Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:47

Тожик мухолифатчисининг иши "енгиллаштирилиши" мумкин


Тожикистонда оғир айбловлар билан судланаётган мухолифатчи Зайд Саидов иши “енгиллаштирилиши” мумкин. Бироқ Саидовнинг яқинлари мухолифатчининг “авф” этилишига ишонмайдилар. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизмати ўз манбаларига таянган ҳолда маълум қилди.

Озодлик радиоси тожик хизматида мавжуд маълумотларга қараганда, суд жараёнида давлат айбловчиси Тожикистоннинг собиқ саноат вазири ва тадбиркор Зайд Саидовга билдирилган бир қатор айбловларни олиб ташлашни, айрим моддалар бўйича эса жиноят ишини қайта терговга жўнатишни таклиф қилган.

Озодлик манбасининг билдиришича, гап Зайд Саидовдан порахўрлик ва товламачилик моддалари бўйича айбловларни олиб ташлаш ҳақида бормоқда. Шунингдек, 16 ёшга тўлмаган қизни зўрлаш айбловидан бири экспертиза давомида ДНК анализи соҳталаштирилгани аниқланганидан сўнг Зайд Саидовдан олиб ташланган.

Мухолифатчига билдирилган 10 айбловдан бир қисми олиб ташланганига қарамай, қолган айбловлар судда тасдиғини топса у 21 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Давлат айбловчиси Абдусоме Додобоев “Янги Тожикистон” партиясининг асосчиси Зайд Саидов ишида кутилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот беришдан тийилмоқда.

Зайд Саидовга нисбатан суд жараёни Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳибсхонасида ёпиқ эшиклар ортида ўтмоқда. Озодлик радиоси тожик хизматининг 15 декабрь куни билдиришича, 11 декбарда ўтган суд жараёнида судланувчига сўнгги сўз берилган. Зайд Саидов судда 2,5 соат гапирган ва ўзига нисбатан билдирилган айбловларни тан олмаслигини айтган. Шунингдек, Зайд Саидов ўзига нисбатан жиноят иши “юқоридагиларнинг буйруғи асосида” соҳталаштирилганини таъкидлаган.

Душанбеда нашр этиладиган ва тожик сиёсатчилари фаолиятини ёритишга ихтисослашган “Элита” газетаси бош муҳаррири Далер Ғуфронов Саидовнинг иши сиёсий мотивларга эга эканига шубҳа қилмаслигини айтди:

-Саидов ислоҳотлар қилишни хоҳлади, бироқ ҳукумат ислоҳотларга тайёр эмас эди. Шунинг учун ҳукумат ислоҳотчиларни бартараф этишнинг енгил йўлни танлади. Менимча, Саидовнинг қўлга олинишига асосий сабаб мана шу, -деди Далер Ғуфронов.

Айни пайтда ҳукумат расмийлари Зайд Саидовнинг қамалишида ҳеч қандай сиёсий асос йўқлигини айтиб келмоқда. Тожикистон ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг расмий билдирувларида айтилишича, Саидов ўз қурилиш фирмалари орқали давлатнинг 8 миллион доллар маблағини ноқонуний ўзлаштириб олган ва 5 миллион доллар солиқни яшириб қолган. Прокуратура Саидовга кўпхотинлик айбини ҳам қўйган. Бу айблвога кўра, Саидов 4 хотин билан яшаб келган ва улардан 10 фарзанд кўрган. Бироқ мухолифатчи қонунан фақат битта хотин билан яшаганини ва қолган собиқ хотинларига моддий ёрдам кўрсатиб келганини айтган.

Душанбелик сиёсатшунос Парвез Мулложонов бу борада фикр билдирар экан, Зайд Саидов реал мухолифатчи бўлмаганини, у тадбиркор қаторида кўпроқ ўз манфаатини кўзлаганини айтди:

-Унда сиёсий амбициялар бўлган бўлиши мумкин, бироқ у ҳеч қачон ҳукуматга қарши бормайди. Кўп одамлар “Янги Тожикистон” партияси ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланган лойиҳа бўлганини эҳтимолдан соқит қилмайди. Бу партия анъанавий тарзда мухолифатни қўллаб келган ҳудудларда ҳукуматга овоз олиб бериш учун ташкил қилингани айтилади, -деди Парвез Муллажонов.

55 ёшли Зайд Саидов жорий йилнинг 19 майида қўлга олинган эди. Унга Тожикистон жиноят қодексининг ўнга яқин моддаси асосида айблов билдирилган. Зайд Саидовга нисбатан суд ҳукми шу кунларда ўқилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG