Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:38

Ўзбек адиби Аҳмад Аъзам дунёдан ўтди


Аҳмад Аъзам.
Аҳмад Аъзам.

Шу йилнинг 4 январь куни машҳур ёзувчи, ўзбек тили жонкуярларидан бири Аҳмад Аъзам оламдан ўтди. 64 ёшида дунё билан хўшлашган ўзбек ёзувчиси, гувоҳларга кўра, анчадан буён буйрак хасталигидан азият чекиб келган.


Озодликнинг Тошкентдаги манбалари адибнинг жанозаси бугун пешин пайти ўқилгани ва у пойтахтдаги Камолон қабристонига дафн этилганини маълум қилдилар.

Аҳмад Аъзам 1949 йили Самарқанд вилоятининг Жомбой туманига қарашли Ғазира қишлоғида туғилганди. 1971 йили у Самарқанд Давлат университетининг филология факультетини битирган.

У “Гулистон” журнали, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Совет Ўзбекистони санъати” журнали таҳририятида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлаган.

Ўтган асрнинг 80-йиллари охирларига келиб Аҳмад Аъзам сиёсий фаолият билан актив шуғуллана бошлаган, “Бирлик” халқ ҳаракати ҳамраиси, “Эрк” демократик партияси бош котиби бўлган.

У 1999-2004 йиллар мобайнида Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати сифатида фаолият кўрсатган.

Аҳмад Аъзам 1995 йилдан Ўзбекистон телевидениесида бош муҳаррир, “Ўзбекистон” телеканали бош директори, “Ўзбектелефильм” студияси бош директори лавозимларида ишлаган. Ўзбекистон телевидениесида юзлаб кўрсатув ва ҳужжатли фильмлар қилган, улардан энг машҳурлари “Ўзлик”, “Халқнинг кўнгли”, Тўртинчи ҳокимият” кабилардир.

Адибнинг “Ойнинг гардиши”, “Бу куннинг давоми”, “Асқартоғ томонларда”, “Соясини йўқотган одам”, “Ҳали ҳаёт бор” деган насрий асарлари, “Масъул сўз” деган адабий-танқидий мақолалар тўпламлари, “Ўзи уйланмаган совчи”, “Рўё ёхуд Ғулистонга сафар” романлари чоп этилган.

2011 йил ёзида Озодлик саволларига жавоб берган Аҳмад Аъзам умрининг сўнгги 20 йили ҳақида тўхталаркан, бу вақт мобайнида Ўзбекистон телевидениесида ишлаб, қатағонга учраган 200 га яқин киши тақдири ҳақида юртдошларига ҳикоя қилиб беришга муваффақ бўлганини айтганди.

- Халқимизнинг бардоши чўнг, чуқур. Халқимизнинг бошидан кўп нималар ўтган, жуда катта адолатсизликларни кўрган, адолатсизликларга бардош берган халқ. Бундан ўзим учун чиқарган хулосам – одамлар ўша Шўро замонидаги қатағонлар пайти қандай яшаган, ўзини қандай тутган, энди шундай хатолар такрорланмаслиги учун нималар қилиш керак – одамларнинг эътиборини шунга тортишга ҳаракат қилдим. Худога шукур қилишим керакки, мана шу кўрсатувларим туфайли ҳам халққа мен бошқатдан танилдим. Илгари одамлар [мени] ёзувчи сифатида, сиёсатга аралашиб юрган одам сифатида билган бўлса, энди журналист сифатида ҳам (...) халқ эътиборига сазовор бўлдим . Мен, масалан, шундан хурсандман, - деганди Аҳмад Аъзам.

“Аҳмад Аъзам ўзбек адабиётининг сўнгги босқичдаги энг йирик ёзувчиларидан бири эди, унинг вафот этгани бизни, албатта, қайғуга солди” деган шоир ва мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ адиб дўстининг яқинларига таъзия изҳор қилди.

- Аҳмад Аъзам биз учун фақат бир ёзувчи эмас, балки дўстимиз ҳам эди. Бизнинг ёшлигимиз, адабиётдаги ҳаётимиз биргаликда кечди. Бутун қийинчиликлар, машаққатлар, қувончлар ва ғамлар - ҳаммасини Аҳмад Аъзам билан баҳам кўрдик. Яқин дўстим эди Аҳмад Аъзам. Оллоҳ раҳматига олсин, жойи Жаннатда бўлсин. Яхши инсон эди, кўнгилчан инсон эди. Биз бу сиёсатга бирга кирдик, кейин сиёсатдаги йўлларимиз айрилди. Шунга қарамасдан, мен доим бу инсонга катта ҳурмат туйганман ва унинг оиласига шу қайғули кунда ўз таъзиямни билдираман. Хусусан, Аҳмад Аъзамнинг рафиқаси Фароғат хоним ва болалари бизнинг оиламиздан бу таъзиямизни қабул қилсинлар. Оллоҳ марҳумнинг жойини Жаннат қилсин, - деди Муҳаммад Солиҳ.
XS
SM
MD
LG