Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:26

Артем Улунян: Кремль Ўзбекистонни СССРга қайтармоқчи


Михаил Горбечев 1991 йил 17 март кунги референдумда СССРни сақлаб қолиш учун овоз бермоқда.
Михаил Горбечев 1991 йил 17 март кунги референдумда СССРни сақлаб қолиш учун овоз бермоқда.
Референдум воситасида бир давлатга оид ҳудуднинг иккинчи давлатга ўтиши¸ кун тартибига қатор саволларни чиқарди. Бу саволлардан бири ҳарбий куч паноҳида ўтган референдумнинг легитимлиги масаласи бўлса¸ иккинчиси Россиянинг СССРни қайтариш орзусидир. Тақдир тақозоси билан Россиянинг Қримни аннексия қилиш қарори СССРни сақлаб қолиш учун 23 йил аввал ўтказилган референдум билан айни кунга тўғри келди.

Россиянинг Қримни аннексия қилгани ортидан Кремль СССРни қайта тикламоқчи деган хавотирлар пайдо бўлди.

Бу хавотирлар МО хусусан Ўзбекистон каби фуқаровий жамият ва демократик институтлар ривожланмаган мамлакатлар мустақиллигини савол остига қўймоқда.

Кремлнинг МДҲга нисбатан агрессив ташқи сиëсатининг оқибатида Ўзбекистон ўз мустақиллигини йўқотадими ?

Бу саволга Озодликнинг Қурултой эшиттиришида қатнашган Москвадаги Болқон¸ Кавказ ва МО тадқиқотлар маркази директори Артем Улунян “афсуски шундай” деб жавоб берди.

- Бу энди реаллик. Чунки Кремль учун МОдаги давлатларга ҳусусан Ўзбекистонга таъсир қилиш фурсати келди. Ўзбекистон бундай таъсирга берилувчан давлат сифатида кўрилади, дейди Улунян.

Суҳбатдошга кўра¸ Путин Россияси СССРни "реанимация" қилиш ҳаракатини бошлаган:

- Воқеалар ривожидан ҳулоса чиқарсак¸ 1991 йили ўз мавжудлигини йўқотган давлат яъни СССРни реанимация қилиш бошланди. Шак-шубҳасиз¸ турли восита ва усуллар билан узоқ бўлмаган истиқболда Марказий Осиëга нисбатан бундай ҳуруж амалга оширилади. Марказий Осиëни СССР бағрига қайтариш иккинчи навбатда амалга оширилади. Биринчи навбат эса ғарбий йўналишда бўлади. Яъни Украина. Беларус ва Молдова, дейди Улунян.

Артем Улунян Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонни СССРга қайтариш механизми ҳақида ҳам гапирди:

- Механизм оддий. Бу мамлакатдаги тарихий ривожланиш мантиғи бўхронга бориб етади. Тепани алмаштириш уринишлари ташқи факторга асосланади. Бу аснода Ўзбекистон бошқарувида¸ ўзаро алоқалар ва бизнес тизимларидаги россияпараст кучларнинг олд планга чиқарилиши таъминланади. Иккинчи аспект эса аксар аҳолининг ижтимоий норозилиги билан боғлиқ. Халқнинг норозилиги бу холатда таянч ўлароқ фойдаланилади. Учинчи фактор эса¸ харбий аралашувни тақозо қиладиган қандайдир низо бўлиши мумкин¸ дейди Артем Улунян Озодликнинг Қурултой эшиттиришида.

Қрим аннексияси СССРни қайтариш йўлидаги илк қадам

Ўтган якшанба куни Қрим ярим оролида рус ҳарбийлари паноҳида ўтган референдумда қримлик сайловчиларнинг 96,8 фоизи Украинадан ажралиб чиқиб, Россия таркибига кириш учун овоз бергани маълум қилинди.

Бу референдум Украина ҳукумати ва Ғарб давлатлари томонидан ноқонуний, дея рад қилинди.

Шунингдек, Қрим татарлари етакчилари референдумни бойкот қилди.

