларга танитиш истаги

Баба Али шу кунга қадар 10 тадан маърузани ўз ичига олган 3 та туркумни эълон қилган. Шу кунларда тўртинчи туркум устида ишлаяпти.

Унинг Youtube тармоғида кўп тингланган маърузаси исломни қабул қилган аксар мусулмонларда кузатилгани каби “Мен қандай қилиб мусулмон бўлдим”, деган мавзуда.

Эшиттиришимиз бошида сўзлаб бергани каби Баба Али 24 соат ичида мусулмон бўлган ва бугунги дунёда адашиб-улоқиб юрган мусулмонлар ҳақида сўз борар экан, уларга қарата ҳар доим айтадиган гапи: “Биз исломни намуна ўлароқ намоён қилишимиз керак”, деган гапдир.




Маърузада ухлаб қолманг!

Аввалига Баба Алининг нутқ сўзлаш услуби ҳақида икки оғиз сўз.

Ҳозир АҚШда ҳажвчилик билан шуғулланаётган мусулмон сўз усталари кўпаймоқда.

Улар сатира ва юмор воситасида бугунги мусулмонларга камчиликларини намойиш қилар экан, шу орқали хатоларни тўғирлаш ва соф исломни тушунтиришга уринадилар.

Улардан бири бўлган Баба Али йирик планда камера қаршисига ўтирадида, томошабин билан гўёки юзма-юз суҳбатлашади.

Аммо, бу суҳбатлар давомида Али дин ва мусулмонлар ҳақида тортишаётган икки кишининг ролини ижро этади. Камеранинг у ёнидан бу ёнига тез-тез ўтар экан, Баба Али бугун аксар мусулмонлар тилининг учида турган саволларни улар тилидан ўртага ташлаб, ўз тили билан жавоб беради.

Очиғи, уни илк бор томоша қилишни бошлаган томошабин Алининг фавқуллода тез ва кутилмаган ҳаракатларидан ўзини толиққандай ҳис қила бошлайди.

- Мен махсус шундай услубни танлаганман. Чунки аксар ҳолларда жума хутбаларига борган мусулмонлар зерикиб, уйқусраб ўтирадилар. Маъруза қилаётган имомлар ҳам зерикарлик ва оғир тилда маъруза қиладилар. Асло бундай бўлиши керак эмас. Ҳаётимиз учун ўта зарур бўлган диний масалалар қизиқ ва жонли тилда, сўзлашув услубида бўлиши керак, деб ҳисоблайман, - деди Али ўз услуби ҳақида берган саволимизга жавобан.

Қуйидаги видеода унинг айнан Жума намозидаги хутбалар ҳақидаги маърузасини томоша қилишингиз мумкин.




Исломни мусулмонга тушунтираётган экспертлар ҳақида

Баба Алининг бугунги оммавий ахборот воситаларида ислом дини талқинига муносабати акс этган маърузаси ҳам кўплаб интернет фойдаланувчилари эътиборини қозонган.

- Ҳар гал телевизорни ёқсам, исломни тушунтираётган бирини кўраман. Лекин у танитаётган исломни мен танимайман. Худдики, у мутлақо бошқа дин ҳақида гапираётгандек. Чунки, улар ҳар гал динни экстремистларга боғлайверадилар, дер экан Али кўпчиликнинг тили учида айланаётган саволни бошқа бири қиёфасида ўртага ташлайди:

- Балки тасодифдир?!

Кейин эса Али ва бу саволга: “Мен бундай ҳисобламайман”, дея жавоб беради ҳамда бунинг сабабини қисқа ва лўнда тилда тушунтиришга уринади:

- Улар шу йўл билан маълум бир кишиларда жамоатчилик фикрини уйғотади ва оқибатда, улар исломни ёмон кўрадилар. Эътибор қилинг, бугун ислом дини ҳақида энг кўп ёлғон информация берилаётган соҳа киноиндустриядир. Чунки уларнинг узрлари бор: "Бу ахир киноку!?" дейишади-қутулишади. Бунақа киноларда мусулмонлар ролини ўйнаётган актёрлар ҳақида эса мен: “Улар уй вазифасини бажармаган”, деган бўлар эдим, - дейди Али.

