Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:09

Виктор Янукович Украинага қайтиш иддаоси билан чиқди


Виктор Янукович.
Виктор Янукович.

Сешанба куни Россиянинг Ростов шаҳрида матбуот анжумани ўтказган Виктор Янкович ўзини ҳали ҳам “Украинанинг ягона легитим президенти ва мамлакат қуролли кучларининг бош қўмондони” деб ҳисоблашини таъкидлади. Янукович Украинада май ойига белгиланган президентлик сайловини “ноқонуний” дея атади.



Украинанинг ҳокимиятдан четлатилган собиқ президенти Виктор Янукович 11 март куни Ростов шаҳрида ўтказган матбуот анжуманида хавфсизлик билан боғлиқ вазият яхшиланган заҳотиёқ Киевга қайтишини, бунга “оз вақт қолди", дея иддао қилди.

Янукович Украинада муддатидан олдин май ойига белгиланган президент сайловини “ноқонуний”, ҳозирги ҳукуматни эса “аксилконституциявий хунта” деб атади.

Украинада кечаётган воқеалар хусусида “чуқур ташвиш”да эканини таъкидлаган Янукович мамлакатда “ашаддий миллатчилар ва нео-фашистлар ҳаракат қилмоқда”, деди.

- Гўёки, қонуний салоҳиятга эга ҳукумат ниқоби остида мамлакатда ультрамиллатчилар ва нео-фашстлар ҳаракат қилмоқда. Улар президент лавозимига ҳам кўз тиккан. Улар маҳаллий бошқарув органларини куч билан босиб олмоқда. Улар нафақат пойтахт Киевда, балки бошқа жойларда ҳам милиция ва хавфсизлик хизматлари раҳбарларини лавозимидан бўшатмоқда, деди Янукович.

Собиқ президент ўз чиқишида Украина армияси "бандерачи"лар қўлига ўтаётганини иддао қилди.

- Улар армияни “Бандера” байроғи остига ўтказишни ва фуқаролик уруши келтириб чиқаришни хоҳламоқда. Улар миллатчи ташкилотлар жанггариларини армия таркибига киритиб, уларнинг қўлига қурол бермоқчи, дея иддао қилди Украина собиқ президенти.

Янукович Киевдаги "ноқонуний" ҳукумат сабабли Қрим Украина таркибидан ажралиб чиқмоқчи эканини қўшимча қилди.

Янукович, давлат тўнтариши амалга оширилаётган пайтда мамлакатни тарк этмаганини алоҳида таъкидлади.

Украина парламенти Виктор Януковични ҳокимиятдан четлатганидан кейин илк бор 28 феврал куни Ростов-Дон шаҳрида матбуот анжумани ўтказган эди.

Украинага қарашли Қрим Мухтор Республикасида Россияга қўшилиш борасида референдум ўтказилиши арафасида Россия ҳарбийлари эгаллаб олган Қрим парламентининг россияпараст депутатлари Мустақиллик декларациясини қабул қилди.

Якшанба кунига белгиланган референдумда фуқаролардан Қримнинг Россияга қўшилишини қўллаб-қувватлаши ёки қўлламаслиги сўралади.

Қрим парламенти депутатлари қабул қилган декларацияда “агар Қрим резидентлари Қрим ва Симферополь шаҳри Россияга субъекти ўлароқ қўшилишини ёқлаб овоз берса, референдумдан кейин Қрим мустақил Республика деб эълон қилиниши” билдирилган.

11 март кунги овоз беришда Қрим парламентининг 81 депутатидан 78 нафари иштирок этди.

Ғарб давлатлари ва Украинанинг янги ҳукумати Қримдаги референдумни ноқонуний деб атаб, унинг натижаси тан олинмаслигини таъкидлади.

Франция Ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус Европа Иттифоқи шу ҳафтада Россияга нисбатан санкция қўллаши мумкинлигини билдирди.

Франция радиосига интервью берган Фабиус агар Россия ижобий жавоб берса, АҚШ Далват Котиби Жон Керри Москвага боришини ва санкциялар дарҳол жорий қилинмаслигини айтди.

Фабиус, агар Россия салбий жавоб берса, россияликлар Ғарб давлатларига сафар қилмаслиги учун виза чеклови ва уларга тегишли мулкларга санкциялар жорий қилинишидан огоҳлантирди.

Айни пайтда, Германия Ташқи ишлар вазири Франк-Уолтер Штанмайер Эстонияга сафари чоғида, Болтиқ бўйи давлатларини НАТО уларни бўҳрондан ҳимоя қилишига ишонтирди.
XS
SM
MD
LG