Ўзбекистондан тарихий ватанига кўчиб келган Давронбек Озодлик билан суҳбатда референдум очиқдан-очиқ сохталаштирилганига ўзи гувоҳ бўлганини айтди.

Давронбек назарида референдум халқ иродасини ифодаламаган.

17 март куни Путин “Қрим Республикасини тан олиш тўғрисида”ги фармонни имзолар экан¸ собиқ совет ҳудудларидаги россияпарастларга "СССРни қайта тузамиз" деган ишорат берди.

Тақдир тақозоси билан бундан 23 йил бурун 1991 йилнинг айнан 17 мартида СССРни сақлаб қолиш бўйича референдум ўтказилган эди.

СССР Марказий сайлов комиссияси эълон қилган референдум натижаларига кўра¸ сайловда қатнашганларнинг 76,4% фоизи Совет Иттифоқи сақланиб қолиниши учун овоз берган.

Олтита иттифоқдош республика (Литва, Эстония, Латвия, Грузия, Молдавия, Арманистон) бу референдумда қатнашмади.

Бу республикалар ўз парламентлари тарафидан мустақиллик баëнномаси эълон қилганини сабаб қилиб бу референдумни бойкот қилишди.

Бу референдумдан бир йил олдин Ўзбекистон парламенти депутатлари давлат мустақиллиги декларациясини қабул қилган эди.

Шунга қарамасдан ўша пайтда Ўзбекистон Компартияси биринчи котиби Ислом Каримов бу референдумни ўтказишнинг фаол ташаббускори бўлди.

1991 йилнинг 17 мартида Ўзбекистон ССРнинг референдумда қатнашган фуқароларидан 93,7 фоизи " СССР қолсин"¸ деб овоз берди.

Референдумда энг кўп овоз беришда ўзбекистонликлар фақат Туркманистондан орқада қолишди¸ холос.

Ўшанда Туркманистон ССР фуқаролари 97,9 фоиз овоз бериб¸ СССР тарафдорлиги бўйича рекорд қўйишди.

1991 йил баҳорида бўлган референдумни бойкот қилиш борасида Ўзбекистон Эрк демократик партияси қатор тадбир ўтказган эди.

Референдум арафасида Эрк партиясининг Хоразмдаги фаоли¸ математика ўқитувчиси Гулнора Қўшбоевани СССРга қарши тарғибот юритди¸ деб қамаб қўйишган эди.

Қўшбоева автобус вокзалида Ўзбекистон мустақил бўлиши кераклиги ëзилган Эрк партияси варақаларини тарқатаëтганида қўлга олинди.

Аммо орадан тўрт ой ўтиб Совет Иттифоқи қулади. Ўзбекистон парламенти 1991 йил 31 августда мамлакат мустақиллигини эълон қилди. Раҳбарият СССРдан ажралиш масаласини яна референдум воситасида аниқлашга эҳтиëж сезди.

1991 йил декабрида ўтказилган президент сайловига илова сифатида референдум ҳам ўтказилди. "Сиз Ўзбекистоннинг СССРдан ажралиб мустақил бўлишини истайсизми?" деган савол қўйилди. Орадан бор-йўғи 9 ой ўтиб энди ўзбекистонликларнинг 97 фоизи СССРга қарши овоз беришди.

Хоразмда Қўшбоевани "СССРга қарши" деб қамаган милиция мулозими ўша куни СССР тарафдорлари бош кўтармасин¸ деб туни билан постда турган эди.

Орадан 23 йил ўтиб Ўзбекистон фуқаролари орасида СССРни соғинадиганлар кўпайгани сезилади.

Бунинг баробарида Ўзбекистон Россия матбуоти таъсирида қолмоқда. Тошкентдаги Россия элчихонаси эса СССР соғиниш туйғусини парваришлайдиган тадбирларни кўпайтирмоқда.

Бундай ҳолат " ўзбекистонликлар зеҳнияти янги референдум учун Кремль тарафидан чархланмаяптими? деган саволни пайдо қилди.

XS
SM
MD
LG