Унинг фикрича, ислом ва мусулмонлар ҳақида сўз очаётган эксперт ҳамда мусулмонлар қиёфасига кираётган актёрларнинг аксар ҳолларда бу динни энг зарур даражада бўлса-да, ўрганмасдан бу ишга киришгани яққол кўриниб қолади.

Бунинг энг оддий мисоли ўлароқ, Баба Али шундай ҳолатни мисол келтиради:

- Нима учун улар ҳар гал иблисга тенглаштирилган бош қаҳрамон экранда пайдо бўлиши билан кадр ортидаги фонда азонни эшиттирадилар? Эй яхшилар, ахир азон намозга чақириқ, холос! Бу тасодифми?! Мен бундай демаган бўлар эдим. Аслида улар шу ҳаракатлари билан тинчликни кўзлаган динни зулмга қориштирмоқдалар, - дейди Али азоннинг асл мазмунини яна бир карра ёдга олишни тавсия қилар экан.




Бугунги дунёда мусулмон бўлиш осон эмас

Баба Али маърузаларида кундалик актуал масалаларни бир-бир тилга олар экан, булар орасида бевосита ҳар бир мусулмонга тегишли бўлган нуқталарни топиш ва зиддиятларга барҳам беришга уринади.

- Аслида бугунги дунёда мусулмон бўлиш осон эмас. Айниқса, 2001 йилги 11 сентябрь воқеаларидан буён. Бугун ер юзида яшаётган 6 миллиарддан ортиқ одамнинг 1 ярим миллиарди мусулмон. Демак, агар ислом терорни ўқитса, унда ҳар 4 мусулмоннинг бири зўравонлик қилиши керак. Энди, мусулмон жиноятчи кўрсатилган оммавий телешоуни охирги марта қачон кўргансиз, айтинг менга? - деб савол ташалаган Али АҚШдаги телеканалларнинг криминал хроникани бериб борадиган бир неча машҳур шоуларини санайди.

Дарҳақиқат, қизларини уйи ертўласига қамаб, йиллар давомида зўрлаган оталар, қўшни оилани ўлдириб, боғчасига кўмиб юбораётган жиноятчилар, наркотикка берилиб кетган ёшлар, банкларни ўмараётган робберлару ҳакерлар, киллер ёллаётганган зиёлилар ва ҳоказо ижтимоий-иқтисодий-сиёсий жиноятларни ҳикоя қиладиган телешоулар АҚШ ва умуман замонавий дунёда оммалашиб бормоқда.

Баба Али бу фикрни тилга олганини шундай изоҳлайди:

- Аслида бундай жиноятчилар ҳамма диний гуруҳларда бор. Шунинг учун сиз бу динни (Исломни - Таҳр.) тушунмоқчи бўлсангиз, мусулмонларни эмас, исломни ўрганинг! Акс ҳолда Хитойдаги мусулмонлар сони Саудия Арабистонидаги мусулмонлар сонидан икки баробарга кўп бўлмас эди, - дейди Али ва бу гапида мусулмонликни ота-онасидан мерос олганларни эмас, балки мусулмонликка амал қиладиганлар назарда тутганини аниқлаштириб.

Маърузаларида яна Баба Али шу кунлардаги мусулмонларнинг бош оғриғига айланган аэропортлардаги тинтувларни ҳажв қилади.

Унга кўра, бунинг асл сабаб бугунги дунёда исломни тушунмайдиганлар ва оммавий ахборот воситалари босими остида тушунишни истамайдиганларнинг кўпайётгани, деб ҳисоблашини айтади.


Мусулмон бўлсанг, самолётда учиб кўр!

“Аэропорт хавфсизлиги ходимлари, одатан шарқона қиёфадаги одамни кўрса, ҳатто мусулмон бўлмасада уни, албатта текширади. Аваллари қора бўлсанг, машина миниб кўр, деган гап бўларди. Ҳозир эса мусулмон бўлсанг, самолётда учиб кўр, деган нақл пайдо бўлган. Кириб борар экансиз, хавфсизликка масъул ходимларнинг сохта табассум ва мантиқсиз саволларга бой текширувидан ўтишга мажбур қоласиз”, дейди Али маърузаларидан яна бирида.

Кейин эса хавфсизлик хизмати ходими билан одатий суҳбатни ҳажв қилади.

"Ассалому алайкум, жаноб. Ширкатимизга хуш келибсиз, биз танлов асосида йўловчиларимизни текширяпмиз ва бугун сиз танландингиз. Майлими, сизни электрон ускуналаримиз воситасида текширсак?

Бу саволга сиз албатта: "Ҳа” деб жавоб берасиз ва бу ходим кейинги мантиқсиз саволга ўтади:

- Сизга баъзи саволлар берсам ва сумкангизни текширсам, рухсатингиз билан!

Сиз яна: "Ҳа" дейсиз. Кейин у яна сўрайди:

- Сиз бирор хориж давлатига учаяпсизми?

Сиз эса ҳайрон бўласиз ва: “Бу маҳаллий рейс эмасми?” дейишга уринасиз. Аммо, хавфсизлик хизмати ходими гапингизни шартта бўлади:

- Жаноб, илтимос саволларимга жавоб беринг! - дейди яна ўша сохта табассумини сақлашга уринган ходим ва кейин навбатдаги мантиқсиз саволни беради:

- Бугун сизнинг бирор террорчи давлатга саёҳат қилиш режангиз борми?

Бу саволга жавобан сиз: “Мен ахир Чикагога учмаяпманми?” деб энасангиз қотса, у яна юмшоқ оҳангда таҳдид қилади:

- Жаноб, саволга жавоб беринг, илтимос!

Сиз эса: "Йўқ террорчи давлатга учмаяпман. Аммо, жаноб "террорчи давлат" дегани нима дегани ўзи?" деб сўрашга мажбур қолсангиз, бу ходим яна сохта мулойимлик билан сизга жавоб беради:

- Бомбалаётган ёки бомбалашни режалаётган исталган давлат ёҳуд бомбалаётган ёки бомбалашни режалаётган исталган давлатни қувватлаётган исталган давлат — террорчи давлатдир, жаноб.

- Ахир, бу деярли дунёнинг ҳамма давлати, дегани эмасми?

– Ҳа, худди шундай, жаноб, - дея жавоб берган хавфсизлик ходими камига сўнггида сизга оқ йўл ҳам тилайди:

– Бизнинг ширкатимиз хизматидан фойдаланганингиз учун катта раҳмат, жаноб! Илтимос, фақат маҳаллий рейслар йўналишида учишда давом этинг, раҳмат жаноб!

Шу тариқа, назорат постидан ўтишингизга рухсат беради. Эу Худо ўзингга шукр, деб 10 қадам юрар–юрмас, қиёфаси аввалгисидан ҳеч фарқ қилмаган навбатдаги хавфсизлик ходимга дуч келасиз:

- Ассалому алайкум жаноб, ширкатимизга хуш келибсиз, биз танлов асосида йўловчиларимизни текшираяпмиз ва бугун сиз танландингиз! - дея ҳажв қилади маҳорат билан хавфсизлик ходими қиёфасига кирган Баба Али.





Ортиқча эзма, майдагап бўлманг, биродар!

Бугун исломга эргашганларга нисбатан кўп ҳолларда асоссиз ва ортиқча эҳтиёткорликка асосланган сиёсатни “параноя”, деб танқид қилган Али мусулмонларнинг ўзида учрайдиган камчиликларни ҳам унутмайди.

