Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:13

Жанубий вилоятларда мактаблар очилди


Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида 2 февралдан буён ёпиқ қолаётган умумий ўрта таълим мактабларида яна дарс бошланди. Озодликка сўзлаган ўқувчи ва ота-оналарнинг айтишича, ҳаво ҳарорати кундузлари 8-10 даража илиган бўлсада, мактаб ва коллеж биноси ҳамон жуда совуқ қолмоқда.


Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида истиқомат қиладиган коллеж ўқувчиси Шуҳрат Қаршиев 17 февраль тонгидан бошлаб, у яшайдиган шаҳарчадаги барча умумий ўрта таълим мактабларида дарс бошланганини айтди.

- Душанбадан бошлаб ҳамма мактаблар очилди. Лекин, мактабларда газ йўқ, кўмир йўқ, ҳаммаси совуқ. Коллежларда ҳам отопление трубалари музлаб ётибди. Курткаларда дарс бошладик, - деди Шуҳрат.

Унинг айтишича, умумий ўрта таълим мактабларида таътил аввалига 3 февралдан 10 февралгача, деб эълон қилинган. Аммо, 10 февраль куни қалин кийимларга ўраниб, мактабга борган ўқувчилар таътил 20 февралга қадар узайтирилгани ҳақидаги хабар билан ортга қайтарилган эди. Аммо, бу мажбурий таътил айтилганидан қисқароқ бўлди.

Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида истиқомат қиладиган тингловчи Хайрулла Каримовнинг айтишича, у яшаб турган ҳудуддаги умумий ўрта таълим мактабларида қуйи синф – 1-3 синф ўқувчилари кундуз соат 11 дан 15 га қадар ўқий бошлади.

- Шу кичкина синфлар кун исиганда - соат 11 дан кундузи 3 гача ўқияпти. Душанбадан бошланди. 2 февралда кун совуқ, катта қор ёққанда ёпилган эди мактаблар. Совуққа. Ҳозир кун исиб қолди, мактабларам очилди, невараларам кечадан мактабда, - деди Хайрулла ака.

Нишонлик кекса суҳбатдошимизнинг 2 набираси мактабда ўқийди. Свет ва газдаги тақчиллик боис хонадонларни иситиш мушкул бўлиб турганда, умумий ўрта таълим "мактабларининг аҳволини ўзингиз тушунгандирсиз", дея қўшимча қилди бу суҳбатдош.

Суҳбатдошларга кўра, бу қишда умумий ўрта таълим мактаблари синфхоналарида кўмир ва ўтинга мосланган печлар ўрнатилган.

- Икки ойлар бўлдида мактабларга печкалар қурилди. Ўтин ва кўмир ёқиш учун. Лекин, кўп мактабларда ёқилмадиям. Ўтинам йўқ, кўмирам йўқда чунки. Совуқ мактаблар, - дейди Шўрчидаги касб-ҳунар коллежи ўқувичиси Шуҳрат Қаршиев.

Ўзбекистонда 2 февралдан бошлаб ҳаво ҳарорати кескин совуб кетди ва баъзи вилоятларда 1995 йилдан сўнг кузатилган рекорд даражадаги совуқ ҳаво қайд этилди.

Ўзбекистоннинг энг иссиқ шаҳри ҳисобланган Термизда ҳаво ҳарорати -20 даражага тушиб кетди.

Сурхондарё, Қашқадарё ва Фарғона водийсидаги қатор вилоятлар, ҳатто Тошкент шаҳридаги баъзи умумий ўрта таълим мактаблари ёпилди.

Водийдаги баъзи вилоятларда мактаблар ўтган ҳафтанинг чоршанбаси – 12 февралдан бошлаб ишлай бошлаган эди. Жанубий вилоятларда эса ўқувчиларга 20 февралга қадар мажбурий таътил берилгани айтилган бўлса-да, дарслар 17 февралдан бошланди.

Ўзбекистондаги аксар умумий ўрта таълим мактаблари аҳоли пунтлари ва давлат идоралари каби газ таъминотидан буткул узилиб қолган. Бу қиш мавсумида қишлоқ ҳудудларидаги мактабларда кўмир ва ўтинга мосланган печлар ўрнатилгани хабар қилинган.

Шу кунларда эса Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати анчгина илиб қолди. 18 февраль куни Термизда кундузи +8 даража, ўтган тунда эса 0 даража илиқ бўлди.
XS
SM
MD
LG