Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:03

Блог: Украина бизга нима беради?


Қадимги славянлар ватанида бир неча ойлардан буён давом этиб келаётган халқ ғалаёнлари кульминацияга етди. Халқ ўз президентини оқ қилди. Кутилмаганда етти йиллик жазога маҳкум этилган собиқ бош вазир қамоқдан озод этилди. У мустақиллик майдонида саф тортган намойишчилар олдида ногиронлар аравасида ўтириб, нутқ сўзларкан, “мамлакатдаги вазиятни сиёсатчилар эмас, халқ ўзгартирди”, деб айтди.


Украиналик сиёсатчи аёл энди англаб етган бу фалсафанинг мағзини бундан деярли юз йил муқаддам ўзбекнинг ўлмас шоири Абдулҳамид Чўлпон айтган эмасмиди?

Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир,
Халқ исёндир, халқ оловдир, халқ ўчдир...
Халқ қўзғалса, куч йўқдирким, тўхтатсин,
Қувват йўқким, халқ истагин йўқ этсин.
Халқ исёни салтанатни йўқ қилди,
Халқ истади, тож ва тахтлар йиқилди...


Умуман, Украинадаги вазият жуда шиддатли ва мураккаб. Келажакда воқеалар қандай ривож топади? Бу Украинанинг тақдири ва халқнинг ҳохиш-иродасига боғлиқ.

Ўзбекистон-чи? Украинадаги воқеалар бизга нима беради? Азага борган одам ўз дардини айтиб йиғлар экан. Украинадаги инқилобий силжишлардан ўзбек халқи ҳайратга тушадими ё ғайратга тушадими? Бугун шулар ҳақида айтмоқчи эдик.

Ўзбекистон расмий оммавий ахборот воситалари собиқ постсовет республикаларидан бири бўлган Украинадаги ўзгаришлар ҳақида лом-мим демаётганидан ҳам билса бўладики, ҳокимият бир неча ойдан бери қаттиқ изтироб ва қўрқувда. Мухолифат ва ўзгача фикрловчилар зса анча илҳомланди ва янги хулоса ҳамда сабоқлар ясамоқда.

Лекин халқ-чи? Бу халқ қачон қудратли кучга айланади? Қачон ўз эркини, ҳақ-ҳуқуқини танийди? Дунёнинг илғор миллатлари демократия ва ривожланиш йўлидан дадил одимлаб, тараққиёт сари юзланган бир даврда ўзбек халқи жаҳолат ҳамда зулм кишанларини қачон парчалайди? Ватан ҳақида ўйласанг, беихтиёр мана шундай жавобсиз саволлар қўйилиб келаверади.

Айб халқдами? Ёки унинг бугуни ва эртаси учун жавобгар илғор фарзандларидами? Беихтиёр "ҳа" деб юборгинг келади. Чунки Ўзбекистонда ҳозир халқни Мустақиллик майдони сари етаклайдиган, озодлиги ва шаъни учун курашга даъват этадиган йўлбошчилар ва раҳнамолар йўқ-да. Чет элларда яшаб, “ўзбек мухолифатимиз” деётган арбобларни ўзбекнинг кекса авлоди унутаёзди, ёш авлод эса танимайди.

Бундан-да баттари - ўзбек матбуотининг сиёсатдан мутлақо ҳолилиги, асосий қисми қишлоқларда истиқомат қилувчи халқнинг оғир иқтисодий ва маиший қийинчиликлар исканжасида кун кечираётганлигидир.

Ўзбекистонликлар учун бугун информация олишнинг ягона манбаи Интернет тармоғидир. Айни кунларда мамлакатда миллионлаб интернет фойдаланувчиси борлиги айтилади. Лекин бу аудиториянинг асосий қисми ёшлар бўлиб, уларнинг ҳам кўпчилиги кўнгилочар сайтлар ва бошқа ижтимоий тармоқларда вақт ўтказмоқдалар.

«Қовун қовунни кўриб ранг олар» деган ширинкомадан ҳам бугун умид йўқ. Чунки қовун қовунни кўрмаяпти-да. Ўзбек қовуни украин қовунидан деярли изоляция қилинган. Диктатура эса халқни доимгидек зулм ботқоғида ушлаб туриш учун ҳамма воситаларни ишга солмоқда. Алқисса, бугунги ўзбек жамияти Украина воқеаларидан тўлиқ хабардор эмас.

“Нима қилмоқ керак?” деган эди йўқсиллар доҳийси Ленин ўз партиясини тузиш олдидан йиғилган сиёсий муаммоларни бартараф этиш учун. Биз Ленин даврига қайтмоқчи эмасмиз. Фақатгина унинг сиёсий тажрибасини тилга олдик, холос. Бизнингча, эндиликда ўзбек жамиятига дунёвий демократик тажрибани ўзлаштирган ва халқ ишончини қозона оладиган янги сиёсий кучлар кераклиги яққол кўзга ташланаяпти. Бу кучлар халқ билан якдил ва халқнинг ичида бўлмоғи керак. Нажот халқнинг ўзида!

Мусулмонқул
XS
SM
MD
LG