"Илтимос, ноқулай ва бемаъни ҳаракатларингиз билан секюритида турган ходимлар диққатини тортиб, йўловчилар навбатини узайтирманг! Бунинг учун баъзи эсламатмаларни бершим мумкин. Қуйидаги ҳаракатлардан чекланинг:

1-ҳаракат: Нотўғри тушунилиши мумкин бўлган комик футболкаларни кийманг!
2-ҳаракат: Самолётда берилган овқатнинг ҳақиқатда ҳалол ёки ҳалол эмаслиги устида борт ходимлари билан ортиқча тортишманг!"

Бу эслатмаларни берар экан, Баба Али, инжиқ ва майдагап мусулмон қиёфасига киради:

"Қулоқ солинг, мен ишонч ҳосил қилишим керак: Бу гўшт ҳалолми, ростдан ҳам ҳалолми, ҳақиқатда ҳам ҳалолми, деяпман сизга? Мен ҳалол овқат буюрма қилганман, пулини тўлаганман! Менга қассобнинг кимлигини айтинг! Қассобнинг исмини айтинг! У қўли билан сўйганми молни ёки электрон мослама билан сўйганми? Сўйилган мол нима еган? Агар қассобни топиб бермасангиз мен бу овқатни емайман! Ҳей, менга қаранг, дедим?! У ҳолда менга менежерни чақиринг! - дейди безорижон мусулмон йўловчи қиёфасига кирган Али.

У бундай хулқи билан мусулмонларни бошқа дин вакилларига жиғига тегмаслик, уларнинг сабрини синамасликка чақиради.


Мусулмоннинг энг катта муаммоси — унинг ўзи!

Назарига тушган ҳамма-ҳаммани аёвсиз ҳажв қилаётган ва шу йўл билан асл ислом – тинчликни тарғиб қилувчи, поклик-ҳаллолликка чақирувчи, зулм ва зўравонликдан қайтарувчи исломни тушунтиришга уринган Али Ардаконий бугунги мусулмоннинг энг катта муаммоси унинг ўзи, деб ҳисоблайди.

- Бугунги энг катта муаммо бу — Сизнинг ўзингиз! Бугун ота-оналар ўз авлодларини тўғри тарбиялаши лозим ва бу борган сари қийинлашмоқда. Бугун мусулмон ота-оналар ўз фарзандини тушуна олмаяпти. Катталар бир кун юртимизга қайтамиз, дейди. Аммо болалари учун ватан у яшаётган давлат. Катталар болаларини ўзининг яқинлари ва миллатдошлари билан оила қилсин, дейди. Болалари эса бирга ўсган яқинлари орасидан умр йўлдош қидиради. Катталар ишла, пул топ ва ғамла, бир кун ватанга қайтамиз, дейди. Болалари эса бугун яшашни истайди. Ваҳоланки, бу ижтимоий ҳаётимиздаги муаммоларнинг бир қисми, холос. Бунақа муаммолар қайнаб ётибди ва бизнинг айбимиз – ўзимизни яхши англамаганимизда, - деди Али Озодлик билан суҳбатда.



Иншаоллоҳ, яхши мусулмон бўлсангиз, ҳамма сизга интилади

Баба Али бугунги ислом ва мусулмонлар муаммосини уч қисмга бўлиб, бунга тартиб беришга уринади.

Унинг фикрича, бугунги мусулмон биринчи ўринда ўзи ва Оллоҳ ўртасидаги муносабатни англаши ва тўғри йўлга қўйиши лозим. Иккинчи навбатда, ўзининг ўзи билан муносабатини ислоҳ қилиши, учинчи ўринда эса ўзи ва бошқалар ўртасидаги муносабатни англаб олиши ва тўғри йўлга қўйиши лозим.

- Иншаоллоҳ, агар сиз яхши мусулмон бўлсангиз, бошқалар сизга ўхшашга интилади. Бошқаларга намуна бўлиш эса бизнинг ўзимизга боғлиқ. Бунинг мен билган тўғри йўли эса — исломга тўғри ва тўлиқ амал қилишдир! Биз бошқаларга ўрнак бўлиш орқали исломни намойиш қилишимиз керак, - дейди Баба Али ҳар видеоҳажвияси сўнггида.

XS
SM
MD
LG