Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:10

Тошкент ҳали ҳам Украинанинг ҳудудий яхлитлиги тарафдори


Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги биноси.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги биноси.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Украинадаги вазият ва Қрим масаласи юзасидан расмий Тошкент позициясини акс эттирган баёнот тарқатди.


Дипломатик назокат билан битилган ва 24 март оқшомида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида ёйинланган мазкур баёнотда “Ўзбекистон Республикасининг БМТ Низоми асосий тамойиллари ва халқаро ҳуқуқий меъёрлардан келиб чиққан ҳолда “юзага келадиган халқаро баҳсларни тинч воситалар билан ҳал этиш, халқаро муносабатларда ҳар қандай давлатнинг ҳудудий дахлсизлигига ёхуд сиёсий мустақиллигига қарши куч билан таҳдид қилиш ёки уни қўллашдан тийилиш” борасидаги позицияси қатъий ва ўзгармасдир”, дейилади.

Бундан Тошкентнинг, йўқ деганда, Россия томонидан Қримнинг аннексия қилинишини ёқламагани англашилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида шу йилнинг 16 март куни Қримда ўтказилган референдум натижаларига нисбатан очиқ муносабат билдирилмаган.

Айни пайтда “украин ва рус халқларининг асрий яқинлигидан, маънавий ва маданий қадриятларининг, улар ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг тарихан шаклланган муштараклиги”ни қайд этган ўзбек дипломатлари юзага келган муаммоларни “ўзаро мақбул муросали ҳал этиш чорасини топишнинг ягона тўғри йўли бевосита икки томонлама музокаралар олиб бориш” эканини урғулаганлар.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг кечаги баёнотида “Ўзбекистоннинг Украинадаги воқеалар юзасидан “Жаҳон” ахборот агентлигининг 2014 йил 4 мартдаги баёнотида ифода этилган муносабати ўзгармасдан қолиши” қайд этилган.

Тошкентнинг Украина ҳудудий дахлсизлигига оид баёноти унинг минтақадаги қўшнилари, хусусан, Қрим можароси бўйича биринчи бўлиб муносабат билдирган Қозоғистон позициясига у қадар уйғун эмас.

18 март куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Астана Қримда ўтказилган референдумни мухтор республика аҳолисининг эркин иродаси изҳори деб билиши ҳамда мавжуд шарт-шароит қабатида Россия Федерацияси қарорига тушуниш билан муносабатда бўлиши билдирилган баёнот ёйинлаганди.

“Қрим мухтор республикасида 2014 йил, 16 мартда ўтказилган референдум муносабати билан Қозоғистон ўзининг БМТ Низомига биноан халқаро ҳуқуқнинг фундаментал принципларига содиқ эканлигини яна бир бор таъкидлаб ўтади”, дейилганди Астана баёнотида.

Бу баёнотдан бир ҳафта муқаддам Астана Украинанинг яхлитлиги тарафдори эканлиги тўғрисида баёнот берган эди.

Ўтган ҳафта Қирғизистон ҳукумати ҳам Қримда Россияга қўшилиш бўйича ўтказилган баҳсли референдумнинг легитим эканини тан олганди.

Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда айтилишича, “Қримда 16 март куни ўтган референдум натижалари автоном республика аҳолисининг мутлақ кўпчилиги истагини ифодалайди”.

Баёнотда Украинадаги бугунги бўҳронга “мамлакат собиқ раҳбариятининг яхши ўйланмаган ҳаракатлари ва коррупциялашгани” сабаб бўлгани ҳам урғуланган.

Бўҳрон тинчлик йўли билан халқаро қонунлар доирасида ҳал қилиниши кераклигини таъкидлаган Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги халқаро ҳамкорларни “икки хил стандартлар”ни қўлламасликка чақирган.

Тожикистон расмийлари ҳозирча Қримнинг Россияга қўшиб олиниши юзасидан сукут сақламоқда. Халқаро баҳсли масалаларда одатда бетарафлик позициясини эгаллаб туришни маъқул кўрувчи Туркманистоннинг ҳам мазкур аннексия борасидаги мавқеи аниқ эмас.

Эслатиб ўтамиз, 16 март куни Қримда ўтган референдумда қримлик сайловчиларнинг 96 фоиздан кўпроғи Украинадан ажралиб чиқиб, Россия таркибига кириш учун овоз бергани очиқланганди. Бир неча кун ўтиб эса Москва мазкур аннексияни расмийлаштирган.

Қримда ўтган референдум Украина ҳукумати ва ғарб давлатлари томонидан ноқонуний, дея рад қилинган. Шунингдек, яриморол туб аҳолиси бўлмиш Қрим татарлари етакчилари референдумни бойкот қилган.
XS
SM
MD
LG