Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:43

Tethys Petroleum Ltd: Бизнес ва сиёсий муҳит ўзгаргани боис Ўзбекистондан кетяпмиз


Британия ва Канадага қарашли Tethys Petroleum Limited ширкати сиёсий ва бизнес муҳити ўзгаргани сабаб Ўзбекистондаги лойиҳалардан чиқиш ҳақида қарор олди.



Марказий Осиё ва Каспий минтақасида нефт-газ қидируви ва қазиб олиш билан шуғулланадиган ширкат 2 январ куни Ўзбекистонда “сиёсий ва бизнес муҳити ўзгаргани сабаб” у ердаги лойиҳалардан чиқиб кетаётганини билдирди.

"Бизнес ва сиёсий муҳитнинг яқинда ўзгаргани боис Tethys Ўзбекистонни тарк этиш ҳақида корпоратив қарор олди", дейилади ширкатнинг 2 январь куни эълон қилган баёнотида.

Tethys Petroleum Limited ширкати вакилларига кўра, Ўзбекистондаги Ўртабулоқ нефт конини ўзлаштириш ва маҳсулотларни тақсимлаш бўйича имзоланган шартномадан чиқиш жараёни уч ойгача чўзилиши мумкин.

Ширкат эндиликда Грузия, Қозоғистон ва Тожикистондаги лойиҳаларга эътибор қаратишини билдирди.

"Ушбу стратегик қарор Tethys ширкатига тежалган сармояни бошқа мамлакатлардаги лойиҳаларга йўналтириш имконини беради", дейилади ширкат баёнотида.

Tethys ширкати вакиллари Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистондаги лойиҳалардан чиқиши борасида шундан ортиқ маълумот беролмасликларини айтишди.

Эслатамиз, ўтган йилнинг ноябр ойида Ўзбекистон ҳукумати назоратидаги матбуот Tethys Petroleum Limited ширкати фаолияти текширилаётгани ва ширкатнинг Ўзбекистон фуқаролари бўлган икки ходими қазиб чиқарилаётган нефтнинг Ўзбекистонга тегишли бўлган қисмини ноқонуний тарзда ўзлаштирганликда гумонланиб, ҳибсга олингани ҳақида хабар қилган эди.

30-40 миллион долларлик нефтни ўмарганликда гумонланиб, ҳибсга олинганлардан бири Tethys Petroleum Limited ширкатининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Баҳром Салоҳиддинов экани айтилган.

Tethys ширкати вакиллари бу юзадан ҳам изоҳ беролмасликларини айтишди.
Tethys Petroleum 2010 йилда Қашқадарё вилоятидаги Шимолий Ўртабулоқ конида суюқ углеводородлар қазиб олишни бошлаган. Ҳозирги кунда мазкур кондан кунига 1 ярим минг баррел нефт қазиб олиниши айтилади.

Tethys Petroleum сўнгги олти ой ичида Ўзбекистонни тарк этаётган иккинчи йирик нефт ширкатидир.

Ўтган йилнинг июл ойида Малайзиянинг Petronas нефт ва газ ширкати Ўзбекистондаги углеводород конларини ўзлаштириш билан боғлиқ барча лойиҳаларини буткул тўхтатгани ва мамлакатдан чиқиб кетаётганини маълум қилган эди.

Petronas ўшанда Ўзбекистондан тижорий сабаблар туфайли чиқиб кетаётганини билдириб, тафсилотларни очиқламаган эди.
XS
SM
MD
LG