Линклар

Шошилинч хабар
11 декабр 2023, Тошкент вақти: 21:46

Хонқада "Олтин балиқ" ошхонаси ёниб кул бўлди


Хоразм вилояти Хонқа туман марказидаги “Олтин балиқ” ошхнасига ўт кетиши натижасида икки одам куйиш жароҳати олди. Жума куни рўй берган бу ҳодиса ёнғин хавфсизлигига риоя этмаслик оқибатида рўй бергани айтилмоқда.

Хонқа тумани Ёнғин хафсизлиги бўлими ходимининг Озодликка айтишича, балиқхонага ошхонадаги қозон ичдаги ёғнинг қаттиқроқ ёниши оқибатида ўт кетган.

- Хонқа туман марказидаги бу балиқхона расман “Хонқа Капитал” МЧЖ деб аталар экан. Ошхонага балиқ пишадиган қозондаги ёғнинг ёниши натижасида ўт кетган. Лекин бу тахминий сабаб, ҳозирча. Ёнғин оқибатида бинонинг 120 квадрат метрлик майдони, том бостирмаси ва шифр қопламаси ёниб кул бўлди. Ўт ўчирувчиларимиз кеча соат 15.07да етиб боришди, 16.03да ўтни ўчиришди, - деди Хонқа тумани Ёнғин хафсизлиги бўлимининг ходими.

Хонқа туман маркази Халқлар дўстлиги кўчасидаги бу балиқхона аҳоли гавжум масканлардан ҳисбланиб келинган.

Воқеа гувоҳларидан бирининг айтишича, балиқхонадаги ёнғин ошхонада газ баллондан эҳтиёткорсизлик билан фойдаланиш натижасида содир бўлган.

- Ошпаз пахта ёғини куйдирмоқчи бўлганида олов қаттиқроқ ёниб, газ балонга ўтиб портлаб кетган, - дейди ўз исмини айтмаган хонқалик йигит.

Гувоҳлар портлашнинг жуда ҳам кучли бўлганини айтишмоқда.

Лекин, ёнғин рўй берган пайтда одамлар ўз вақтида эвакуация қилинган. Ёнғиндан куйиш жароҳатини олганлар эса ошхона ходимлари экани айтилмоқда.

-Куйиш жароҳатини олганлар шу ошхонада ишлайдиган ошпазлардир. Улардан бири 70 фоизлик, яна бири 30 фоизлик куйиш жароҳати олди, - дейди Хонқа тумани Ёнғин хафсизлиги бўлими ходими.

Шу кунларда Ўзбекистоннинг турли вилоятларида газ баллонлар ёки қўлбола ускуналардан фойдланиш натижаларида кўплаб ёнғинлар содир бўлмоқда. Баъзи холларда бундай ёнғинлар оқибатида инсонлар нобуд бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG