Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:09

“Туркманистон билан муносабат минтақадаги бошқа давлатлардагидан анча силлиқ”


Ўзбекистон президенти таклифига биноан 25 ноябрь куни Туркманистон Президенти Қурбонқули Бердимуҳамедов расмий ташриф билан Тошкентга келди. Озодлик суҳбатлашган таҳлилчиларга кўра, бу ташриф доирасида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги муносабатларнинг бугунги аҳволи ва минтақавий муаммолар муҳокама этилади.



Икки кунлик расмий ташриф билан Ўзбекистонга келган Туркманистон Президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов Тошкентда олдингига нисбатан анча дабдабалироқ тарзда кутиб олинган.

Тошкентлик сиëсий таҳлилчи Фарҳод Толиповнинг кузатишича¸ Туркманистон президенти тушган кортеж ўтадиган кўчалар икки давлат байроқлари ва шиорлар билан безатилган.

- Бердимуҳаммедовнинг олдинги сафаридан кўра ҳозир дабдаба кўпроқ¸ бир оғиз гап билан айтсак, уни қучоқ очиб кутиб олишди¸- дейди минтақашунос таҳлилчи Фарҳод Толипов.

Суҳбатдошга кўра¸ Тошкентда Туркманистон президентини кутиб олишга астойдил тайёргарлик кўрилган – “президент трассаси” бўйлаб икки давлат байроқлари тикилган, йўл чизиқлари янгиланган, йўл четидаги тўсиқлар янгидан бўялган.



1991 йилда мамлакатлар мустақилликка эришганидан бери давлат раҳбарларининг 13-марта учрашмоқда ва икки давлат ўртасида 150 дан зиёд ҳужжат имзоланган.

Айни пайтда, душанба куни Ўзбекистон расмийлари сафар ҳақида бирор маълумот эълон қилмади.

Туркманистон президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, душанба куни бошланган ташриф давомида Бердимуҳаммедов ва Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов икки томонлама алоқалар, жумладан, энергия, Хитой ва Яқин Шарққа табиий газ транспортировкаси соҳаларидаги ҳамкорликка доир масалаларни муҳокама қилиши режалаштирилган.

Шунингдек, 2014 йилда НАТО қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилгач, Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш масаласининг ҳам муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Айни пайтда, Тошкентдаги Туркман миллий маданият марказининг республика бўлими вакиллари Озодлик билан суҳбатда Туркманистон президенти ташрифи билан боғлиқ бирор бир тадбир режаланмаганини билдирди.

Ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи, Фарҳод Толипов Тошкентнинг Ашхобод билан муносабатлари минтақадаги бошқа қўшнилар билан солиштирганда энг силлиқ деб баҳоласа бўлади, дейди.

- Қўшни Тожикистон¸ Қирғизистон ва Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда кузатилган бирор жиддий муаммо Ўзбекистоннинг Туркманистон билан муносабатларида кузатилмайди. Аксинча, 2014 йилда НАТО қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилганидан кейинги минтақавий вазиятда бу икки давлат манфаатларининг муштарак экани кўзга ташланади, дейди таҳлилчи Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдошга кўра¸ учрашувда асосан геосиëсат ва газ транзити масалалари муҳокама қилинади. Туркманистонда яшовчи ўзбеклар муаммолари кун тартибида йўқ, дейди сиёсий таҳлилчи Фарҳод Толипов.

- Туркманистонда яшовчи ўзбеклар ўзларини қийнаётган асосий муаммолар, жумладан, ўзбек болалари учун она тилида таълим олиш имкони йўқлигига икки давлат раҳбари эътибор қаратишидан ҳар сафар умидвор бўладилар.
Толиповга кўра икки давлат президентларининг ўтган 12 та учрашувининг бирортасида ҳам туркманистонлик ўзбеклар муаммолари тилга олинмаган.

Шу билан бирга Ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи, Фарҳод Толипов икки давлат раҳбарлари ўртасидаги учрашувларнинг ҳар сафар илиқлашиб бораëтганини қайд этади.

- Масалан, марҳум Туркманбоши Сапармурод Ниëзов учрашувлари билан солиштирсак, анча катта тафовут кўрамиз. Бердимуҳаммедов ҳокимиятга келгач Ўзбекистон-Туркманистон муносабатлари анча илиқлашди. Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасида бугунги кунда зиддиятлар йўқ. Шунинг ўзи бугунги минтақа вазияти фонида жуда ижобий ҳолатдир. Қолаверса, транспорт, газ соҳасида ва геосиëсиëсатда ҳамкорлик давом этаяпти,- дейди Фарҳод Толипов.

Суҳбатдошга кўра, икки давлат ўртасидаги “Туркманистон-Ўзбекистон-Қозоғистон-Хитой” трансмиллий газ қувури қурилиш лойиҳасининг амалга оширилиши, “Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон-Қатар” халқаро транспорт йўлаги бўйича музокаралар бу ҳамкорликнинг ижобий намунасидир.

Расмий рақамларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистоннинг турли вилоятларида 170 мингдан зиёд туркман истиқомат қилади. Туркман миллатига мансуб 9 000 дан ортиқ бола туркман тилига ихтисослаштирилган 47 та мактабда таҳсил олади.

Бу мактабларнинг 24 тасида таълим тўлиқ туркман тилида олиб борилади.

1995 йилги расмий маълумотга кўра¸ Туркманистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Лебоб ва Тошҳовуз вилоятларида 700 мингдан зиёд Туркманистон фуқароси бўлган ўзбек истиқомат қилади.
XS
SM
MD
LG